Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:09

Ўқувчилар президент қабулхонаси таълимдаги порахўрликни тўхтатишига ишонмаяпти


Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей биноси.
Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей биноси.

Шавкат Мирзиëев муваққат президентликка келишидан сўнг қизғин ишга туширилган виртуал қабулхонага¸ расмий статистикага кўра¸ 29 декабрга қадар 323 118 ўзбекистонлик мурожаат қилган. Бу шикоятлардан 256 мингга яқини кўриб чиқилгани¸ уларнинг кўпига дарҳол ечим топилганига оид расмий ҳисоботларга қарамай¸ Озодликка боғланган айрим ўзбеклар коррупция билан боғлиқ жиддий мурожаатларнинг жавобсиз қолаëтгани¸ ëхуд бундай шикоят эгаларига босимлар бўлаëтгани боис¸ одамларнинг айнан порахўрлик муаммоси бўйича мурожаат қилишдан чўчиб қолганини айтмоқда.

Президент қабулхонаси vs озод матбуот

Бир гуруҳ ўқувчи ëшлар ўзлари таълим олаëтган муассаса раҳбариятидан дакки ейиш¸ виртуал қабулхонага шикоят қилиш жасорати учун жазоланишдан қўриб¸ президент қабулхонаси эмас¸ Озодликка мурожаат этишга қарор қилди.

Бу мурожаат Ўзбекистон таълим тизимидаги коррупциянинг кундалик манзарасига бағишланган.

“Биз Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчиларимиз. Лицейдаги коррупция ҳақида Мирзиëевнинг порталига расман ëзмоқчи эдик. Бу ҳақда гаплашганимизни билиб¸ бизни қўрқитишди. “Сиëсатга аралашманглар¸ директорнинг танкаси кучли¸ балога қоласизлар” дейишди. Сентябрь ойида вазир алмашганида¸ текширув бўлиб¸ очиқчасига пул йиғишлар бир оз тийилгандек бўлди. Бугунга келиб¸ ҳаммаси аввалги ҳолида яна давом этаяпти. Порталга ëзсак¸ уни яна лицей раҳбарларига топширишларидан қўрқиб¸ сизларга чиқаяпмиз”¸ дейилади лицей ўқувчилари номидан Озодликка келган мактубда.

(Мактуб муаллифлари Озодлик билан мулоқот давомида ўзларининг номи тилга олинган лицей ўқувчилари эканини тасдиқловчи гувоҳномаларини тақдим этди. Айни пайтда ўқувчилар¸ лицейдаги йиғимларга оид ўз шикоятларини билвосита қўллаши мумкин расмий ҳужжатлар¸ хусусан¸ давомат ва баҳо жадвалларини ҳам Озодликка тақдим этдилар. Бу ҳужжатлар¸ манбалар хавфсизлигини ҳимоялаш мақсадида ошкор этилмаëтир.)

Расмий баëнотлардан туғилаëтган эйфорияга қарамай¸ ўзлари ўқиëтган муассасада амалда коррупция вазияти ўзгармаëтганини таъкидлаган ўқувчи-ëшлар¸ кундалик ўқиш жараëнида гувоҳ бўлаëтган муаммоларни бирма-бир тасвирлашга уриндилар.

Ноқонуний йиғимлар зулми

Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчилари иддаосича¸ улардан ҳар ой мажбуран олинадиган¸ аммо бирор ведомостда қайд этилмайдиган йиғимлардан биринчиси ID карточкалар пулидир.

“Лицей биносига кириб-чиқишни регистрация қиладиган турникет учун авваллари 6000 сўмдан олишарди¸ бугунга келиб¸ ҳеч бир изоҳсиз¸ 11 минг сўм қилиб қўйишди. Бу пулни бермаганларга¸ диплом берилмас экан.Бу пул кимгадир арзимаган бўлиб кўринар¸ аммо бизга уни бериш алам қилади”¸ дейди ўқувчилардан бири.

Ўқувчи давоматини назорат қилиш мақсадида мобил телефон операторлари билан ҳамкорликда жорий қилинган бу тизим¸ айтилишича¸ ўқувчининг дарсга қачон келиб¸ қачон кетаëтгани ҳақида улар ота-оналарига SMS хабарлар жўнатиши керак.

“Лекин бунақа SMSлар мунтазам ишламайди. Уларга чап бериш йўллари кўпайиб кетган. Аммо биздан олинаëтган пул ошгандан ошиб бормоқда”¸ дейди ўқувчилардан яна бири.

Талаба бериши шарт бўлган иккинчи ноқонуний йиғим¸ Озодликка аëн бўлишича¸ фаррош пулидир.

“Ҳар бир талаба ойига ўртача 4000 сўмдан фаррошга ойлик йиғиб бериши шарт. Бу пулнинг йиғилганиҳам бирор ҳужжатда акс этмайди. Наҳотки¸ бутун бошли лицейнинг фаррош ëллашга қурби етмайди”¸ дейди Озодлик суҳбатлашганлардан бири.

Ўқувчи¸ унинг ота-онаси чўнтагига зулм бўлган яна бир йиғим¸ имтиҳондан йиқилганларга қўйиладиган “ремонт” жазоси. Имтиҳондан ўтказишмаса¸ камида битта синф хонасини тўлиқ ремонт қилиб бериш шартини қўйишади. Бўлмаса¸ курсдан қолдирамиз¸ деб қўрқитишади”¸ дейилади Озодликка келган мурожаатда.

Ўлик жонлар ëки давомат фирибгарликлари

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчи ва айрим ўқитувчилари Озодликка тақдим қилган ҳужжатлардан англашилишича¸ олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги давомат жиддий назоратга олингани айтилса-да¸ ҳар бир гуруҳда йил давомида дарсга умуман келмайдиган ўқувчилар бор.

“Дарсга келмайдиган¸ аммо исми-шарифи фақат ўқитувчиларнинг қайд дафтарида мавжуд ўқувчилар бор. Масалан¸ мен ўқийдиган гуруҳда шунақалардан тўрттаси бор. Бунинг нархи йилига 600-700 доллар атрофида”¸ деган ўқувчиларидан бири ўз гуруҳида академик йил бошлангандан бери умуман ўқишга келмаганлар исми-шарифини¸ уларнинг сохта равишда жадвалга ëзиб борилаëтганини иддао қилади.

“Лицейга кириш қанчалик пуллик бўлса¸ унда ўқиш ва битириш ҳам фақат порага бўлади. Масалан¸ бизнинг лицейдаги иқтидорли ўқувчилар Хитой берадиган грант бўйича Шанхайга бориб ўқиши мумкин. Иқтидорли болалар конкурсда қатнашди¸ аммо Хитой гранти директорнинг ўғлига тегди. Умуман Хитойга бормаган ўқувчи¸ мен Хитойда ўқиб келдим¸ деб ëлғон презентация қилиб берди. Бориб турган алдамчилик”¸ дейди айни лицейда ўқиëтган Озодлик манбаларидан бири.

Раддия

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти қошидаги 2-академик лицей бир гуруҳ ўқувчиларибилдирган бундай шикоят ва иддаолар юзасидан Озодлик мухбири лицей раҳбарияти билан боғланишга уринди. Директор Фарида Назарованинг ишда эмаслигини билдирган лицей маъмурларидан бири¸ лицей ўқувчиларидан тушган шикоятлар мазмунини эшитиб¸ таажжубга тушганини яширмади.

“Ўқитувчиларимизнинг ҳаммаси прокуратурага бориб¸ пора олмаслик¸ ҳар хил йиғимлар олмаслик ҳақида кафолат хати ëзиб берган. Бизда бунақа муаммо йўқ. Ўқувчилар раҳбариятга бирор марта шикоят ҳам қилмаган. Сиздан эшитиб¸ ҳайрон бўлаяпман”¸ деди лицей маъмурларидан бири.

Лицей талабаларидан тушган шикоятлар мазмуни¸ уларга ечим топиш йўллари юзасидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади – Озодлик радиоси калимасини эшитиши билан¸ матбуот хизмати ходими гўшакни илиб қўйди.

“Ўқувчи ва ота-она таълим соҳасидаги коррупция бўйича виртуал қабулхонага мурожаат қилсин!”

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг айнан ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқув жараëнига алоқадор расмийси микрофонсиз суҳбатда¸ ўқувчилар тилга олган муаммолар мавжудлигидан вазирликдагилар яхши хабардор эканини эътироф қилди.

“Ҳар йил йиғимлар борлиги ҳақида шикоятлар кўп. Бу жиддий муаммо ва биз буни тўхтатишга ҳаракат қилаяпмиз. Лицей ва коллеж ўқувчиси ҳали 18 ëшга тўлмаган ва бола ҳисобланади. Болалардан ҳар хил баҳона билан пул талаб қилиш бу жиноятга тенг ҳаракат. Булар ҳали бола бўлса¸ пулни қаердан олсин!” деди вазирлик мулозими.

Бу расмийнинг қайта-қайта таъкидлашича¸ таълим¸ хусусан¸ олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги коррупция жараëнининг жиловланиши учун масъулият ўқувчилар¸ хусусан¸ улар ота-оналари зиммасида ҳамдир.

“Ота-она хоҳласа бизнинг вазирлик (1006 телефон рақами-таҳр.)¸ хоҳласа¸ президент виртуал қабулхонасига (210-00000) мурожаат қилиши керак. Улардан исми-шарифингиз ким¸ деб сўралади. Бу аризани регистрация қилиш учун сўраладиган шунчаки расмиятчилик. Бундан қўрқиш керак эмас. Ҳеч ким ота-ота¸ ëки унинг ўқувчи-талаба боласини сўроқ-савол қилмайди. Хатга тушди – ўтга тушди. Уларнинг шикояти қайдга олингандан кейин¸ албатта¸ кўриб чиқилади. Жиддий асослар бўлса¸ уни мутахассислар гуруҳи ўрганади¸ керак бўлса¸ ишчи гуруҳига ўтказилади. Коррупция аломатлари бор¸ деб топилса¸ прокуратурага оширилади. Таълим соҳасини тозалашга ҳамма қўшилиши керак”¸ дейди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозими.

XS
SM
MD
LG