Ўзбекистондаги аксар йирик шаҳарлар ва туманлар марказларида марҳум президент Ислом Каримов руҳига дуои фотиҳа ўқилмоқда.
Шу жумладан, марҳум президент иш жойи - Оқсарой эшиклари ҳам пойтахтликлар ва меҳмонлар учун очилди.
Каримов билан видолашув маросими ўтаётган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида фахрли қоровул саф тортди.
Ўзбекистондаги давлат идоралари, вазирликлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари Сенат биноси ичкарисида ўрнатилган Каримов портрети остига гулчамбарлар қўймоқда.
Ўхшаш тадбирлар йирик шаҳарларда марказий майдонларида ҳам ўтказилмоқда.
Мамлакат бўйлаб концертлар ва кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.
Самарқандда кўплаб одамлар марҳум Каримов қабрини зиëрат қилишга келишмоқда.
Озодлик мобиль мухбирига кўра, спорт мусобақалари ҳам қолдирилган.
Барча давлат телевидениеларида асосан классик куйлар намойиш қилинмоқда.
"Одамларда бир маъюслик, ғамгинлик руҳияти бор, - деди Озодлик билан суҳбатда мустақил журналист Бобомурод Абдулла. - Одамлар юзида шоду хуррамликни кўрмайсиз."
У пойтахт масжидларида пешин намозидан кейин марҳум президент ҳаққига дуо қилинганини айтди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги барча ошхона ва кафеларни соат кечки 18дан кейин беркитиб қўйишни буюргани хабар қилинади.
2 сентябрь куни инсульт натижасида ҳаётдан кўз юмган Каримов 3 сентябрда ўзи туғилиб вояга етган Самарқанд шаҳрида Хўжаи Хизр масжиди ёнида шошилинч тарзда қурилган мақбарага дафн этилди.
78 ёшида вафот этган Ислом Каримов жаноза маросимига дунёнинг 17 давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари келди.
Душанба куни тушликда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ислом Каримов хотираси учун ош бериши кутилмоқда.
Озодлик мобил мухбирининг айтишича, маросимга маҳаллалар оқсоқоллари, давлат корхоналари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари таклиф қилинган.
Ўзбекистон бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилинган.