Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Тошкент метроси битмай қолган йўналишида қурилиш ишлари бошланди (ВИДЕО)


Озодлик мобил мухбирининг хабар беришича, Тошкент метросининг битмай қолган йўналишларида қурилиш ишлари бошланди. Қурилиш метрополитен "Ўзбекистон темир йўллари" ҳиссадорлик жамиятига ўтказилиши биланоқ бошланди.

Ҳозирда метронинг Юнусобод йуналишидаги "Файзулла Хўжаев", "Юнусобод" ҳамда "Туркистон" бекатлари қурилиши устида иш жадал кетмоқда, дея хабар беради Озодлик мобил мухбири.

Юнусобод йўналишидаги мазкур станциялар қурилиши кўп йиллардан бери тўхтаб қолганди.

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев 20 сентябрда охирида бу ишни давом эттириш ҳақида топшириқ берганди.

Қурувчиларга кўра, станциялардан бири Юнусобод деҳқон бозори ёнида, яна бири эса ундан бир километрча нарида жойлашади.

Шу билан Юнусобод метро йўналиши охирига етиши эътиборга олинса, бу ерда поездлар турадиган депо пайдо бўлади ва у Тошкент ҳалқа йўли яқинидаги “Уч қаҳрамон” буюм бозори ўрнида қурилиши тахмин қилинмоқда.

Янги метро станциялари қачон ишга тушиши ҳақида ҳозирча ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Тошкент метросининг битмай қолган йўналишида қурилиш ишлари бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:29 0:00

Тошкент метросининг Юнусобод йўналишини барпо этиш ишлари 1988 йилда бошланган эди.

Бироқ 2001 йилнинг сентябрида метронинг ушбу йўналишини лойиҳалаштириш ва қуришда мураккабликлар пайдо бўлгани оқибатида, қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилган эди.

Мураккабликлар метро туннели ва бекатлари жойлашган жойлар каналлар ва Бўзсув остига тўғри келгани билан боғлиқ.

Бундан ташқари, метро қурилишига ер остиданг ўтган кўплаб муҳандислик коммуникациялари ҳам халақит берган.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Олмазор метро станциясидан Сирғали мавзесигача узунлиги 6,5 километрни ташкил этувчи метро линияси қуришни режалаштириб келади.

Ушбу линияни қуриш 2030 йилгача мўлжалланган давлат лойиҳасига киритилган.

Мазкур лойиҳада “Тошкент” халқаро аэропортини шаҳар ташқарисига чиқариш, яъни Тошкентдан 45 км жанубга, Жиззах томонга чиқариш кўзда тутилган.

Шунингдек, пойтахт майдонини 41,8 минг гектаргача ошириш кўзда тутилган.

Шу тарзда шаҳар ҳудуди Қибрай, Ўртачирчиқ ва Зангиота туманлари ерлари ҳисобига 8,63 минг гектарга кўпаяди.

Тошкент метрополитени, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ¸ 7 ноябрда “Ўзбекистон темир йўллари” ҳиссадорлик жамиятига ўтказилди.

Бунгача метро фаолиятини бошқариш пойтахтдаги жамоат транспортини назорат қилувчи “Тошшаҳартрансхизмат” ширкати ваколатида эди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” ташкилий тизими ва ижроия структураси ҳам тасдиқланган ва бошқарувдаги мулозимлар сони 120 нафардан 93 нафарга туширилган.

Юнусобод йўналиши Тошкент метрополитенининг учинчи йўналиши ҳисобланади.

Унинг узунлиги 6,4 км бўлиб, унда 6 бекат бор.

XS
SM
MD
LG