Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Говорит Москва: "АҚШ Ўзбекистонга таҳдид қилмоқда"


Президент Каримов вафоти ортидан Ўзбекистонда ҳокимиятнинг янги қўлга ўтгани Россия истеблишментида Ўзбекистонга нисбатан баёнотларнинг янгича риторикада янграшига сабаб бўлди. Озодлик радиоси ўзининг янги "ГОВОРИТ МОСКВА" рукнида бу баёнотларни савол остига олади.

Россияда мавжуд сон-саноқсиз "стратегик тадқиқотлар" экспертлари ва сиёсатчилари томонидан тарқатилаётган мулоҳазалардан бири – Ўзбекистонда ўтиш даврида АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг ички сиёсатга аралашуви кучайиши ҳамда "мамлакатни қайта тақсимлашга уринишлар" авж олиши тўғрисида хабарларга тўхталамиз.

"Ўзбекистонга ташқи таҳдидлар кучайди"

Рус сиёсатчилари ва таҳлилчиларининг аксари илгари сураётган умумий фикр: Ислом Каримов ўлими ва ҳокимият бошқаруви бошқаларга ўтиши ортидан мамлакатга айниқса АҚШнинг босими кучайиб боради.

Бу қараш Россиядаги деярли ҳар бир нашр, радио ва телеканалда овоза қилинди.

- Ўзбекистонда беқарорлашиш керак бўлмаган иккита мамлакат бор – бу Россия ва Хитой. Парокандалик Россия учун оғир иқтисодий талафотларга олиб келади. Биз аллақачон 2 миллион мигрантни қабул қилдик – эндиликда 4 миллион бўлиши мумкин. Ўзбекистондаги беқарорликдан Хитой зарар кўради. Беқарорликдан ҳеч нарса йўқотмайдиган ягона давлат – АҚШ. Аксинча, улар Москва ва Пекиннинг кучсизланишидан фойда олиши мумкин, деди Игорь Шишкин Ўзбекистон масаласи муҳокама қилинган 1-каналнинг "Время покажет" дастурида.

Ўзбекистон тақдири. Вақт кўрсатади кўрсатувидан парча
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:58 0:00

(Россия 1-каналнинг "Время покажет" дастуридан лавҳа)

Рус оммавий ахборот воситаларида чиқаётган мутахассисларнинг аксари Ўзбекистонда ҳокимият учун курашдан АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари фойдаланиб қолиши мумкинлигидан бонг уради.

Москвадаги "Миллий стратегия муаммолари" журнали бош муҳаррири Аждар Қуртов "РИА Новости" томонидан махсус ташкиллаштирилган "Каримовдан кейин Ўзбекистон: сиёсий таҳдидлар ва келгуси тараққиёт" матбуот анжуманида АҚШ Ўзбекистонда "иккинчи Андижон-2005" режасини амалга ошириши мумкинлигини гапиради.

Таҳлилчи Аждар Қуртов
Таҳлилчи Аждар Қуртов

- Америкаликларга ҳар қайси минтақа, айниқса Марказий Осиё зарур. Марказий Осиё Россияга чегарадош минтақа, америкаликларнинг асосий мақсади эса Россия чегараси бўйлаб муаммолар яратишга қаратилган. Улар бу режадан воз кечмаганлар. Масалан, Андижон воқеалари тергови америкаликларнинг бу воқеаларга бевосита алоқадорлигини исботлади, деди Аждар Қуртов.

Аждар Қуртов таҳдидлар тўғрисида "Говорит Москва" эфирида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:11 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда, эксперт Қуртов Ислом Каримов бошқариб келган ҳукумат йиллар давомида "Андижон қирғини" масаласида халқаро ташкилотлар ва Ғарб мамлакатлари, жумладан АҚШнинг мустақил ва объектив тергов-суриштирув ишларини олиб бориш таклифини рад этиб келаётганини ёдга олмади.

Ижтимоий тармоқларда ҳам бундай таҳдидларга оид фикр-мулоҳазалар сони кўпайиб бораётганини кўриш мумкин.

Бошқа кремлпараст экспертлар эса Ўзбекистонда бошқа давлатлар фаолияти кучайиши Россия манфаатларига зид келишини овоза қилмоқда.

- У ерда Россия, АҚШ ва Хитойдан ташқари японлар, жанубий кореяликлардан турли соҳаларда фаолият юритиб келган. Бизнинг у ердаги таъсиримиз сусайиб бораётгани аниқ, деди сиёсатчи, Думанинг Хавфсизлик масалалари бўйича қўмита собиқ аъзоси Семен Багдасаров.

МДҲ мамлакатлари институти директори муовини Владимир Евсеев эса Россия бундай вазиятдан устамонлик билан фойдаланиши зарурлигини уқтирмоқда. "Вести" дастурларидан бирида қилган чиқишида у ўзбек ҳукумати ва Россияни ўтган 25 йил давомида "мустаҳкам ҳарбий алоқалар" ушлаб турганини билдириб, дейди:

- Ўзбекистон ШҲТ ва КҲШТ ташкилотлари таркибида ундан кутилмаган ҳаракатларга кўп маротаба йўл қўйди. Ҳозирда АҚШнинг Марказий Осиёдаги алоқалари сусайиши кузатилмоқда. Бундай вазиятда Россия ва Хитойнинг позицияси мустаҳкамланиб боради, деди Владимир Евсеев.

Россиялик сиёсатчилар нафақат АҚШ ва Ғарб давлатлари, балки 90-йилларда, маълум сабабларга кўра, ўз ўрнини йўқотиб қўйган Туркия ҳам Ўзбекистон сиёсий саҳнасига қайтишга уриниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

“Муаммони ичкарида қидиринг”

Бу мулоҳазаларда қанчалар асос борлигини аниқлаш мақсадида Озодлик мустақил ҳарбий таҳлилчиларга юзланди.

Ҳарбий таҳлилчи, журналист Аркадий Бабченко бундай гапларни фақат истеҳзо билан қабул қилиш зарурлигини айтади:

Ҳарбий таҳлилчи А.Бабченко
Ҳарбий таҳлилчи А.Бабченко

- Буюк доҳий, буюк Ислом Каримов нариги дунёга кетиши ортидан Америка, сўзсиз, у ерга танк дивизияларини киритади, саноқсиз жосусларни жўнатади, заҳарланган сақичларни юборади ва, энг асосийси, у ерга атом бомба ташлаши мумкин. Ҳазилсиз гапирадиган бўлсам, мен собиқ ҳарбий сифатида бундай алаҳсирашларни изоҳлаш зарур эмас, деб ўйлайман. Сиз “америкаликлар, Каримов йўқлигидан фойдаланиб, Ўзбекистонга ҳужум қилади,” деган ибора ичида менга мантиқни топиб беринг, деди Аркадий Бабченко.

Яна бир россиялик мустақил ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр рус сиёсий майдонида кўтарилган бу масалага фикр билдириб, уни "сафсата", деб атади.

Унинг ишонишича, Ўзбекистон учун таҳдидларни бошқа жойдан қидириш керак.

- Беқарорлик албатта юзага келиши мумкин, аммо унга америкаликларнинг мутлақо алоқаси йўқ. Туркия эса ўз муаммолари билан банд - Ўзбекистонга вақти йўқ. Исломий ҳаракатлардан, масалан "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"дан таҳдидларни кутса бўлади. АҚШ таҳдиди ҳақида ҳатто гапиришнинг ҳожати йўқ – бу сафсата. Энг катта таҳдидларни мамлакат ичкарисидан қидириш лозим, дея хулоса қилди Павел Фельгенгауэр.

Айни пайтда, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг ҳам Россия билан алоқаларни кучайтириш, ҳам АҚШ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириши тўғрисида баёнотлари янгради.

Ҳукумат раҳбари, шунингдек, қўшни давлатлар – Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонга нисбатан ҳам “очиқ, хайрихоҳ ва прагматик сиёсат” олиб боришини билдирди.

XS
SM
MD
LG