Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Қирғиз-ўзбек чегарасининг берк қолаётгани Сўх эксклавидаги ҳаётни фалажлаб қўйди


70 минг аҳолиси бўлган Cўх тумани Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган
70 минг аҳолиси бўлган Cўх тумани Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан Қирғизистоннинг Боткен вилоятига ўтиш нуқталари бутунлай беркилгани Ўзбекистоннинг Сўх эксклавидаги аҳоли ҳаётини фалажлаб қўйди. Бу ҳақда Озодликка сўзлаб берган сўхликларга кўра, охирги уч ҳафта ичида аҳолиси 70 мингдан зиёд бўлган туманда кундалик озиқ-овқатлар нархи қимматлашган, туман бозорларида мевалар етишмовчилиги кузатилмоқда.

Озодлик суҳбатлашган сўхликлар Қирғизистон орқали Ўзбекистон ҳудудига август ойи охиридан буён умуман ўта олмаётганликларидан шикоят қилишди.

Уларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган сўхликлар ҳам, ўз уйларига қайта олмай, сарсон бўлишмоқда.

Нарх-наво

Сўх туманида истиқомат қилувчи А.Б (исми Озодликка маълум) туман аҳолиси деярли бир ойдан буён Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ўта олмаётгани ва бу ҳолат нарх-наволарга таъсир кўрсатганини айтди.

"Оладиган нарсанинг ўзи йўқ. Битта беш литрлик ёғни 36 минг сўмга олардик. Ҳозир 45 мингдан 52 минг сўмгача олаяпмиз. Меваларни Фарғона шаҳридан олиб келишарди. Ҳозир йўллар берк бўлгани учун магазинларда, тўғриси, нарса қолгани йўқ," деди А.Б.

Сўхлик нафақадаги ўқитувчи Набижон Раҳматов туманга маҳсулот етиб келмаётганини айтди.

"Мана Ҳайит арафаси бозорга борсангиз истаган нарсангиз йўқ. Мева қолмаяпти. Кўпини Фарғона шаҳридан олиб келардик, энди эса йўқ. Бугун 43 минг сўмга 5 литрлик баклашкада ёғ олдим. Давлат нархида буни арзонга олардик, ҳозир келмаяпти," дейди Набижон Раҳматов.

Сарсон талабалар

Сўх тумани Чашма қишлоғида истиқомат қилувчи Камолиддин Азизовнинг айтишича, янги ўқув йили бошланганидан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтган эса-да, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳлари талабалари Ўзбекистон ҳудудига ўта олмаётирлар.

"Республикамизнинг Тошкент, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарларида юзлаб сўхлик талаба-ёшлар турли олий, умумтаълим ва ўрта-махсус коллежларида таълим оладилар. Бугунга келиб, чегара ёпиқ бўлгани учун улар Сўхдан чиқолмасдан турибдилар. Ҳамма ҳайрон. Ким нима қилишини билмасдан, сарсон-саргардон. Энг ачинарлиси шундаки, ҳеч ким, ҳеч нарсани билмайди. Эрта тонгдан кечгача одамлар бир-бирларига фақат битта савол билан мурожаат қилишади: йўл қачон очиларкан?" дейди Камолиддин Азизов.

Ҳажга айланма йўллар билан

Озодликка маълум бўлишича, 2 сентябрда Ҳаж зиёратига йўлга чиққан 13 нафар сўхлик чегаралар ёпиқ бўлгани учун айланма йўллар билан Ўзбекистон ҳудудига ўтишга мажбур бўлган.

Улардан бир нафари - 46 ёшли Абдусалом Назиров қирғиз чегарачилари томонидан қўлга олинган.

Яқинларининг Озодликка маълум қилишларича, қирғиз чегарачилари ҳозирда уни чегарадан ноқонуний ўтишга уринишда айбламоқда.

Аммо, Озодлик ҳодиса юзасидан қирғиз расмийларидан маълумот ололмади.

Ҳоким инкори

Сўх тумани ҳокими Таваккал Раҳимов Озодлик суҳбатлашган сўхликлар шикоятини "асоссиз", дея рад этди.

Унга кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларнинг беркитилгани Сўхликлар ҳаётига таъсир кўрсатгани йўқ.

Сўх ҳокими Таваккал Раҳимов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:29 0:00


"Ҳеч қанақа нарх-наво ошгани йўқ. Озиқ-овқатлар етарли, нормально," деди Сўх тумани ҳокими.

У ўзбек-қирғиз чегарасининг қачон очилиши унга маълум эмаслигини айтди.

"Чегара бизга боғлиқ эмас. Сизлар яхши биласизлар буни, - дея илова қилди Таваккал Раҳимов. - Халқ қийналгани йўқ, ҳаммаси яхши яшаяпти."

Чекловлар

22 августдан Ўзбекистон ҳукумати мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида қўшни давлатлар¸ хусусан¸ Қирғизистон билан ўзаро чегараларини бир томонлама ëпишга қарор қилди.

Бу қарорнинг хавфсизликни таъминлаш мақсадида олингани айтилди.

Қирғизистон Давлат чегара комитети матбуот хизмати раҳбари Сажира Чоколаева Озодлик билан суҳбатда 3 сентябрдан бошлаб Бишкек ҳукумати чегараларни номаълум муддатга ëпиб қўйганини маълум қилди.

Сажира Чоколоева чегараларнинг 22 августдан Тошкент қарори билан¸ 3 сентябрдан бошлаб¸ Бишкек қарори билан ëпилгани ва ўзбек-қирғиз ватандошлари учун ўзаро ўтиб-қайтишнинг қачон очилиши номаълум эканини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар¸ қирғиз томонининг 3 сентябрдан бошлаб чегаралардаги ўтиш-қайтишни тўхтатиб қўйганини икки ҳукумат ўртасидаги баҳсли ҳудуд - Унгартепага боғлашади.

XS
SM
MD
LG