Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:28

Каримовнинг яширилган ўлим хроникаси


Uzbekistan - Portrait of Islam Karimov at the wall of the museum Aksak Temir. Tashkent, 25Aug2012.
Uzbekistan - Portrait of Islam Karimov at the wall of the museum Aksak Temir. Tashkent, 25Aug2012.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримовнинг касаллиги ва ўлими борасида тиббий хулосани эълон қилинди. Тиббий хулосалар сир сақланган муддат давомида бир қатор оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб хабарлар тарқатди. Ниҳоят оммага тақдим этилган касаллик ва ўлим тафсилотлари кўплаб саволларга ойдинлик киритдими? Бу савол жавоби сизга ҳавола.

Расмий хабарга кўра, Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.15 да ўлган.

Аммо Ўзбекистон президенти ўлганлигини Ўзбекистон ташқарисидаги учта интернет нашри ва камида битта журналист 29 август куни эълон қилган эди.

Аввалига Ўзбекистон халқ ҳаракати нашри 29 август куни Прага вақти билан соат 15 дан 50 минут ўтганда ўлим хабарини берди.

Eltuz.com нашри соат 18 да, Fergananews.com эса 21дан 49 дақиқа ўтганда Каримов ўлганлигини ëзди. Бу номувофиқлик 2 сентябр куни ҳам давом этди.

Рейтер агентлиги 2 сентябр куни эрталаб соат 10 да Каримовнинг ўлими ҳақида маълумот тарқатди. Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим эса Каримов вафоти муносабати билан соат 12 да таъзия билдирди. Расмий маълумот билан бошқа маълумотлар орасидаги тафовут эса шубҳа уйғотади.

Айни пайтда журналистларнинг "27 август куни Каримов касал бўлди" деган хабари расмий маълумотга мос тушди.

Расмий маълумотга кўра, 78 яшар бемор И.А.Каримов 27 август куни эрталаб соат 09.00 да ҳушсиз ҳолатда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник шифохонасига олиб келинган.

Журналистларнинг Каримов инсульт бўлгани ҳақидаги хабари бир муддат ўтиб Каримовнинг қизи тарафидан тасдиқланган бўлса, 2 сентябрга келиб ҳукумат комиссияси тарафидан ҳам тасдиқланди.

Ҳукумат комиссияси хулосасига кўра, Ислом Каримовда “бош мия қон айланиши ўткир бузилиши субарахноидал қон қуйилиш асорати билан (инсульт) аниқланган”.

"Артериал қон босими 250/120 мм. симоб устунига тенг. Беморда юрак фаолиятининг тўхташи кузатилди. 20 дақиқа давомида олиб борилган реанимацион муолажалар натижасида юрак фаолиятини тиклашга эришилди. Бемор мия ўзаги фаолияти бузилиши оқибатида атоник кома ҳолатига тушди ва сунъий нафас олиш аппаратига ўтказилди."

Президент 27 август куни III тоифадаги атоник комага тушган бўлса, унинг байрам табриги халққа 1 сентябр куни Давлат телевидениеси орқали ўқиб эштирилди.

Комага тушган одам табрикни нафақат ёзиши балки ўқиши ҳам мумкин эмаслигини инобатга олсак, бу табрикни президент аввалдан ёзган ёки ҳеч қачон кўрмаган деган тахминларни қилиш мумин.

Fergananews.com нашри Каримовни қараш учун Россиядан Лия Бокерия Тошкентга борганлигини ëзди. Бокерия эса буни рад қилиб чиқди. Бу жумбоққа ҳам ҳукумат комиссияси хулосасида жавоб бор.

Расмий хулосада “А.Н.Бакулев номидаги Юрак-томир хирургияси илмий маркази директори, академик Л.Бокерия” Тошкентга келгани таъкидланади. Бу Россия матбуотидаги хабарларга мос келди.

Шунингдек, бемор “Н.Н.Бурденко номидаги нейрохирургия илмий маркази директори, академик А.А.Потапов (Россия), Ганновер халқаро нейрохирургия институтининг вице-президенти ва ижрочи директори, профессор Амир Сами (Германия), Кардиоторакал марказ директори, профессор Жилли Дрейфус (Монако), Хейдельберг университети клиникасининг кардиология бўлими раҳбари, профессор Хьюго Катус (Германия), Хельсинки университети Марказий госпиталининг нейрохирургия бўлими профессори Юка Хернисниеми (Финляндия) томонидан” тиббий кўрикдан ўтказилгани ҳақида ҳам маълумот берилади.

Хулосада марҳум Каримовнинг ҳаëти тугагани босқичма-босқич таҳлил қилинади:

“Беморнинг неврологик ҳолати аввал бошдан атоник кома сифатида қайд этилди. Неврологик статусда диффуз мушак атонияси, арефлексия кузатилди. Беморга уч маротаба динамик электроэнцефалографик текширув ўтказилиб, унда бош миянинг ўтказилган интенсив терапия жараёнида беморнинг ички аъзолари (қон томир, нафас олиш, қон ивиш тизимлари, буйрак ва жигар) фаолиятининг аста-секин бузилиши – полиорган етишмовчилиги кузатилди.”

Хулосага кўра, 2016 йил 2 сентябрь куни соат 20.15 да юрак фаолияти тўхтаган, 20.55 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди.

Тиббий xулоса остига Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов доxил етти шифокор имзо чеккан.

XS
SM
MD
LG