Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:54

Р.Азимов: Ўзбекистонда янги эркин иқтисодий ҳудудлар барпо этилади


Рустам Азимов Бишкекда
Рустам Азимов Бишкекда

Ўзбекистонда яна учта янги - Фарғона вилоятида "Қўқон", Самарқанд вилоятида "Ургут" ва Бухоро вилоятида "Ғиждувон" Эркин иқтисодий ҳудудлар (ЭИҲ) барпо этилади. Бу иқтисодий зоналар зиммасига маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш, давлат бюджет тушумини ошириш ҳамда хориж сармояларини жалб қилиш юклатилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишида мамлакатда яна учта янги эркин иқтисодий ҳудуд яратилишини эълон қилди.

Булар Фарғона вилоятида "Қўқон", Самарқанд вилоятида "Ургут" ва Бухоро вилоятида "Ғиждувон" эркин иқтисодий ҳудудлар экани очиқланди. Рустам Азимов бу зоналар ташкил этилиши ташаббуси президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев эканини билдирди.

2016 йилнинг 26 октябрида Шавкат Мирзиёев шу мақсадда "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонини имзолаган эди.

Бу фармон Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилиш, янги юқори технологик ишлаб чиқариш майдонларини кенгайтириш учун шароитларни яратиш, маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашга қаратилгани айтилди.

- Бу фармонга кўра, хорижий инвесторларга улар томонидан "Навоий", "Ангрен" ва "Жиззах" эркин иқтисодий ҳудудларида фаолиятларини амалга оширишда мисли кўрилмаган қўшимча бож ва солиқ имтиёзлари тақдим қилинади, деб айтди Азимов.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев октябр ой бошларида Самарқандга қилган сафари чоғида Ургут тумани иқтисодий ҳудуд учун маъқул ҳисобланишини билдирган эди. Маҳаллий ахборот воситалари Ургут ишлаб чиқариш ҳудудида 19 қўшма корхонага дохил 40 та ишлаб чиқариш корхонаси мавжудлиги ва уларда қарийб 1200 ўзбекистонлик иш билан бандлигини хабар қилганди. Бу корхоналар ўтган йилнинг ўзида 10 миллион доллардан ошиқ ҳажмда маҳсулот экспорт қилгани маълум қилинди.

Рустам Азимов Бишкекда йиғилган ҳукумат аъзолари олдида Ўзбекистон давлати айниқса Россия ва Хитойдан сармоя киритилишига катта умид боғлаётганини билдирди.

Озодлик Ургут туманида янги тузилажак иқтисодий зона фаолияти билан боғлиқ мутассади билан суҳбатлашди.

Исми маълум сабабларга кўра сир қолишини сўраган суҳбатдош нима учун айнан Ургут тумани бундай ҳудуд сифатида танлангани бошқа сабабларини кўрсатиб ўтди.

- Биринчидан, Ургут тумани аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан саналади. Ери кам – аҳолиси зич. Бу ҳудуд ривожланишини ва йиғилиб қолган муаммоларни бартараф қилишни саноатсиз тасаввур қилиш қийин. Иккинчидан, Ургут тумани саноат ўсиши бўйича Самарқанд шаҳридан кейинги ўринга чиқиб олди. Мустақилликкача бизда бор-йўғи иккита завод ва битта тамаки фабрикаси бўлган. Аслини олиб қараганда, “промзона”, яъни “саноат зонаси” деган жойимиз ҳам бор эди, деди суҳбатдош.

Мутахассис ҳозирга келиб “Ургут” Эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилганини ҳам айтди.

У иқтисодий зонада мева-сабзавот қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ҳамда логистика марказлари ташкил қилиниши ишсизлик даражаси юқори бўлган Самарқанд аҳолисига бироз бўлсада енгилик келтиришини тахмин қилди.

- Ободонлаштириш ишларидан бошланди. Ҳозир саноат лойиҳалари қабул қилиниши бошланди. Кейин, тоғли ҳудудда 11 минг гектар жойда бодом, ёнғоқ, унаби, узум, олма ва бошқа мевали дарахтлар экилиши ташкил қилинаяпти. Эркин зонага қарашли фермер хўжаликлари бўйича лойиҳалаш ишлари кетяпти. Бошқа вилоятлардан тадбиркорлар қизиқиш билдираяпти аллақачон. Кеча аҳолини учмас электр линиялари билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Бу зона ортидан маҳаллийларга газлаштириш муаммоси бартараф қилинса ҳам ҳеч яхши бўларди. Ишқилиб, лойиҳалар қоғозда қолиб кетмасин-да, деди ургутлик ватандош.

У эркин иқтисодий зонага бўлган тадбиркор ва ишлаб чиқарувчилар қизиқишини ҳудудда тинимсиз ва асоссиз текшир-текширлар ва босимлардан паноҳ топиш мумкинлигига бўлаётган ишонч билан изоҳлади.

Режага кўра, 2017 йилда Самарқанднинг “Ургут” эркин иқтисодий ҳудудида 78та саноат лойиҳаси ишга туширилиб, иш ўрни 3400тага етказилиши керак.

Ҳозирга келиб Ўзбекистонда учта эркин иқтисодий ҳудуд – 2008 йилда тузилган Навойи вилоятидаги "Навоий", 2012 йилда ташкил топган Тошкент вилоятидаги "Ангрен" ва 2013 йилда тузилган Жиззах вилоятидаги "Жиззах" иқтисодий зоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG