Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:35

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарадаги 55та баҳсли ҳудудни ўрганди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара пункти.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Дўстлик чегара пункти.

Фарғона ва Андижонда ўтган музокаралардан сўнг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича протокол имзоланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишча, Фарғона ва Андижон шаҳарларида ўзбек –қирғиз чегарасини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссияси йиғилиши бўлиб, унда Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари билан чегарадош ҳудудлардаги 55 та баҳсли ҳудуд масаласи муҳокама қилинган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарадаги 55та баҳсли ҳудудни ўрганди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:15 0:00

Озодлик радиоси боғланишга муваффақ бўлган Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг Ўзбекистон гуруҳи аъзоларидан бири ўз номини айтмаслик шарти билан бўлиб ўтган муҳокамалар ҳақида гапириб берди. Унга кўра, давлатлараро комиссия 15 октябрь куни Андижон ва Фарғонада бир вақтнинг ўзида йиғилиш ўтказди ва комиссия вакиллари баҳсли ҳудудларга бориб, у ердаги вазият билан танишди.

Комиссия аъзосининг айтишича, Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари ўртасида 55 та баҳсли ҳудуд мавжуд. Комиссия аъзолари мана шу баҳсли ҳудудларнинг барчасини бориб кўрган ва келгуси учрашувларда бу баҳсли ҳудудлар муаммосини бартараф этиш ниятлари тўғрисидаги протоколни имзолаган.

-Полевое обследование дегани бор эди. Ўша обследование жойида кўриб чиқилди. Ўзаро келишиб олиндики, яқин кунлардаги учрашувларда бу масалада бир қарор қабул қилишга келишилди. Мен назорат қиладиган туманда 11та баҳсли ҳудуд бор эди. Комиссия аъзолари бу тумандаги ҳар бир участкани бирма-бир кўриб чиқди, -деди Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг Ўзбекистон гуруҳи аъзоларидан бири.

Музокаралар якунида мазкур баҳсли ҳудудларга оид протокол имзоланган. Протоколда ҳар икки томон баҳсли ҳудудлар масаласини дипломатик ва тинч йўл билан ҳал қилиш ниятида экани таъкидланган.

Чегараларни аниқлаш бўйича Ўзбекистон комиссияси аъзосининг айтишича, қирғиз томони билан навбатдаги учрашув октябрь ойининг учинчи ўн кунлигига белгиланган.

-План-графикка асосан кейинги учрашув шу ойнинг учинчи декадасида ўтказилади.Бироқ ҳозир учрашувнинг аниқ куни маълум эмас, -деди суҳбатдош.

Ўзбекистон томони чегара масаласига оид учрашувларда Қирғизистонда анклав ҳолатидаги Сўх туманига Бишкек йўлак ажратиб беришини талаб қилиб келади. Ўзбекистон деярли 70 минг аҳоли яшайдиган Фарғонанинг Сўх эксклавига йўлак очиб берилиши эвазига Қирғизистонга ўз ҳудудидан бошқа бир ерни бўлиб беришини билдирган. Бироқ Қирғизистон расмийлари Сўх экславига йўлак бериладиган бўлса, Боткен вилояти анклав ҳолатига тушиб қолишини айтган ҳолда бу таклифни рад қилиб келмоқда.

Сўх ва Шохимардондан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри йўлакнинг йўқлиги оқибатида Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон экславлари айрим пайтларда қамал ҳолатида қолмаоқда. Масалан, жорий йилда Сўх ва Шоҳимардон деярли 40 кун қамал ҳолатида бўлди. Бунга Ўзбекистон август ойида Қирғизистон билан, Қирғизистон эса 3 сентябрда Ўзбекистон билан чегараларини бир томонлама ёпгани сабаб бўлган. Мазкур икки эксклав билан Ўзбекистоннинг асосий қисми алоқаси 19 сентябрдагина қайта тикланди.

“15 октябрда бўлган учрашувда Сўх ва Шоҳимардонга коридор очиш масаласи яна қайта кўтарилдими?” деган саволимизга Ўзбекистон-Қирғизистон чегараларини аниқлаш бўйича давлатлараро комиссиясининг Ўзбекистон гуруҳи аъзоси бу масала кундан-кунга чигаллашиб ва муаммолашиб бораётганини айтди. Унга кўра, яқин йилларда бу масала ҳал этилмайди.

Қирғизистон расмийлари Андижон ва Фарғонада ўтган учрашув борасида ҳозирча маълумот бергани йўқ. Бу борада қирғиз расмийларидан муносабат олиш мақсадида қилинган уринишлар ҳам самарасиз якунланди.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Бу чегаранинг 320 километри шу кунгача аниқланмасдан қолмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини аниқлаш масаласи узоқ йиллардан бери икки давлат ўртасидаги катта муаммолардан бири бўлиб қолаётган эди. Чегаралардаги ноаниқлар туфайли Тошкент ва Бишкек ўртасига бир неча марта совуқчилик тушган.

XS
SM
MD
LG