Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:06

Юлдуз Усмонованинг иддаоларига Муҳаммад Солиҳ жавоб берди


Юлдуз Усмонова ва Муҳаммад Солиҳ
Юлдуз Усмонова ва Муҳаммад Солиҳ

Таниқли хонанда, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон парламентининг экс-депутати Юлдуз Усмонова “азиз юртдошлари, узоқ-яқинлари ва халқига” қилган видеомурожаатида мухолифатчиларни халқ учун эмас, кресло учун курашаётганликда айблади.

Президент Каримовнинг вафотидан сўнг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видемурожаатида Юлдуз Усмонова мухолифатчиларни айблар экан, конкрет исм келтирмаган, лекин видеомурожаатдаги баъзи баёнотлар гап қувғиндаги “Эрк” демократик партияси лидери, Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси, шоир Муҳаммад Солиҳ ҳақида бормоқда, деб ўйлашга асос беради.

Юлдуз Усмонованинг видеомурожаатидан пайдо бўлган баъзи саволларга Муҳаммад Солиҳ жавоб берди.

Юлдуз Усмонова: Юртбоши ўлгани билан у киши қурган Система ўлгани йўқ

Номаълум тикувчилик фабрикасининг тайёр маҳсулотлари фонида ёзилган видеомурожаат бошида хонанда президентнинг вафотидан чуқур таассуфда эканини эътироф этар экан, марҳумга Оллоҳдан раҳмат тилайди.

Фикрини давом эттириб, Усмонова “Юртбоши ўлгани билан қурилган Система ўлган йўқ. Ҳаёт давом. Йиғлайдиган иш ташлаб кетганлари йўқ ўзидан кейин. Яшанглар болаларим, деган”, дейди.

Юлдуз Усмонованинг айтганларидан қўшиқлари учун уни қандайдир мухолифатчилар айблагани тушунилади ва айтишича, президент тўғрисида куйлар экан, халқнинг дилидагини изҳор қилгани президент дафн этган этилган кунда ўз исботини топди.

Видеомурожаат, умуман, Юлдуз Усмонованинг мухолифатчилар билан қандайдир ечимини тополмаётган муаммоси тўғрисида, деган таассурот қолдиради.

“Мен шунча йилдан бери келаётган мухолифатчиларга мурожаат қилмоқчиманки, сизларнинг яшавор дейишларингга зор эмасман ёки сизларнинг қарсагингизга қараб қолган жойим йўқ”, дейди Усмонова.

Конкрет исмларни келтирмаган ҳолда мухолифатчиларга қарата Усмонова яна бундай дейди:

“Сизлар халқ учунми, ё мана бу (ўзи ўтирган креслони урар экан) кресло учунми, ё пул учунми? Нимани севасизлар? Бу жуда катта савол!”

Юлдуз Усмонованинг айтишича, мухолифатчилар нимани истаётганини ўзлари билмайди, уларда ғоя йўқ, улар халқнинг тинчлигини ўйламаяпти.

Хонанда исмларини конкрет айтмаётгани мухолифатчиларни мана бундай огоҳлантирган:

“Агарки мана шу юртга гап отадиган бўлсанглар, мана шу юртга бир нарса бўладиган бўлиб, бир нарса қиладиган бўлсанглар қаршингларда мени кўрасизлар. Мумкин, мени саҳнада кўр... Керак бўлса саҳна ҳам очилади”.

Видеомурожаати давомида Юлдуз Усмонова мухолифатчилардан ташқари ўз ҳамкасбларига, ўзбек халқига ҳамда ўзбек ёшларига мурожаат қилади, халқни бир бўлишга, ҳар-хил зарарли чақириқларга қулоқ солмасликка чақиради.

Усмонованинг видеомурожаати унинг тикувчилик цехида дам бичув столи ёнида, дам тикув машинаси ортида ишлаётгани акс этган кадрлар билан бойитилган. Цехнинг кимники эканлиги тўғрисида айтилмайди. Лекин Усмонованинг гапларидан цех унинг ўзиники эканлиги тушунилади.

Видеомурожаат пайдо қилган саволларни Юлдуз Усмоновага беришнинг имкони бўлмади. Турмуш ўртоғи Мансурнинг Озодликка билдиришича, Юлдуз Усмонованинг шу кунда соғлиғи ёмон ва у тиббий муолажа олмоқда.

Юлдуз Усмонова конкрет исмларни тилга олмаган ҳолда мухолифатчилар ҳақида гапираркан, нутқининг бир жойида кимни ё кимларни назарда тутаётганини тахмин қилиш мумкин:

“Туркияда яшаганимда эшигимнинг тагига хат ҳам ташлаб кетдинглар, ҳар бало кўтимдан қувлаб юрдинглар биз тараф, биз тараф (бўл деб). Мен халқ тараф, хақ тарафман. Мен ҳеч кимнинг қўлида қурол бўлиб, бир тараф бўлмаганман”, дейди хонанда.

Усмонованинг мана шу сўзлари туфайли Озодлик Туркияда яшаётган ўзбек мухолифатчиларининг энг таниқлиси, қувғиндаги “Эрк” демократик партияси лидери, Ўзбекистон халқ ҳаракати раиси, шоир Муҳаммад Солиҳ билан боғланди.

Муҳаммад Солиҳ: Юлдуз Усмонова деган қўшиқчи борлигини биламан...

Қувғиндаги “Эрк” демократик партияси лидери Юлдуз Усмонованинг мухлиси эмаслигини, у билан шахсан таниш эмаслигини, Усмонова тарқатган видеомурожаат тўғрисида эшитгани, уни шахсан ўзи кўрмаганини билдирди.

Мурожаатнома мазмунини Озодлик мухбиридан эшитгач, Усмонованинг иддаоларини кескин рад этар экан, Муҳаммад Солиҳ бундай деди:

“Юлдуз Усмонованинг бизнинг тарафдор бўлиш шарафига ноил бўлишга интилмадик ва буни биз учун шараф, деб билмайман. Чунки Юлдуз Усмонова Андижонни қатл қилган бир режимнинг маддоҳи сифатида машҳур бўлган ва биз ҳеч қачон маддоҳларнинг тарафдоримиз бўлишига интилмаганмиз”.

Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, мухолифатчилар Ислом Каримов вафот этганидан буён ҳеч қандай фаолият кўрсатгани йўқ.

“Биз ҳозирча Вақтли ҳукуматнинг очиқламасини, баёнотларини кутяпмиз. Шу баёнотларга қараб ҳаракат қиламиз”, деди мухолифатчи.

Муҳаммад Солиҳнинг айтганларини тингланг:

Муҳаммад Солиҳнинг айтганлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG