Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:06

Мирзиëевни мақтаган ўзбек фаолига Ўзбекистонга киришга рухсат берилмади


Аҳмад ҳожи Хоразмий Лондонда конференцияда
Аҳмад ҳожи Хоразмий Лондонда конференцияда

Британияда 2005 йилдан бери истиқомат қилаëтган 68 яшар ўзбекистонлик тупроқшунос олим Аҳмад ҳожи Хоразмий (Аҳмад Ҳасанов) Ўзбекистонга киритилмаслиги борасида Ўзбекистон Бош вазири виртуал қабулхонасидан хат олди.

Бундан олдин Аҳмад ҳожи Хоразмий Шавкат Мирзиëев номига мактуб ëзиб¸ уни қўллаб қувватлашини изҳор қилган ҳолда Ўзбекистонга сафар қилиб, яқинлари билан кўришиб қайтишга имкон беришини сўраган эди.

Тупроқшунос олим ўз мактубига Мирзиëевни мақтаб гапирган радиосуҳбат матнини ҳам илова қилган.

Аҳмад ҳожи Хоразмийнинг Бош вазир виртуал қабулхонасидан олган жавоб хатида “ Сизга Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-қарорининг 19 моддаси асосида яъни “миллий хавфсизлик ёки жамоат тартибини муҳофаза қилишни таъминлаш манфаатлари йўлида” Ўзбекистон републикасига келишингиз рад қилинади, деб ëзилган.

Бундан олдин айни мазмундаги рад жавоби ëзилган мактуб олимнинг Хоразм вилоятида истиқомат қиладиган ўғли Ойбекка вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саъдуллаев имзоси билан келган эди.

Хоразмий яқинларига келган расмий жавоб
Хоразмий яқинларига келган расмий жавоб

Озодликнинг Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасидаги манбаларининг айтишича¸ Ўзбекистон ватандоши Аҳмад ҳожи Хоразмий МХХдан берилган рўйхатга асосан Ўзбекистонга киритилмаслиги ҳақида яқинларига мактуб юборилган.

2005 йилда Тошкент шаҳар ҳокимияти биноси олдида ишдан бўшатилганидан норози бўлиб пикетлар ўтказгани ортидан тазйиққа учраган Хоразмий ўша йили Британиядан сиëсий бошпана олган эди.

Аҳмад Хоразмий 2005 йилги пикетда
Аҳмад Хоразмий 2005 йилги пикетда

Жорий йил сентябрида Ўзбекистон раҳбари ўлими ортидан Шавкат Мирзиëевнинг иқдидорга келишини Аҳмад ҳожи Хоразмий “ижобий ўзгариш” деб ўйлаб Бош вазир виртуал қабулхонасига ариза ëзди. Аҳмад ҳожи ўз аризасига хориж радиолари орқали Шавкат Мирзиëевни мақтаб гапирган суҳбат матнини ҳам илова қилганини ҳам айтади:

-Муҳтарам Шавкат Миромоновичдан ватаним Ўзбекистонга қисқа вақтга бориб келишга изн беришини сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатда ватаним раҳбарияти ва сиëсатини қўллаб қувватлаганим акс этган ҳужжатларни¸ хусусан Озодлик радиоси орқали уни мақтаб гапирган суҳбатларим матнини илова қилдим. Ëшим етмишга яқинлашгани¸ уч марта инфаркт бўлиб юрагимда амалиëт ўтказилганини ҳам ëздим. Мақсадим қисқа муддатга Ўзбекистонга бориб яқинларим билан видолашиб келиш. Бу илтимосимга рад жавоб беришди дейди маъюслик билан Озодлик билан суҳбатда тупроқшунос олим.

Хоразмийнинг Мирзиëевга мактуби
Хоразмийнинг Мирзиëевга мактуби

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори¸ Ўзбекистон фанлар академиясининг собиқ аъзоси, профессор Аҳмад ҳожи Хоразмий Хоразм вилоят ҳокимлиги агросанаот мажмуасида ва бошқа ҳукумат тизимларида ишлаган.

2005 йили ишдан бўшатилганида¸ норозилик пикетлари ўтказиб ишга тикланиш мақсадида тадбирлар ўтказгани ва тазйиқларга учрагани ортидан ўша йилнинг ўзида Британиядан бошпана олган.

Каримов ўлимидан кейин мамлакат ташқарисидаги фаоллар орасида ўзгаришлардан умидворлар пайдо бўлгани кузатилди.

Ўзбекистон Бош вазири Виртуал қабулхонасига мухолифатдаги “Бирлик халқ ҳаракати партияси ”нинг шу кунларда Данияда истиқомат қиладиган фаоли Акбарали Орипов ҳам Ўзбекистон паспортини янгилаш учун мурожаат қилганида рад жавоби олган эди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вакили Эгамбердиев имзоси билан келган рад жавобини ўзининг Facebookдаги саҳифасига қўйган сиëсий фаол “жавоб келди ,умидим чил-парчин бўлди¸ дея ëзди.

XS
SM
MD
LG