Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:18

Озодлик "Афина"нинг сохта Гулнора Каримова эканлигини аниқлади


2 октябрда Twitter тармоғида пайдо бўлган “Афина” (@zabitaya1972) номли юзер Гулнора Каримованинг отаси вафотидан кейин уй қамоғидан руҳий касалхонага ётқизилгани ҳақида кенг тарқалган миш-мишларни тасдиқлагандек бўлди.

“Афина” - тўғридан-тўғри Гулнора эканини иддао қилмаса ҳам - ўз ихтиёрига қарши ушлаб турилганини ҳақида твитлар ёзди, ўзбек расмийлари ва “она”сига мурожаат қилиб, “қиз”ини кўришга изн беришни ўтиниб сўради.

Бу твитларга интернетда дарҳол муносабат билдирилди. Ўзбек ижтимоий медиа фойдаланувчилари -Гулноранинг ҳам тарафдорлари ва ҳам танқидчилари - нафақат Гулнора хуш кўрган Twıtter, балки Facebook гуруҳлари ва бошқа платформалар воситасида “Афина” билан баҳсга киришиб кетдилар.

Гарчанд баҳслар қизиган эса-да, кўплаб ахборот воситалари ёзиш услуби ва танлаган мавзулари, у нашр қилган ёзувлар ва фақат Гулнора ёки унинг яқинларигина билиши мумкин бўлган баъзи маълумотлар асосида “Афина”нинг ҳақиқий Гулнора Каримова деган хулосага келди.

Тошкентдан мустақил журналист Алексей Волосевич ўзининг Asia-Terra сайтида “Афина” твитларини батафсил ҳужжатлаштирди.

"Asia-Terra" нашридан олинган
"Asia-Terra" нашридан олинган

Дастлаб ўз қизи билан учрашиш “талаби” инобатга олингани учун “миннатдорчилик” билдирган ва руҳан ўзини тиклаб олган “Афина” бирданига президент вазифасини бажарувчи Мирзиёев ва Каримовнинг қолган оила аъзолари, айниқса, Каримовнинг кенжа қизи Лолага қарши тўғридан-тўғри ва шахсий ҳужумлар қилишга ўтди.

9 октябрда эса “Афина” рус тилида қуйидаги битикни қолдирди ва твиттердаги ҳисобини ўчирди: “меҳмонлар келди, афтидан отишга олиб кетишаяпти.”

Ортидан бир неча кун давомида “Афина” аккаунти хомуш турди ва у беркитилгандек кўринди.

Бироқ, твиттердаги аккаунти беркитилгач “Афина”нинг ижтимоий медиа тармоқларда танилган қатор аккаунтлар ва мухолифат ахборот воситалари билан алоқа қила бошлаганини Озодлик аниқлашга муваффақ бўлди.

Жумладан, “Афина” Озодликнинг Twitter аккаунтига 12 октябрда “ёрдам” сўрабмурожаат қилди ва Озодлик ҳамда бошқа ахборот воситаларидан унинг аккаунти ҳақида мақолалар ёзиш ва тайёрланган матнлар асосида хабарлар чоп этишни сўради.

Озодлик билан Twitter воситасида бир неча соат давом этган бевосита ёзишмада, “Афина” ўзининг Гулнора Каримова эканини иддао қилди. Аммо, Гулнора Каримова таржимаи ҳолига оид оддий маълумотларни тасдиқлаш сўралганда, “Афина” кўп ҳолларда нотўғри жавоб берди ва Каримованинг хорижда яшаган манзиллари ҳақидаги атайлабдан берилган нотўғри маълумотни “тасдиқлади”. “Афина”, мисол учун, Каримованинг Технология Фасон Институти илмий унвонини Бостонда ва “ўқув курслари”ни Ҳарвардда олганини “тасдиқлади” (аслида Гулнора Каримова 2000 йилда Ҳарвардда Магистр унвонини олган, Фасон Институтида эса курсга қатнашган). Ундан сўралганда, юзер Фасон Институти “Потомак дарёсининг ғарбий қирғоғидаги” Массачусетс Технология Институти қошида барпо этилган коллеж бўлганини тасдиқлади. Хатоларга урғу бермасдан Озодлик “Афина”дан учта бармоғини кўтарган ҳолда ўзини суратга олиш билан шахсини сўнгги бор исботашни сўради. Жавобан “Афина” дафтар четини ушлаб турган бир аёлнинг тўрт бармоғи кўринган суратни йўллади. Ноутбукда Гулнора Каримова 2015 йилга қадар ўзининг Twitter аккаунтида қолдирган ёзувлари билан бир хил ёзувдаги шеър кўриниб турарди. Ундан бу “гўзал шеър” уникими деб сўралганда, “Афина” жавоб қайтарди:

“Ҳа, раҳмат. Баланд фикрлайман,” дея Гулнора Каримованинг шеърларига қилган изоҳини яна такрорлади.

Аммо, Google қидируви “Афина”нинг Каримовага оид дея тақдим этган шеъри аслида Соня Матейко қаламига мансуб ва 2015 йилда HuffingtonPost блогида нашр этилган романсдан сўзма-сўз кўчирма эканини кўрсатди.

“Афина” Мирзиёевнинг янги ҳукумати томонидан Гулнора Каримованинг ўғли Исломга қарши эҳтимолий фитна ҳақида жиддий иддаоларни Озодликдан нашр этишни сўради, аммо Озодлик жавобан унинг Гулнора Каримова эмаслигини исботлади.

“Афина” ўзининг Гулнора Каримова эмаслигини тан олди.

“Аммо у сизнинг ёрдамингизга муҳтож,” деб ёзди юзер ва ўзини энди Каримованинг қизи эканини исботлашга тушди.

“Бу мен Имонман,” дея иддао қилди юзер рус тилида ва Имон Каримованинг бир неча йил муқаддам ижтимоий медиада тарқалган суратини юборди. Телефон орқали юборилган суратнинг эски экани айтилгач, юзер тўғридан-тўғри ёзишмаларга жавоб беришни тўхтатди.

Ўша куни кечга бориб юзер ижтимоий тармоқларда яна хабарлар тарқата бошлади ва ўзини очиқча Гулнора дейишга тушди, Гулнора Каримова таржимаи ҳолига оид маълумотни бера бошлади ва Озодлик билан бўлган хусусий суҳбатда йўл қўйган хатоларни эҳтиёткорлик билан тузатди.

Гарчанд ёлғон ортида турган юзернинг аниқ шахсни аниқ билиш имкони бўлмаса ҳам, охирги кунларда Twitter воситасида “Афина” билан тўғридан-тўғри мулоқот қилган унинг бошқа бир қатор суҳбатдошлари Озодликка аккаунтни бир неча киши фойдаланаётган бўлиши мумкин деган фикрни билдирди ва Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати асосий гумондорлар орасида эканини урғулади.

“Афина” билан мулоқот қилган “AkhmadxonUSA,” номли аноним Twitter фаоли: “Бу СНБ лойиҳаси, холос. [Улар Каримова] тарафдорларини аниқлашмоқчи,” деб ёзди.

Таниқли имом Обидхон Назаровнинг яқин издоши сифатида танилган Akhmadxon ҳақиқий Гулнора Каримова икки йил муқаддам корупция жанжалларига аралашган маҳали видеоконференция воситасида унга чиққани ва айнан “Афина” аккаунти орқали жамоатчилик билан мулоқот қилишга ёрдам беришни сўраганини тасдиқлади. Аммо “Афина” видеоконференция воситасида алоқа қилишдан бош тортди ва ҳақиқий Каримова билан келишиб олинган парольни “эслай олмайман” деб айтди.

“Менинг тахминимча, кимдир провокатив ўйин қилаяпти. Охирги марта мен Афина билан гаплашганимда, у “биз инқилоб қилишимиз керак, биз ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилишимиз керак, деган гапни такрорларди,” деди Akhmadxon Озодлик билан 12 октябрда бўлган суҳбат чоғида.

Ўзбекистондаги сиёсатни сатира қилиш билан танилган мухолифат веб сайт муҳаррири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда “Афина” у билан ҳам алоқа қилганини тасдиқлади.

Веб сайт муҳарририга кўра, Афина уларга чоп қилиш учун Мирзиёев ҳукуматига қарши “компромат”га эга эканини айтган.

“Афина” ўз ёзишмаларида Озодликдан инсон ҳуқуқлари вазиятига оид мақолалар чоп қилишни сўради. Улар орасида Гулнора Каримованинг ўғли Ислом бобоси Ислом Каримов томонидан “ҳақиқий ворис” сифатида тан олингани ҳақидаги иддаолар ҳам бор эди.

“Афина” аккаунти ва Ўзбекистон хавфсизлик хизматларини тўғридан-тўғри боғлаш мумкин бўлмаса-да, авторитар давлатлардаги ижтимоий медиа билимдонлари узоқ пайтдан буён бир фикрга алоҳида урғу беришади:

Янги технологиялар эркин бўлмаган жамиятларда фуқаролар учун фойдали кўрилса ҳам, ҳукуматлар улардан ўз фуқароларини кузатиш ва тизгинда ушлаб туриш мақсадида самарали фойдаланиши мумкин.

Ноа Такер ва Азиз Нур

XS
SM
MD
LG