Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:28

Сайлов куни фотосуратчи Умида Аҳмедова махсус хизматлар кузатувида бўлди


Умида Аҳмедова махсус хизмат ходими ҳамроҳлигида кетмоқда. Фотосурат Олег Карпов томонидан тақдим этилди.
Умида Аҳмедова махсус хизмат ходими ҳамроҳлигида кетмоқда. Фотосурат Олег Карпов томонидан тақдим этилди.

Президентлик сайлови куни ўзбекистонлик машҳур фотосуратчи ва кинодокументалист Умида Аҳмедованинг ортидан махсус хизматлар вакили кузатиб юрди. Бу ҳақда Озодлик радиосига Умида Аҳмедованинг ўзи гапириб берди.

Умида Аҳмедованинг Озодлик радиосига айтишича, 4 декабрь куни эрталаб соат 9дан бошлаб унинг ортидан махсус хизматлар ходимларидан бири кузатувни бошлаган.

-Мени ортимдан кузатишаётганига етти йилча бўлиб қолди. Кеча эрталаб сайловга овоз беришга чиқиб кетаётсам яна ўша бола турибди. Яхши салом-алик қилдик, у ўзини четга олиб, ортимдан яширинча кузатиб юргани йўқ. Жуда ҳам хушмуомала, қўпол гапирмайдиган йигит. ”Энди бизни ҳам тушининг, ишимиз шу”, деб очиқ айтди. Турмуш ўртоғим Олег олдимда кетаётган эди, у ҳам: “Унда бизни ҳам тўғри тушининг, бу ҳам бизнинг ишимиз”, деб бемалол суратга олваердик, -деди Умида Аҳмедова.

Унга кўра, ўзини Аббос деб таништирган махсус хизмат ходими фотосуратчининг ортидан бир неча йиллардан бери кузатиб юради.

-Ёзда ШҲТ саммити бўлганида ҳам шу бола ортимдан кузатиб юрган эди. Охири чидамай олдига бориб очиқ сўрадим: “Тинчликми, ука?” деб. Ўшанда у: “Умида опа, ўзингиздан қолар гап йўқ, бу менинг ишим”, деб айтган эди. Кейин мен “Ҳа, бўпти, ишингиз бўлса ишингизни қилинг. Юринг бозорга”, деб бозорга олиб борганман. У ерда фотосуратларни олиб, кейин уйга бозорлик қилганман. Барака топсин, бу йигит, уйгача бозорлигимни кўтариб олиб келган эди, -деб эслайди Умида Аҳмедова.

Фотосуратчи унинг ортидан нега кузатув қўйилганига мутлақо мантиқий асос топа олмаётганини айтди. Умида Аҳмедованинг билдиришча, уни кузатиб юрувчи шахслар ҳеч қандай тақиқларни қўймайди, одамлар билан учрашишига ҳам ҳалақит бермайди.

-Шу қадар бой мамлакатмизки, бир одамнинг ортидан битта айғоқчи қўйишга қурбимиз етади. Жуда мени кўргинг келаётган бўлса, уйимни олдига битта камера қўйиб қўй, кейин кузатиб ўтиравер ким келаяпти, ким кетаяпти, деб. Бир званияли одам мени кетимдан кузатиб юрса мантиқлими? Мен ҳеч тушунмадим. Бу нима- қўрқитишми ёки жим юрларинг деган огоҳлантиришми?- деди Умида Аҳмедова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича,у кеча ўз умрида иккинчи маротаба сайловда қатнашиб, ўзи танлаган номзодга овоз бериб келган. Умида Аҳмедова сайловга борган одамлар кўзида умид учқунларини кўрганини айтди:

-Мен умуман сайловга бормоқчи эмас эдим. Умримда бир марта, ёшлик пайтларимда Брежневга овоз берган эдим. Шундан бери бирорта сайловда қатнашмаганман. Кеча бориб, Кетмоновга овоз бериб келдим. Ҳамма жойда қандайдир кўтаринки кайфият бор. Одамларнинг орасида ҳозир битта сўз мода бўлаяпти: “Умид” деган. Умид қиламиз, умид...

Умида Аҳмедова шу йилнингг май ойида Вацлав Ҳавел номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлган эди. “Диктатуралар ёлғонини жасорат билан фош қилувчи” кишиларга топшириладиган мазкур мукофот Human Rights Foundation (Инсон ҳуқуқлари бўйича жамғарма) томонидан таъсис этилган.

Умида Аҳмедова 2010 йили суратлари ва ҳужжатли фильмларида "ўзбек халқига туҳмат ва уни ҳақорат қилганлик"да айбланиб, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-банди ва 140-моддаси бўйича жавобгарликка тортилган, кейинроқ амнистия акти билан жавобгарликдан озод қилинган эди.

XS
SM
MD
LG