Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Ўзбек аёли 3 ойлик чақалоғи билан Челябинск депортация марказида сақланмоқда


Россиянинг Челябинск шаҳри хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази (СУВСИГ)да 100 га яқин меҳнат муҳожири орасида ўзбекистонлик аёл 3 ойлик чақалоғи билан ушлаб турилибди. Озодлик мурожаатидан сўнг депортация маркази расмийси жорий ҳафта давомида ўзбекистонлик ёш болали аёлни ватанига юборишга ваъда берди.

Тилга олинган вақтинчалик сақлаш марказидан Озодликка мурожаат қилган Ҳусаин марказда 50 нафарга яқин ўзбекистонлик ватанига депортация қилинишини кутиб, тоқатлари тоқ бўлганини билдирди.

- Бизларни ватанга депортация қилишга оид қарор чиқарилганига қарамасдан, юбориш муҳлати чўзилиб кетаяпти. Марказда 1 ойдан 4 ойгача кутиб ўтирганлар бор. Бу ердан кетолмай, азобда қолганмиз. Хусусан, ўзбекистонлик ёш болали аёллар қийналаяпти. Бечора бир аёл ҳам 3 ойлик чақалоғи билан шу ерда! Қамоқдаги шароитдан фарқи йўқ. Бизга ёрдам керак, ҳеч ким ёрдам бермаяпти. Сизлардан бошқа кимга мурожаат қилишимизни билмаяпмиз, деди Ҳусаин.

Ўзбек муҳожири сўзларига кўра, депортация марказида сақланаётганлар бир неча маротаба телефон орқали Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғланишга уринган, бироқ элчихонадан ҳеч ким жавоб бермаган.

Озодлик ўзини Елизавета, деб таништирган меҳнат муҳожирларини депортация қилиш бўйича Челябинск вилоят суд приставлиги расмий вакиласи билан телефон орқали боғланиб, ўзбекистонлик ёш болали аёллар ва эркакларнинг қачон ватанига юборилиши ҳақида сўради.

- Мен ўзбекистонлик муҳожирлар муаммоларини яхши тушунаман. Муаммо уларни уйга жўнатиш учун пулнинг йўқлигида эди. Бизга давлат бюджетидан 4 ой пул ажратилмади. Ҳозир биз муҳожирларнинг айримларига ҳужжат ва пулларини тўғриладик. Яқин кунларда ёш болали аёл ва бир неча киши Ўзбекистонга юборилади. Бизда сақланаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг асосий муаммоларидан бири уларда ҳужжат ва уларни жўнатиб юбориш учун пулининг йўқлигидадир, деди Елизавета.

Россияда ёш болали аёл муҳожирларини депортация марказларида ушлаб турилиши бир неча бор маҳаллий ҳуқуқ фаоллари танқидига сабаб бўлганди.

Москвадаги муҳожирлар муаммоси билан шуғулланадиган “Тожикистон жамғармаси” ташкилотининг эксперти Шаҳло Мамадбекованинг фикрича, охирги пайтларда Россия депортация марказларида болали аёллар учун шароит бир оз яхшиланган.

- Спецприёмникларни, аниқроғи, хорижийларни вақтинчалик сақлаш марказини, албатта, қамоқхонага тенглаштириш нотўғри. Чунки муҳожирлар, хусусан ёш болали аёллар учун минимал шароит яратилган: уч маҳал егулик берилади, ювиниш учун шароит яратилган... Биз Москва ва Москва вилоятидаги спецприёмникларга бориб, у ердаги шароит билан яқиндан танишганмиз. Сўнги пайтларда ёш болали аёллар эҳтиёжларига жиддий ёндошишади. Албатта марказдан узоқ шаҳарларда шароит ёмонроқ бўлиши мумкин, деди Шаҳло Мамадбекова.

Челябинск вилояти суд ижрочилари хизмати маълумотига кўра, жорий йилда ушбу вилоятдан 600дан ортиқ меҳнат муҳожири ватанига депортация қилинган.

Ўтган ҳафта Челябинск вилоятидан 15 нафар ўзбекистонлик автобусда ватанга чиқариб юборилгани ҳақида хабар берилган эди.

Россиянинг турли минтақаларида депортацияга ҳукм қилинган кўплаб муҳожирни Ўзбекистонга жўнатиш бўйича тули муаммолар юзага келиб тургани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган.

XS
SM
MD
LG