Январь ойининг ўрталаригача Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сапар Исақов 25 декабрда матбуотга маълум қилди.
Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Сапар Исақов 25 декабрда матбуотга январь ойининг ўрталаригача Ўзбекистон –Қирғизистон чегарасидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топшириғи берилганини билдирди.
Унга кўра, бундай топшириқ президент Алмазбек Атамбаевнинг 24 декабрда Самарқандга қилган ташрифи ортидан қабул қилинди.
-Чегараларни делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича тегишли давлат органлари бу масала устида ишлаш тўғрисида кўрсатма олди. 2017 йилнинг январь ойи ўртасигача томонлар чегарани аниқлаш бўйича бир қатор сўзлашувларни ўтказадилар, -деди Сапар Исақов.
Август ойидан то шу кунгача чегарани аниқлаш бўйича ўзбек-қирғиз ҳукуматлараро комиссияси 5 марта учрашган. Сапар Исақов мазкур учрашувлар пайтида чегаранинг 70 фоизи баён этилганини маълум қилди.
Исақовнинг айтишича,президентлар Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев учрашуви чоғида чегара масаласи муҳокама этилди. Президентлар учрашуви пайтида Шавкат Мирзиёев икки қўшни ҳалқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратган.
-Биз қўшнимиз. Бизда “Мозоримиз ҳам, бозоримиз ҳам бир”, деб бекорга айтмаган. Мана шунинг учун биз нима қилсак ҳам, одамларимиз дўстлашишига хизмат қилишимиз керак. Сўнгги уч ой ичида қилинган ишлар муносабтларимиз давом этиши учун пойдевор бўлди, -деди Мирзиёев.
Бунга жавобан Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон ва Қирғизистон бундан буён иқтисодий ҳамкорликка катта эътибор қаратиши лозимлгини таъкидлаб: "Биз халқларимиз чегара борлигини ҳис қилмаслиги учун ҳамма нарсани қилишимиз керак", деб айтди.
1378 километрли ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 километри 20 йилдан бери аниқланмасдан қолаётган эди. Мазкур ҳудудда 50дан ортиқ баҳсли ҳудуд мавжуд.
Сапар Исақовнинг билдиришича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича Бишкек позициясини қўллаб –қувватлади. Атамбаев Ўзбекистонга сафар қилишидан олдин Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон темир йўли қурилиши Самарқандда ўтадиган музокараларнинг бош мавзуси бўлишини билдирган.
Узоқ йиллардан бери режалаштирилиб келинаётган мазкур лойиҳа амалга оширилса, Марказий Осиё давлатлари темир йўл орқали денгизга чиқиш имкониятига эга бўлади. Қирғиз томони тарқатган маълумотга қараганда, темир йўлнинг юк ташиш имконияти йилига 15-20 миллион тоннани ташкил қилади.
Аввалги йилларда темир йўлни лойиҳалаш ишлари расмий Тошкент ва Бишкек ўзаро келиша олмаётгани сабабли ортга сурилиб келингани айтилган эди.