Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:03

ЕИ Қўқоновнинг озод этилишини олқишлади


Европа Иттифоқининг Ташқи масалалар бўйича идораси Ўзбекистонда энг узоқ қамоқда қолган сиёсий маҳбус Самандар Қўқоновнинг озод этилишини олқишлади.

- Бу келажакда икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамаланиши эҳтимоли борасидаги умидбахш хабардир, амнистия ҳақидаги фармонга биноан янада кўпроқ маҳбусларнинг озод этилиши бу йўналишда қўйилган ижобий қадам бўлур эди, -дейилган баёнотда.

Бундан аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам Самандар Қўқоновнинг эркинликка чиқарилишини хуш қарши олиши ҳақида баёнот чиқарганди.

- Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларни келгусида ҳам озод этиш учун давомий равишда амнистия қўллашга чақирамиз, дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

72 ёшли Самандар Қўқонов Ўзбекистон қамоқхонасида 23 йил 4 ой ўтирганидан сўнг пайшанба куни озод этилди. У 2016 йил октябрида озод этилиши лозим эди.

Бироқ яқинлари 7 октябрда Самандар Қўқонов устидан маҳкама бўлиб ўтгани ва қамоқ жазосига яна 3 йил қўшиб берилгани ҳақида мактуб олганлар.

Тошкент вилоятидаги Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонаси собиқ раҳбари, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Самандар Қўқонов 1993 йил ёзида қўлга олинган, унинг уйига вертолётда қуролли аскарлар ташланган эди.

Самандар Қўқоновни маҳкама давлат мол-мулкини талон тарож қилишда айбдор деб топган, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этганди.

XS
SM
MD
LG