Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:42

Асқаров суди: Гувоҳлар аёвсиз қийноқлар ортидан Асқаровга қарши кўрсатма берганини айтмоқда


Асқаров суд жараёни пайтида..
Асқаров суд жараёни пайтида..

Азимжон Асқаров иши бўйича маҳкаманинг бугунги мажлисида Ўш воқеаларидаги тартибсизликларда ишитрок этганликда айбланиб Асқаров билан бирга қамалган ҳимоя томони гувоҳлари кўрсатма бердилар. Улар тергов жараёнида қўлланилган аёвсиз қийноқлар ортидан ўзларига билдирилган айбловларни тан олишга мажбур бўлганликларини айтмоқдалар.

Чуй вилоят судининг бугунги мажлисида 2010 йилдаги Ўш қирғини пайтида Бозорқўрғон туманида содир этилган тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров билан бирга судланган 6 одам кўрсатма берди.

Улардан бири Муҳаммадзокир Қўчқоров милиция ходимлари томонидан қийноқларга солингани ортидан Азимжон Асқаровга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтди.

-Мени ялонғоч қилиб калтаклашди. Шундан сўнг улар менга қўйган айбловларни тан олишга мажбур бўлдим, -деди Муҳаммадзокир Қўчқоров.

Ўш воқеаларида айбланиб 9 йилга қамалган Минура Мамадалиева эса ўзига нисбатан қўлланилган ноинсоний муносабат ҳақида батафсил гапириб берди:

-Тергов пайтида мен Асқаровни воқеа жойида кўрмаганимни айтганман. Мени 26 июнь куни қамоққа олиб, Бозорқўрғон милициясига олиб келишди. У ерда менга ноинсоний муносабатда бўлишди. Олдимда 6 ёшли болам бор эди. Мелиса ходимлари мени ялонғоч қилиб ечинтиришиб, ўғлимга кийимларимни тахлаб қўйишни буйришди. Кейин эрим келиб боламни олиб кетди. Кейин Мергентаев Рисбек теган опер келиб мени дубинка билан калтаклади. Мени қийноқларга солишиб, тартибсизликларда иштирок этганман, деган қоғозга қўл қўйдиришди. Прокуратурада эса, “Қочишга уринган пайтида отиб ташланди”, деб ҳужжат қиламиз, деб қўрқитишди. Ўша пайтдаги прокурор ўринбосари Жамила Туражанова милиция ходимларини аёл кишини калтаклагани учун уялтиргандек бўлди ва менга 14 кишининг исми ёзилган рўйхатни кўрсатди. Туражанова “Агар шуларга қарши кўрсатма берсанг, гувоҳ қаторида қоласан”, деб шарт қўйди. Кейин мен гувоҳ сифатида қолишим учун 5 минг доллар пул сўради. Бундай пул менда йўқ эди. Шунинг учун мени айбдор қаторида ҳужжатлаштиришди. Мен кўрсатма бермасам, 17 ёшли ўғлимни қамашларини айтишди. Мен бунга йўл қўя олмас эдим, шунинг учун қамоққа мен рози бўлдим, - деди Минура Мамадалиева.

Суд жараёнида Дилшод Рўзибоев, Элмурод Расулов ва бошқа гувоҳлар ҳам тартибсизликлар пайтида ва милиция ходими Миктибек Сулайманов ўлдирилган пайтда воқеа жойида Асқаров бўлмагани ҳақида кўрсатамаларни бердилар.

Бундан олдинги суд жараёнларида асосан жабрланувчи ва қораловчи томон гувоҳлари кўрсатма берган эди. Асосан милиция ходимларидан иборат бўлган гувоҳларнинг айримлари Асқаровни воқеа жойида кўрмаганларини айтганлар. Бироқ қоралов томони суд жараёнларида Асқаровнинг айблари гувоҳлар кўрсатмалари асосида исботланганини билдириб келмоқда.

25 октябрь куни ўтган суд жараёнида эса Асқаровнинг айбини исботловчи видео ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида мавжуд эмаслиги расман тан олинган. Олти йил давомида ўтган судларда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Асқаровнинг айбини исботловчи видотасвир мавжудлигини рўкач қилиб келаётган эди.

Бундан икки ҳафта олдин ўтган суд жараёнида Асқаров билан бирга ҳибсда сақланган Мавлонбек Маҳмуджонов ҳуқуқ фаолини 15 июль куни калтаклаганини тан олган эди. Бироқ Мавлонов ўзи нега ҳибсга олинганини, Азимжон Асқаровни калтаклаганидан сўнг нега ҳибсдан чиқариб юборилганини тушунтириб бера олмаган.

Бундан ташқари Асқаров расман 16 июлда қамоққа олинган бўлса, Мавлонов уни 15 июль куни ҳибсхонада қандай қилиб калтаклаши мумкин эди, деган савол ҳам шу кунгача жавобсиз қолмоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, 25 октябрдаги суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Жорий йилнинг апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, қирғиз ҳукумати Асқаровни зудликда қамоқдан бўшатиши шарт, деган қарорни чиқарган эди.

Шундан сўнг 12 июлда Қирғизистон Олий суди Асқаровга нисбатан иккинчи ва учинчи суд инстанциялари чиқарган умрбод қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.

Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш Чуй вилоят судида бир ой аввал бошланган.

Азимжон Асқаровга нисбатан навбатдаги жараён 8 ноябрда ўтказилади. Суднинг бу мажлисига ҳимоя томони гувоҳлари таклиф қилиниши кутилмоқда.

Суд жараёнини халқаро ташкилотлар вакиллари ва Европа Иттифоқи давлатлари дипломатлари кузатиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG