Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:33

АҚШ расмийси Ўзбекистонда сайловлар осойишта ўтишига умид билдирди


АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон Вашингтон 4 декабрда Ўзбекистон президентлигига сайлов осойишта ўтишига умид қилаётганини билдирди. Унга кўра, АҚШ Ўзбекистон янги ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Марказий Осиё сафари доирасида Бишкекка келган АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон қирғиз журналистлари билан учрашуви чоғида Ўзбекистонда президентлик сайлови осойишта ўтишига ишонишини айтди.

“Биз Ўзбекистонда 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик жараёнини кузатаяпмиз ва умид қиламизки, президентлик сайлови осойишта ўтади. Биз Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа ташкилотларни 4 декабрда ўтадиган президентлик сайловини кузатиш учун таклиф қилганини олқишлаймиз. Биз инклюзив сайлов жараёнини кўришдан умидвормиз ҳамда янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан мамнун бўламиз”, деди Шеннон.

АҚШ расмийси Ислом Каримов вафотидан сўнг юзага келган ўтиш жараёнида Вашингтон Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яҳлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шеннон 26-27 октябрь кунлари Бишкекда бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шенноннинг Тошкентга сафари 27 октябрь куни бошланишини билдирган эди. Шеннон Тошкентда мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилиниши ва музокаралар ўтказиши айтилган. Бироқ ҳозирча бу борада бошқа расмий ахборот берилган эмас.

Бишкек сафари чоғида Шеннон Марказий Осиёдаги Америка университетитда қилган чиқишида Вашингтонни бугунги кунда Қирғизистонда ҳарбий база жойлаштириш масаласи қизиқтирмаётганини ҳам айтиб ўтди. Айни пайтда Шеннон минтақада хавфсизлик масаласи Вашингтоннинг диққат марказида эканини билдирди:

-25 йилдан бери биз тиғиз ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Дунёнинг бу нуқтасидаги хавфсизлик биз учун ўта муҳимдир.Иттифоқчиларимиз билан ҳам айнан мана шу масала устида ишлашимиз лозим.Минтақа аҳолисини зўравон экстремизм ва террорчиликдан сақланиши, иқтисодий тараққиёт учун шароит яратилиши, билим олиши ва фаровонлиги учун АҚШ халқи ҳамда ҳукумати қўлидан келган ёрдамини аямайди, -деди Шеннон.

АҚШ расмийси “Нега Қўшма Штатлар Қирғизистонда Ўш воқеалари айбдорларидан бири сифатида судланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаровни ҳимоя қилаяпти?” деган саволга ҳам жавоб берди:

-Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дипломатик миссиямизнинг энг асосий қисмидир. Эсингизда бўлса, АҚШ мустақиллигини эълон қилганида Британия тасарруфидан чиқиш билангина чекланиб қолмай, бу мамлакатда яшовчи ҳар бир одамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, деган тамойилга таянган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ким бўлмасин ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб келамиз, -деди Шеннон.

Этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини ўрганган халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаровга нисбатан жиноят иши соҳталаштирилганига ишонилишини айтиб келади.

2015 йилда АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди. Бунга 2010 йилги Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга 2015 йил 15 июлида Давлат департаментининг "Инсон ҳуқуқлари фаоли" мукофоти топширилиши сабаб бўлган.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шенноннинг Марказий Осиё сафари 24 октябрда бошланган. Сафар давомида Шеннон Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлади. Шенноннинг Марказий Осиё сафари 29 октябрда якунланади.

XS
SM
MD
LG