Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

Ҳофиз Шерали Жўраевга ҳукуматдан телефон қилиб, оқ йўл тилашди


Шоир Муҳаммад Исмоил¸ Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ва Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев
Шоир Муҳаммад Исмоил¸ Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ва Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев

Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Обид Асомов, каби артистларга нисбатан кейинги йилларда жорий этилган тақиқ бекор қилинаётгани, уларга катта саҳналар ва радио-телеэфирлар очилаётгани Озодликка маълум бўлди. Айни пайтда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиëевнинг ғазабига дучор бўлган қўшиқчилар ҳам борлиги айтилмоқда.

1993 йилдан бери шоу бизнесдаги исталмаган шахс сифатида катта концерт заллари ва теле-радиоканалларда чиқишига норасмий тақиқ қўйилган Ўзбекистон ССР халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти лауреати Шерали Жўраев 27 сентябрдан бошлаб катта саҳна ва телерадиоканалларда бемалол чиқишга изн олди.

Ўзбекистонда таниқли хонандалар концертини уюштириш билан шуғулланувчи Равшанбек Омоновнинг бу ҳақда Озодликка айтишича¸ 27 сентябрь куни Шерали Жўраевга Ўзбекистон президенти бажарувчиси ëрдамчиси қўнғироқ қилиб катта саҳнага йўл очилганини билдирган:

- Шерали Жўраевни уйида байрам бўлиб кетди. Шунча йилдан бери фақат тўйларда хизмат қилиб юрган катта ҳофизга саҳна очилди. Сешанба куни ҳофизнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ҳам лиценияси тикланди. "Ўзбекнаво"дан келиб табриклаб, янги лицензия бериб кетишди. Шерали акада лицензия бўлгани билан норасмий тақиқ остида эди. Шу тақиқ энди олиб ташланди. Шавкат Миромонович қабулхонасидан телефон бўлди¸ ўзим гувоҳман деди Омонов.

Шерали Жўраев шоир Муҳаммад Исмойилнинг уйида
Шерали Жўраев шоир Муҳаммад Исмойилнинг уйида

Суҳбатдошнинг айтишича¸ 27 сентябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага ҳам катта саҳнага қайтиш муждаси берилган:

- Усмонованинг уйига "Ўзбекнаво" лицензия бўлимидан Фарҳод деган йигит гулдаста кўтариб келиб табриклади. Усмонова кўзида ëш билан Шавкат Миромоновични дуо қилди¸ дейди Омонов.

Бир кун олдин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ машҳур кулги устаси 54 яшар Обид Асомовга нисбатан ўн йилдан кўпроқ давом этган норасмий тақиқ олиб ташланган эди.

26 сентябрь куни Ўзбекистон шоу дунëсига яқин шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebookдаги саҳифасида бу уч нафар таниқли санъаткор зиммасидан тақиқ олиб ташланганини ëзган эди.

Озодлик билан суҳбатда Муҳаммад Исмоил бу санъаткорларнинг катта саҳнага қайтишини Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиëев ташаббуси билан амалга ошганлигини таъкидлади:

- Мирзиëевни ўзидан бошқа ҳеч ким журъат этмайди буни ташкиллаштиришга. Мирзиëев шоир ëзувчи ва санъаткорларни анча ҳурмат қилади. Шерали Жўраевга эса алоҳида ҳурмати бор. Яқинда у киши шоира Ҳалима Ҳудойбердиевани уйига бориб ҳолидан ҳабар ҳам олди¸ деди Муҳаммад Исмойил.

Суҳбатдошга кўра¸ норасмий тақиқ остида бўлган “Ўзбекистон халқ артисти" унвони соҳиблари Ортиқ Отажонов ва Бобомурод Ҳамдамовга ҳам катта саҳнага қайтишга изн берилган.

Озодликнинг “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги манбасининг айтишича¸ Обид Асомов¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова¸ Ортиқ Отажонов¸ Бобомурод Ҳамдамов каби артистларни давлат тадбирларига жалб қилиш бўйича тавсия олинган:

- Вазирлар Маҳкамасидан қўнғироқ қилиб бу ҳурматли устоз санъаткорларни давлат тадбирларида иштирокини таъминлаш тавсия қилинди. Бир нарсани айтиш керак¸ бу устоз санъаткорларга “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси концерт-гастрол фаолияти учун белгиланган лицензияни берган. Жойлардаги сансалорлик боис, лицензияси бўлишига қарамасдан, бу санъаткорлар давлат тадбирларидан узоқ тутилиб келган. Бу камчиликка барҳам беряпмиз энди¸ деди манба.

Манбанинг яна айтишича¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тўлқин Жабборовга ҳам Вазирлар Маҳкамаси қўнғироғидан кейин алоҳида эътибор кўрсатилган.

Продюссер Равшан Омоновнинг таъкидига кўра¸ Тўлқин Жабборов Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиëевнинг оилавий тадбирларида иштирок этиб келган:

-Тўлқин Жабборов энди Ўзбекистон саҳнасида энг кўзга кўринган ҳофиз мақомини олса керак. Умуман Каримов вафоти кўпчилик қўшиқчиларга қўл келди¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда Шавкат Мирзиëевнинг ғазабига дучор бўлган қўшиқчилар ҳам бор дейди¸ Тошкент Давлат консерваториясининг исмини айтишни истамаган ўқитувчиси:

- Шу йил май ойида Вазирлар Маҳкамасида мажлисда қатнашдим. Мажлисда шахсан Шавкат Миромонович иштирок этди. Мажлис охирида асосий мавзу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулазиз Карим ҳақида бўлди. Абдулазиз Карим Туркия фуқаролигини олгани бўйича Мирзиëев қаттиқ гапирди. Уни ҳаттоки "ватан хоини" даражасига чиқарди. Абдулазиз Карим 2000 йилда олган Ниҳол мукофоти ва 2003 йилда олган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонлари шахсан Мирзиëев томонидан олиб ташланди. 2010 йлда Шавкат Мирзиëев "Ҳўжа" гуруҳи солисти Иззат Ибрагимовнинг Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган унвонини олиб қўйган эди¸ дейди суҳбатдош.

Кейинги ўн йил давомида Ўзбекистонда ўнга яқин ашулачи лицензиядан мосуво қилиниб¸ шоу бизнесдаги исталмаган шахслар рўйхатига қўшилган.

Фаррух Зокиров¸ Шерали Жўраев¸ Юлдуз Усмонова ¸ Обид Асомов¸ Севара Назархон¸ Шаҳзода Матчонова¸ Шоҳруҳ рэп¸ Феруза Жуманиёзова¸ Отабек Мадраҳимов¸ Озода Нурсаидова¸Фаррух Соипов каби санъаткорларга қўйилган норасмий тақиқ сабаблари жамоатчиликка очиқланмаган.

Озодлик манбаларига кўра¸ аксар ҳолларда ашулачиларнинг давлат тадбирлари ва мулозимлар тўйларига бормагани муаммога сабаб бўлган.

2005 йилдан бери ўзига хос тақиқ доирасида қолаëтган 53 яшар Юлдуз Усмоновага линцензия берилган бўлса-да, катта саҳнада концертлар беришига ва телерадио эфирларда қўшиқлари ёйинланишига изн берилмай келинган.

Ўтган йили Юлдуз Усмонова “Америка овози” радиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан суҳбатда ўзига қўйилган тақиқнинг сабабини тушунтирган эди:

“Ўзбекистонда ҳаммадан кўп запретни мен олганман… Уни менга кимдир сиёсат қилаётгани йўқ… Битта одамга ёқмай қолганман, мундайроқда, ўртароқда ўша ҳам, ҳозир йўқдир ҳам у одам, лекин проблема қилиб қўйган… Энди шу катта адолатсизликми? Тақдир насиб бу…” деган эди қўшиқчи.

XS
SM
MD
LG