Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

ГОВОРИТ МОСКВА: Россия Трампни сайламоқчи!


Вильнюс шаҳридаги девор сурати
Вильнюс шаҳридаги девор сурати

ГОВОРИТ МОСКВА: АҚШда икки йирик партия номзодлари Ҳиллари Клинтон ҳамда Дональд Трамп ўртасида бўлаётган сайловларга бутун дунёда қизиқиш билдирилмоқда. Бу сайловга қизиқиш айниқса Россияда кучли экани кузатилди. Аммо Кремл оммавий ахборот воситалари орқали рус жамиятида Америкадаги сайловларга ўзига хос муносабат яратмоқда.

Бу ҳолат эса Россия телеканаллари ва нашрлари орқали дунёдаги ҳодисаларини кузатиб бораётган кўплаб ўзбекистонликлар дунёқарашини ҳам шакллантираётир.

АҚШдаги навбатдаги 45 президент сайловлари нима натижа билан якунланади?

Бу савол айниқса Россия жамияти ва ҳукуматини хавотирда қолдиргани кузатилди.

Халқаро кузатувчиларга кўра, сўнгги йилларда ўз мамлакатида эркин сайловлардан маҳрум этилган россияликлар ўзга мамлакатдаги сайловларни жон-жаҳди билан муҳокама қилмоқда.

Кремл – Трамп тарафдори

Кремлнинг тўлиқ назоратига олинган Россия оммавий ахборот воситалари орқали шакллантирилаётган “ижтимоий фикр” қизиқишнинг уйғонишига сабаб бўлди: расмий телеканаллар ва нашрлар бу сайловларни мисли кўрилмаган даражада ғаройиб пропаганда усуллари ва йўллари билан ёритишга киришди.

Ўтган якшанба Россия телеканалининг 1,5 соатлик “Вести недели” ахборот дастурининг 28 дақиқаси (!), яъни учдан бир қисми АҚШдаги сайловларга бағишланди.

Маҳаллий ахборот воситалари учун “мавзу йўналишини” бошловчи Дмитрий Киселев белгилаб берди.

Кремль жарчиси Дмитрий Киселëв
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00

(Кремл "жарчиси" Дмитрий Киселев АҚШдаги сайловлардан қониқмади)

- Бу АҚШдаги сайлов пойгасининг охирги ҳафтаси эди. Агарда ғолиб тўғрисида тахмин қилиш имкони бўлса ҳам, қолгани аллақачон тушунарли. Биринчидан, бу АҚШ тарихида энг ифлос сайловлар бўлди: бу сайлов шу қадар жирканч ва бадбўй бўлдики, Америкада ҳалигача “демократия” деб аталувчи нарсага нисбатан ҳазар қилиш ҳиссини уйғотди. Иккинчиси, ҳокимият тепасига келадиган ҳар қайси навбатдаги президент “оқсоқ товуққа” айланади: биринчи кундан бошлаб юзага келган ўзаро нафрат ва кучлар мувозанати Оқ Уйга келган устида импичмент таҳдидини сақлаб туради. Пойга давомида Доналд Трамп Хиллари Клинтонга ўлим билан баробар жароҳат етказди, деди олдиндан Россия ким тарафида эканини аниқ кўрсатган “бош пропагандачи” Дмитрий Киселев.

“Вести недели” ахборот дастури эфирида Америкадаги сайловга шу қадар кўп вақт сарфлаб юборилдики, Россияда эртаси куни нишонланаётган “халқ бирлиги куни”, Кремл олдида Владимир ҳайкали ўрнатилиши, Думага сайловлар ва бошқа муҳим мавзулар бир неча дақиқада сўзлаб ўтилди.

Айниқса, рус ахборот воситаларини кузатиб бораётганларни маҳаллий нашрлар ва телеканаллар россияликларни Доналд Трамп учун агитация қилаётгани қизиқиш уйғотди.

Таниқли рус блогери Павел Пряников Трамп учун жон-жаҳди билан курашаётган Кремл мақсад-иддаоларини тушунмаётганини ёзди.

Россия телеканалларида ярим йилдан бери прайм-таймда Трамп тўғрисида гапиришдан нима наф? Тўғри, АҚШда 2 миллион рус тилида сўзлашувчи яшайди – аммо қанчаси Киселёвни томоша қилади?... Украина тўғрисидаги Россия медиасининг пропагандаси тушунарли. Аммо, руслар учун Трамп тарғиботидан нима фойда?”, деб ёзди блогер.

Ҳиллари Клинтонга қарши Трамп учун курашга ҳукумат вакиллари ҳам қўшилди. Одатга кўра, бу ўринда ЛДПР етакчиси Владимир Жириновскийни кўриш мумкин.

- Ҳурматли Ҳиллари, сен Америка Қўшма Штатлари президенти бўлма. Бу бутун инсоният хоҳиши, Европа, Россия, Африка, Осиё ва кўплаб Америка ватандошлари истаги. Яшасин Доналд Трамп! У АҚШ президенти бўлади. Чунки сен нимжон ва баджаҳлсан! Сен Яқин Шарқдаги тинчлик, Россиядаги тинчлик, Европадаги тинчлик ва тараққиётни истамайсан. Фақат Доналд трамп энг аввало Америка Қўшма Штатлари учун, кейинги навбатда Европа ва Яқин Шарқ учун, ва оз-моз Россия учун қулай, деди Россия сиёсий истеблишменти фикрини билдирган парламент спикери Владимир Жириновский.

Россия телеканаллари ва нашрлари орқали дунёдаги ҳодисаларини кузатиб бораётган кўплаб ўзбекистонликлар дунёқарашини ҳам шакллантираётираётгани маълум.

“Барча воситалар - мақсадга мувофиқ...”

Россия оммавий ахборот воситалари Ҳиллари Клинтонга қарши курашда барча мавжуд тарғибот-ташвиқот усулларидан фойдаланиб келмоқда.

Россияда Доналд Трампнинг мағлубияти оламда “ядро урушининг бошланиши мумкинлиги”га ишора қилувчи кўрсатувлар кўпайтирилди. Жумладан, “Россия 24” телеканалининг АҚШдаги об-ҳаво маълумоти қуйидаги тарзда берилиши урф бўлди:

(Россия-24 каналининг об-ҳаво ҳақида маълумоти)

- Ҳарбий экспертлар ҳисоб-китобига кўра, Небраска штати устидаги фазода ядро заряди портлатилса, бутун АҚШ ҳудудида, Канаданинг жанубида ва Мексиканинг шимолидаги электроникани ишдан чиқаради, деди об-ҳаво дастури бошловчиси.

Ундан ташқари, Интернетнинг Россия сегментида ҳам Ҳиллари Клинтон Россиянинг “асосий душмани” эканини билдирувчи турли “далиллар” тарқатилди.

Аввалроқ Вашингтон Москвани келаётган президентлик сайловини издан чиқариш учун кенг кўламли ҳакерлик ҳужумларини амалга оширишда айблаган.

Ўтган ойда АҚШ ҳукумати Россия ҳукуматини Демократлар партияси электрон мактубларини ноқонуний равишда қўлга киритишда ҳамда уларнинг WikiLeaks сайтида чоп этилишида расмий равишда айблади. Россия эса бу айбловларни рад этиб келди.

Доналд Трампнинг ёрдамчиси Пол Манафортнинг истеъфога чиқарилишини мутахассислар унинг штабига собиқ рус разведкачиси киргани билан тушунтиришга уринди.

Айни пайтда, номзод Доналд Трамп учун олиб борилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари россияликларда муайян дунёқарашли шакллантиргани кузатилди. Екатеринбургнинг “Новый день” ахборот агентлиги олиб борган сўровда иштирок этганларнинг аксар қисми Трамп тарафдори эканини билдирди.

Россиянинг “Спутник” Давлат ахборот хизмати номзод Клинтоннинг ёрдамчисига тегишли экани айтилган электрон мактубни сохталаштиргани фош этилди.

Оддий москваликлар ҳам АҚШ сайловларига ўз муносабатини билдирди.

Нима учун Путин Трамп тарафида?

Россия Бош разведка бошқармаси собиқ ходими, таржимон Константин Киримник Озодлик билан суҳбатда Кремл билан алоқалари борлигини инкор этиб, нима учун Владимир Путин ҳокимиятига Трамп зарурлигини тушинтиришга уринди.

- Трамп Путин ҳақида илиқ сўзлади, хушомадни ёқтирадиган Путин эса унга худди шундай жавоб қайтарди. Аммо Кремл ва Трамп муносабатларида улкан ҳисоб-китоб мавжуд: уларнинг фикрича, агарда Трамп сайлангудек бўлса, АҚШ перманент мувозанатни йўқотади. Президентнинг КОнгресс билан туганмас урушлари бошланиб кетади. Кремл Трамп Америка сиёсий ҳаётини издан чиқаришига ва бу Россияга қўл келишига ишонади. Аммо улар бошқа томонини ҳисобга олишмаётир: иккита ҳиссиётга берилган одам ўртасида кейинчалик совуқчилик тушса, 1962 йилги Кариб можароси вазияти юзага келиши турган гап, деди Константин Киримник.

Нью-Йорк Шаҳар университети сиёсатшуноси профессор Ражан Менон, шунга қарамасдан, Доналд Трампни Кремл “ўйинчоғи” эмаслигини таъкидлашини билдирди.

У Трамп ўз ғоялари билан илгаридан Москвага мойиллиги борлигини айтди:

- Мен Трамп Россия ташқи разведка хизмати томонидан кўтарилган сиёсатчи ва улардан моддий ёрдам олади деб ҳисобламайман. Менимча, Трамп – Америка ерида вужудга келган ҳодиса. Унинг АҚШ бошқарув тизимига очиқчасига қарши чиқиши ва танқид қилиши миллионлаб америкаликларга ёқиб тушди... Шу сабабли, Кремл қандай тарзда Трамп феномени Америка обрўсизлантираётгани, либерал қадриятлар топталаётгани устидан катта иштиёқ билан кузатмоқда, дея хулоса қилди профессор Ражан Менон.

АҚШда президентлик сайлови 8 ноябрь куни ўтказилади.

XS
SM
MD
LG