Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:04

Мирзиёевнинг муваққат президентга айлангани тармоқларда баҳсларни уйғотди


Ўзбекистонда бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинлагани ижтимоий тармоқларда қарама-қарши муносабатларни уйғотган. Айрим ўзбекистонликлар ушбу қарорни Конституцияга қарши дея баҳолаб, бу юзадан Конституция судига арз қилиш зарурлиги ҳақида гапирмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги айрим гуруҳлар Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиëев конституцияга зид тарзда муваққат президент этиб тайинланди, дея Ўзбекистон Конституция судига арз қилиш акциясини бошлаб юборди.

Facebook тармоғида ташкил этилган “Конституция бузилди, судга шикоят қилинг” номли гуруҳи фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, акциядан мақсад Ўзбекистон конституциясининг 96-маддаси бузилиши ҳолатига Ўзбекистон Конституциявий суди эътиборини қаратиш ва бу холат юзасидан Конституциявий суд ҳукмини чиқаришга эришишдир.

- Кеча Мирзиёев антиконституцион тарзда президентликни қўлига олди. Бу ерда Конституциянинг 96-моддаси бузилди. Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасига биноан, марҳум президентнинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига ўтиши керак эди. Ушбу ҳолат юзасидан Конституциявий суд ўз ҳукмини чиқариши шарт, - дейди Facebook фойдаланувчиси.

Facebook тармоғида ташкил этилган яна бир гуруҳ - “Президентлик сайлови 2016” аъзолари ҳам худди шундай талаб билан чиқди.

“Ўзбекистон келажаги биз ёшлар эканлигимизни билдирайлик. Буюк келажакка етишишнинг энг биринчи тамойили ўзимиз ёзган қонунларга амал қилиш кераклигини депутатларимизга эслатайлик,” дейилади “Президентлик сайлови 2016” гуруҳи мурожаатида.

8 сентябрда Ўзбекистон парламентининг икки палатаси аъзолари йиғинида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечиб, бу вазифага бош вазир Шавкат Мирзиёевни таклиф этганди.

Ижтимоий тармоқ фаоллари Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевни хиёнатда айбламоқда.

Ҳуқуқ фаоли Дилобар Эркинзода ўз саҳифасида "бугун Ўзбекистон конституциясини ҳам дафн қилишди", деб ёзган бўлса тармоқнинг Аббос Асад исмли фойдаланувчиси "Декабрда мени Конституция куни билан табрикламанглар", дея изоҳ қолдирди.

Руҳшунослик фанлари номзоди ва журналист Маҳмуд Йўлдошев Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президент этиб тайинланиши Конституцияга зид экани ва Конституциявий суд бу юзадан ўз ҳукмини чиқариши шартлиги ҳақида ёзди.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толипов ўзининг Facebook саҳифасида қонун чиқарувчиларнинг ўзлари ёзган қонунни топтаётаяпти, дея изоҳ қолдирди.​

Озодлик мазкур шикоятлар ва эътирозлар юзасидан Ўзбекистон Конституциявий судига боғланди.

Суд мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда эътироз ва шикоятлар фақат ёзма равишда киритилиши ва бу шикоятлар беш иш кунида кўриб чиқилишини айтди.

Ижтимоий тармоқларда жаноб Мирзиёевнинг муваққат президент этиб тайнинланишини олқишловчи шарҳлар ҳам ёзилмоқда.

Асосан Ўзбекистон ичкарисидаги фойдаланувчилар томонидан ёзилаётган бу шарҳларда "муҳими тинчлик экани, ҳокимият эса тажрибасиз Ниғматилла Йўлдошевдан кўра, марҳум юртбошининг шогирди Шавкат Мирзиёев қўлига ўтгани маъқул", деган гаплар айтилмоқда.

Бошқа ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳам бу янгиликка бефарқ оҳангдаги "Мирзиёевнинг президент бўлиши аввалдан маълум эди", қабилидаги кўплаб шарҳлар қолдирилган.

XS
SM
MD
LG