Ўзбекистонда 2016 йилнинг 10 ойи ичида 8104 йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани рўйхатга олинди. Бу эса ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан фақат 83тага оздир. Айни пайтда Ўзбекистондаги масъул идоралар авариялар ва йўлдаги бахтсиз ходислар сонини йўл хавфсизлиги икки ойлигини ўтказиш билан камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Аммо кўрсаткичлар бу тадбирлардан самара бўлмаётганини англатиб турибди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг “Постда” газетаси мамлакатда 10 ноябрдан бошлаб йўл хавфсизлиги икки ойлиги ўтказила бошланганини эълон қилди. Газетанинг ёзишича,”йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, бахтсиз ходисаларнинг ва ҳайдовчилар ўртасида қоидабузарликнинг олдини олиш, транспорт воситалари ва йўлларнинг техник ҳолатини яхшилаш тадбирдан кўзланган асосий мақсадлардир”.
Ўзбекистонда ҳар йили ўтказилиб туриладиган бундай тадбирлардан самара бўлаётганини ҳис қилаяпсизми? Мана шундай савол билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчи қатор ҳайдовчиларга мурожаат қилдик.
Ўзини Азиз деб таништирган тошкентлик ҳайдовчи йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ойликлари ортидан ўзбек ҳайдовчиларининг йўлларда ўзини тутиш маданияти юқорилаб бораётганини таъкидлади:
-Беш-ўн йил аввалги ҳолат билан солиштирадиган бўлсак, бугунги кунда ҳайдовчиларнинг маданияти юқорилаб бормоқда. Мана шунинг ўзи бундай тадбирлар фойда берганини кўрсатиб турибди. Авваллари йўлларда ҳайдовчиларнинг бир-бирларига муносабатлари унча яхши эмас эди. Албатта бундай яхши ўзгаришлар одамни қувонтиради, - деди Азиз.
Ижтимоий тармоқ орқали Озодлик мухбири саволига жавоб берган Абдулатиф эса йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳукумат амалга ошираётган тадбирлар етарли эмас, деб ҳисоблайди:
“Мана, Тошкентда қор ёғиб, йўлларда ҳаракатланиш ниҳоятда оғирлашди. Бугун эрталаб соат 9ларда Чорсуда ва Абдулла Қодирий кўчасида иккита аварияга гувоҳ бўлдим. Авариялар йўллар яхши тозаланмаганидан юз бергани кўриниб турибди. Тошкентда фақат марказий кўчалар амаллаб юрса бўладиган қилиб тозалаб қўйилади. Иккинчи даражали кўчаларга эса эътибор берилмайди. Бундай ҳолатда йўл хавфсизлигини кафолатлаб бўлмайдику”, - дейди Абдулатиф.
Ижтимоий тармоқ орқали Озодлик мухбири саволига жавоб берган Олимжон исмли ҳайдовчи шаҳарларда йўлларнинг кенгайтирилиши ва ободонлаштирилиши жараёнида йўл хавфсизлигини таъминлаш муаммоси назардан четда қолаябди, деб ҳисоблайди.
-Масалан, йўллар кенгайтирилаяпти. Аммо мана шу кенгайтирилган йўлларда йўловчилар учун тротуарлар йўқ. Тротуар нега назарда тутилмаганини ҳеч ким билмайди. Бунинг оқибатида одамлар, мактаб ўқувчилари катта йўлдан ҳаётларини хавф остига қўйиб юришга мажбур бўлмоқда,- деди Олимжон.
Бухоролик Отабой ака 30 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга. Унинг фикрича, йўл хавфсизлигини таъминлаш ойликлари ўтказилишидан реал натижаларни кутиб бўлмайди. Унга кўра, Ўзбекистонда электр тақчиллиги мавжудлиги, ҳайдовчиларни тайёрлаш сифатининг яхши эмаслиги ва ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш амалиёти мавжудлиги бунга сабаб бўлмоқда.
-Ҳеч қандай натижа бўлмайди. Электр энергияси ўчиб қолганидан сўнг светофорлар ишламай қолади. Светофорлар ўзи бузуқ эмас, электр бўлмаса ишламай қолади. Бунинг оқибатида авариялар кўп бўлаяпти. Бу Бухородаги бугунги вазият. Иккинчидан, ҳайдовчиларни тайёрлайдиган мактабларда ўқитиш сифатига эътибор қаратиш керак.Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги йўл қоидаларини билмайди. Билса ҳам эътибор қилмайди.
Озодлик: Балки ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олишаётганлар ҳам бордир?
Отабой: Ҳа, бор. Камида 50 фоизи сотиб олади. Ҳозир ҳайдовчилик гувоҳномасини 1,5 миллион сўмга сотиб олиш мумкин.
Қаршилик яна бир суҳбатдошимиз Баҳодир ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги ойлигидан ҳеч қандай амалий натижа бўлмайди, деб ҳисоблайди.
-Бу фақат ГАИларнинг ҳисобига фойдали. Ҳайдовчилар учун бундай тадбирлардан ҳеч қандай натижа йўқ. Тадбир пайтида улар ҳайдовчиларни истаган жойида тўхтатиб, жуда қўпол муомилада бўлишади. Қоидани бузсанг ҳам тўхтатишади, қоидани бузмасанг ҳам тўхтатишади. Шунинг учун бу фақат ГАИларга фойда. Ҳукумат бундай тадбирларни халққа нафи тегсин деб ўткизади, албатта, аммо ГАИлар бу тадбирлардан ўзи учун фойдаланади, -деди Баҳодир.
Шу ўринда айтиш жойизки, Ўзбекистонда йўл-транспорт ходисаларига алоқадор бўлган статистика ярим сир тутилади. Масалан, вақти –вақти билан мамлакатда содир этилган йўл-транспорт ходисалари сони эълон қилиб борилади. Лекин бу ходисаларда қанча одам жабрлангани ва ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмайди.