Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

PaxtaGram: Фарғоналик талабалар пахта даласига бориш учун 2 соат пиёда юраяпти


Қувадан жўнатилган сурат.
Қувадан жўнатилган сурат.

Фарғона вилояти Қува туманидаги Тожик қишлоғида пахта тераётган Тошкент Тиббиёт Академиясининг Фарғона филиали талабалари далага бориш учун икки саотлаб пиёда юришга мажбур бўлаётганликларидан шикоят қилишди. Аммо мутасаддилар талабалар арзини инкор қилишга уриниб, ҳашарчиларни ташиш учун Дамас машиналари ажратилганини таъкидлашди.

Тошкент Тиббиёт Академиясининг Фарғона филиали талабалари Қува тумани Сойгузар қишлоғи ҳудудидаги Саноат коллежи биносига жойлаштирилган бўлиб, улар қўшни қишлоқдаги фермер даласига бориш учун узоқ йўлни пиёда босиб ўтишга мажбур бўлаётганликларидан шикоят қилишди:

“Талабалар пахта далаларига икки соат пиёда юриб бориб, кейин куни билан ишлаб, яна шунча йўлни пиёда босиб келишаяпти. Битта бизнинг олийгоҳ эмас, барча олийгоҳлар студентлари километр-километрларни пиёда босиб ўтишяпти”, дейилади фарғоналик талабалар номидан Озодликка келган Telegram-мактубда.

Талабалар ётоқхонадан далага боргунча бўлган вақтда Telegram орқали йўлда олинган суратларни жўнатиб туришди.

Озодлик ушбу талабалар пахта тераётган ҳудудда яшайдиган қуваликлардан бири билан суҳбатлашди. Унга кўра, бўлажак шифокорлар Қува туманидаги 67-пахта отрядига қарашли бўлиб, улар “Нулуфар, Бибисора, Шаббона” фермер хўжалиги далаларида пахта теришаяпти.

Қувалик суҳбатдош талабалар ётоқхонасидан ушбу фермер хўжалигигача бўлган ҳудудни тасвирлаб беришга уринди:

“Тожик қишлоғидан Сойгузар қишлоғига кирганингиздан кейин 700-800 метрдан кейин ўнг томонда Саноат коллежи жойлашган. Шу ерда Тиббиёт Академияси студентлари ётоқхонаси. Яъни студентлар ётоқхонаси қўшни қишлоқда жойлашган бўлиб, улар бизни Тожик қишлоғига ўтиб пахта теришади. Улар пахта тераётган “Нулуфар, Бибисора, Шаббона” фермер хўжалиги ётоқхонадан 4 километрча узоқда жойлашган. Бечораларни бир неча марта кечқурин пахтадан қайтиб кетаётганида кўрдим. Ўзи куни билан чарчаб пахта териб, яна шунча йўлни пиёда босиб кетишаяпти. Мен ўзим велосипедда қатнайман далага. Шунда ҳам чарчайман”, деди қувалик суҳбатдош.

Бўлажак шифокорларнинг 90 нафари “Нулуфар, Бибисора, Шаббона” фермер хўжалиги далаларида пахта тераяпти. Саноат коллежига эса жами 300дан зиёд талаба жойлаштирилган.

Тожик қишлоғи далаларида бўлажак шифокорлардан ташқари Тошкент Ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабалари ҳам пахта тераяпти.

Озодлик ўрганишича, ушбу олийгоҳнинг 200га яқин талабаси Тожик қишлоғидаги 22-мактаб биносига жойлаштирилган. Олийгоҳ талабалари Тожик қишлоғининг энг чеккада жойлашган “Рустамбек” фермер хўжалиги ҳудудида пахта теришаяпти.

Юқорида суҳбатлашганимиз қуваликнинг ҳисоб-китобига кўра, 22-мактабдан “Рустамбек” фермер хўжалиги ҳудудигача бўлган масофа ҳам 4 километрдан зиёдни ташкил этади ва ушбу олийгоҳ талабалари ҳам бу масофани пиёда босиб ўтаяптилар.

Қува тумани мутасаддиларидан бири ҳашарчи-талабаларни далага қатнаши билан боғлиқ муаммо борлигини инкор қилиб, бу муаммо ҳал бўлганини таъкидлади.

Мутасаддига кўра, ҳашарчи-талабаларни ташиш учун маҳаллий Дамас ҳайдовчилари жалб қилинган ва улар ҳаражати фермер хўжаликлари зиммасига юклатилган.

Тошкент Тиббиёт Академиясининг Фарғона филиали домлаларидан бири талабаларни далага ташишдаги бошқа бир муаммога эътибор қаратилишини сўради:

“Тўғри шунақа муаммомиз бор. Лекин кейинги бир-неча кундан бери ҳокимлик аралашувида Дамас ажратишга ҳаракат қилишаяпти. Лекин битта Дамасга 12-15та талабани олишади. Бунинг хавфсизлик жиҳатидан хавотирдамиз”, деди Тиббиёт Академияси ўқитувчиси.

Жорий йил пахта манзараси ёритилаётган PaxtaGram саҳифасига талабалар номидан шу каби ҳолатлар ҳақида қатор мурожаатлар бўлаяпти.

Азиз ҳашарчи-талабалар, сиз пахта тераётган жойлардаги вазият қандай? Бу ҳақда Озодликка Telegram ва WhatsAppга +420 727 971 539 рақами орқали йўлланг.

XS
SM
MD
LG