Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:17

Пахта-2016: Андижонлик талаба пахта фронтининг илк қурбони бўлди


Андижон вилоятида мажбурий пахта теримига жалб этилган талаба ҳалок бўлди. Вилоят прокуратураси Андижон Давлат университетининг биология факультети 2-босқич талабаси Комилжон Азимовнинг 11 сентябрь кунги шубҳали ўлими юзасидан текширув бошлаган. Университет раҳбарияти Комилжон юрак хуружидан вафот этгани, гувоҳлар эса талабани курсдоши уриб, ўлдириб қўйганини айтишмоқда.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, 20 ёшли Комилжон Азимов 11 сентябрь куни кечқурун Андижон Давлат Университети талабалари пахта тераётган Улуғнор туманида вафот этган.

Гувоҳлар талабани курсдоши уриб ўлдириб қўйганини иддао қилишмоқда:

"Улуғнор туманида 12-отряд теримчилари учун ижарага олинган хонадонда у билан бирга яшаб келган 3- курс талабаси уни юрагига уриб, ўлдириб қўйган", деди исми сир қолишини истаган Комиолжоннинг курсдошларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бироқ Андижон Давлат Университети раҳбарияти талаба калтак зарбидан эмас, балки юрак хуружи оқибатида вафот этганини таъкидлашди:

"Жасади тиббий-экспертиза қилинди, юрак ҳуружидан вафот этди, деган хулоса чиқарилди", деди Озодлик боғланган Университет ректоратининг исми сир қолишини истаган ходими.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Комилжон Азимов ўлимида гумонланаётган Андижон Давлат Университетининг 3-босқич талабаси ҳибсга олинган ва Улуғнор тумани Ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.

Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари талабанинг ўлгани ва уни ўлимида гумонланиб Андижон Давлат Университетининг талабаси ҳибсга олинганини тасдиқлади ва ҳозирда бу иш билан Улуғнор туман прокуратураси шуғулланаëтганини билдирди.

Комилжон Азимовнинг жасади 12 сентябрь куни Пахтаобод туманидаги оиласига берилган ва шу куни дафн этилган.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган ҳашарчилар орасида кўплаб қурбон қайд этилади.

2011 йилда Андижон Давлат Университетининг тарих факультети 1-курс талабаси 4-курс йигитларидан еган калтагидан жон бергани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йили эса Озодлик пахта теримига мажбурий сафарбар этилган камида 19 одам ҳалок бўлганини аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG