Украина осмонида ҳалокатга учраган Малайзиянинг MH17 йўловчи учоғи Россиядан келтирилган ракета билан уриб туширилган. Бу ракета Россия хавфсизлик кучлари томонидан қўллаб-қувватланадиган украин сепаратистлари эгаллаб олган ҳудуддан отилган.
Бу 2014 йил 17 июл куни 298 одам ҳаётига зомин бўлган MH 17 ҳалокати юзасидан ўтказилган халқаро терговнинг навбатдаги хулосасидир.
Ҳолландия бошчилигидаги халқаро тергов гуруҳи ўз суриштируви натижасини бугун, 28 сентябр эълон қилди.
Халқаро тергов гуруҳига кўра, учоқ "ҳеч бир шубҳаларсиз" Первомайск ва Снежное посёлкалари жойлашган ҳудуддан отилган ракета билан уриб туширилган.
Снежное ҳудуди ўзини Донецк халқ республикаси деб атайдиган россияпараст айирмачилари назоратида қолмоқда.
Халқаро тергов гуруҳи ўз хулосаларини фотосуратлар, ўзаро музокаралар ёзилган аудио ва видеоёзувлар билан асосламоқда.
"Ушбу терговнинг кўрсатишича, 2014 йил 17 июл куни MH17 парвозини амалга оширган учоқ Бук трейлеридан отилган 9-M-83-38 серияли ракета билан уриб туширилган. Ушбу Бук (ўзи юрар ракета комплекси) Россиядан олиб келинган ва зарбани амалган оширганидан сўнг қайтиб Россия Федерацияси ҳудудига қайтиб кетган", - деди Нидерландия тергов бошқармаси бошлиғи Уилберт Паулиссен (Wilbert Pualissen).
Қурбонларнинг оилалари айтишича, фожеа тафсилотларини ўрганган халқаро комиссия тасарруфида ҳалокатга алоқадорликда гумонланган юз кишининг рўйхати бор. Комиссия аъзолари улар билан текширув натижаларини расман эълон қилишдан олдин гаплашганлар.
Халқаро текширув гуруҳига БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси дастагида фаолият олиб борган Ҳолландия, Австралия, Малайзия, Белгия ва Украина вакиллари кирган.
Гуруҳнинг хулосаси жиноий иш очиш учун асос бўлиши мумкин.
"Биз халқаро гуруҳга ўзимизнинг маълумотларимизни, жумладан, асосий гумондорларни тақдим этдик. Бу билан нима қилиш тўғрисида улар ўзлари қарор беришади", деб айтган MH17 учоғи ҳалокати ҳақида бир нечта ҳисобот эълон қилган Bellingcat гуруҳи.
Россия Мудофаа вазирлиги учоқни уриб туширилишига алоқаси борлигини рад этиб, бу борада ўзининг тахминларини илгари суриб келади.
Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков матбуот анжумани бошланишидан олдин Россия журналистларига учоқ Донецк халқ республикаси вакиллари томонидан уриб туширилиши мумкин эмаслигини билдирган. Песков халқаро тергов Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган материалларга ҳам таяниши лозимлигини айтди.
"Малайзия Ҳаво йўллари"нинг МН17 рейс билан Амстердамдан Куала-Лумпурга йўналган "Боинг-777" учоғи 2014 йил июл ойида Украинанинг шарқида уриб туширилган.