Ўзбекистонда 2017-2018 йилларда ижро ҳокимияти ва жой-жойлардаги давлат тузилмалари раҳбарлари учун махсус хизмат уйлари қурилади.
Ўзбекистон матбуотниниг душанба куни билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев бу тўғридаги қарорни 22 декабрь куни имзолаган.
Қарорга биноан раҳбарлар учун уйлар махсус лойиҳа асосида қурилади.
Қорақалпоғистон вазирлар кенгаши аъзолари, вилоят ҳокимлари, давлат идораларининг вилоятлардаги бўлинмалари раҳбарлари учун 6 сотих участкаси бор бир қаватли 5 хонали уйлар барпо этилади.
Туман ва шаҳар ҳокимлари, давлат идораларининг туман ва шаҳарлардаги бўлинмалари раҳбарлари учун 4 сотих участкаси бор икки қаватли тўрт хонали уйлар қурилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, умумий қиймати 312 миллиард 400 миллион сўм бўлган жами 1682 та уй қурилади.
Жой-жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари учун қуриладиган уйлар маҳаллий бюджетдан, МХХнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари учун уйлар давлат бюджетидан, ИИМ, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва бош прокуратура раҳбарлари учун уйлар мазкур идораларнинг бюджетдан ташқари оладиган даромадалари ҳисобига қурилади.
Ўзбекистондаги gazeta.uz ва kun.uz каби айрим интернет нашрлар томонидан тарқатилган бу маълумот ҳукумат порталида, президент расмий сайтида ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинмади.
Бироқ gazeta.uz нашрининг Озодлик боғланишга муваффақ бўлган ўз номини айтмаган ва овозини ёзиб олишимизни истамаган ходими, мазкур маълумот давлат идораларидаги ишончли манбалардан олинганини, ҳозирча қарор эълон қилинмаганини айтди.
Тошкентлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бу маълумотдан хабари борлигини айтар экан, айрим пайтларда ҳукумат халқ муносабатини ўрганиш учун бу каби хабарларни матбуотга сиздириб туришини билдирди. Унга кўра, Мирзиёевнинг бу қарори олқишга сазовордир.
-Давлат ҳокимияти идоралари вакилларига хизмат уйларининг қурилишини шаффофлаштириш йўлидаги бир қадам дейиш мумкин.Яъни ҳокимият вакили ўзини давлатга боғлиқ эканини ҳис қилиши,фуқаролар билан мана шу кайфиятдан келиб чиқиб муносабатда бўлиши бу жуда ҳам илғор қадамлардан биттаси.Давлат ҳокимияти раҳбарлари аввалалари ўзларига қасрлар қуришиб, ўша уйларда яшар эди. Энди эса улар бир ҳил типовой уйларда яшайди ва бу давлат идораларининг муайян даражадаги очиқлигини таъминлайди, -деб ҳисоблайди Абдураҳмон Ташанов.
Унга кўра, бу тадбир орқали янги сайланган президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши кураш ниятида собит эканини кўрсатмоқчи.Бироқ бу қадам самарали бўлишига ишониш қийнроқ.
-Коррупцияни минималлаштириш деган нарса бор. Мен мутлақо ҳокимларга уйлар қуриш ва улар лавозимидан бўшаганидан кейин бу уйларни янги ҳокимларга бўшатиб бериш ортидан коррупция барҳам топади, деган фикрдан йироқман. Албатта, Ўзбекистондаги коррупциянинг илдизлари жуда чуқур. Лекин бу ислоҳот сифатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шаффофлигини кўрсатиш мақсадида ташланган қадамлардан биттасидир. Лекин мамлакатга сиёсий ислоҳотлар керак. Сиёсий ислоҳотлардан энг муҳими бу, албатта, сўз эркинлиги, -деди Абдураҳмон Ташанов.
Мазкур мавзу юзасидан Озодлик радиосига фикр билдиргани муштарийлардан бири эса ҳокимларга хизмат уйларининг қурилишини салбий баҳолади:
“Nima uchun yana amaldorlarga etibor berilyapti ahir ularni hamma nasalari yetarlikku.Holvani hokim yer kaltakni yetim yer degani shu bulsa kerakda”, деб ёзади муштарийлардан бири.
Ўзини Баха деб таништирган муштарий эса: “Ўзи шундоқ хам, давлат ва халкдан ўғирлаб, хокимлар данғиллама 3-4 этажлик уйлар қурияпти ўзига!!! Яна уй қуришга бало борми??? Етим-есирга қур, камбағалга қур , ногиронга қур! Ҳокимга ҳам уй қурадими?” деб ўз норозилигини билдирди.
Абдуллоҳ исмли муштарий эса бу қарорни қўллаб қувватлмамоқда:
“Бу ажойиб қарор. Бу қарор аллақачон чиқиши керак эди.Ҳокимни ойлигиям баланд бўлиши керак, кейин ҳоким пора омаслиги керак, донғиллама уй сомаслиги керак, қиммат баҳо мошиналар омаслиги керак. Ҳокимни ҳамма нарсасини давлат таъминлаб бериш керак. Агар шундан кейин ҳам порага аралашса, барча мол - мулки мусодара қилиниб, энг олий жазога тортиш керак”, деб ёзади Абдуллоҳ.