Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Қўқонда коллеж ўқувчиси милиционерни пичоқлади


Озодлик манбаларига кўра¸ Қўқон педагогика коллежининг 1-курс ўқувчиси шериги билан ўғирланган буюмларни машинага ортиб келаётганда пост-патрул хизмати инспектори томонидан тўхтатилган. Ўғрилик ошкор бўлгач, ўқувчилардан бири милиция ходимини пичоқлаб, воқеа жойидан қочган. Оғир жароҳат олган милиция ходими касалхонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Қўқон педагогика коллежининг 1- курс ўқувчиси 17 яшар Б.Р. (Озодликка шахснинг исми-шарифи маълум¸ аммо тергов бораëтгани боис¸ уни ошкор қилмайди - таҳр.) 22 декабрдан 23 декабрга ўтар кечаси Қўқон шаҳар пост-патрул хизмати инспекторини пичоқлади.

Қўқонда коллеж ўқувчиси милиционерни пичоқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк

Воқеа тафсилотларидан хабардор Педагогика коллежи ўқитувчисининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, милиция ходими ўқувчининг буюм ўғирлаганлигини ошкор этгач, у инспекторга пичоқ билан ташланган.

“Пост-патрул хизмати инспектори маҳалладан чиқаётган машинани тўхтатган. Машинада Б.Р. ва автотранспорт коллежида ўқийдиган болалардан бири бўлган. Милиция ходими машинани текшириб, унинг ичида ноутбук ва қимматбаҳо уй жиҳозларини кўрган. Буни қаердан ўғирлаб келаяпсизлар, деб сўраса, Б.Р. мелисага пичоқ санчишга ҳаракат қилган. Мелиса ҳушёрлик қилиб унинг қўлини ушлаб қолган. Шунда ўғри бола чўнтагидаги иккинчи пичоқни чиқариб, мелисанинг бўйнига тортиб юборган. Бўйни кесилган мелиса ерга йиқилган. Шунда у бола яна мелисанинг беш жойига пичоқ санчган ва қочиб кетишган”, дейди ўқитувчилардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, Б.Р. ва унинг шериги ўша куннинг ўзида қўлга олинган.

“Бу воқеа жуда катта шов-шув бўлиб кетди. Эртаси куни вилоят ҳокими Қўқонга келиб йиғилиш ўтказди. Ёшларнинг ўртасида жиноятчилик кўпайиб бораётганини гапириб, ўқувчиларни бўш қўйган ўқитувчиларни жавобгарликка тортиш керак, деди. Педагогика коллежнинг директори ва ўринбосарларини мажлиснинг ўзида ишдан олиб ташлади. Ҳозир вилоят ҳудудий коллежлар бошқармасидан махсус гуруҳ келиб, барча коллежларда қаттиқ текширув олиб бораяпти”, деди ўқитувчи.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими пост-патрул хизмати инспекторининг жароҳат олганини тасдиқлади, лекин бундан ортиқ маълумот бера олмаслигини айтди.

Қўқондаги коллежлардан бирида дарс бераётган ўқитувчилардан бири Озодлик билан суҳбатда, ўқувчиларнинг бу каби жиноятларга қўл уришида сўнгги йилларда ҳар хил ноқонуний йиғимларни урф қилиб олган ўқитувчиларнинг айби борлигини эътироф қилади.

“Биласизми, бу боланинг жиноятини мен ҳеч қачон оқламайман, лекин бунда ўзимни ҳам айбдор деб ҳис этаман. Сабаби, биз ўқувчиларга ҳақиқатан ҳам кўп жабр қилаяпмиз. Чунки ўзимиз жабр кўраяпмиз. Сўнгги пайтда ўқитувчининг ойлиги қўлга ҳам тегмайдиган бўлиб қолди. Ҳали у текширувчи келса йиғ-йиғ, металлоломга йиғ, макулатурага йиғ, ободонлаштириш ишларига бер.... хуллас ойликнинг асосий қисми шунга кетиб қолаяпти. Ўқитувчи ҳам одам, унинг ҳам тирикчилиги бор. Нима қилсин шўрлик, жон сақлаб қолиш учун бу оғирликнинг бир қисмини ўқувчилар зиммасига юклайди”, деди ўқитувчи.

Бу суҳбатдошнинг айтишича, Фарғона вилоятидаги коллежлар ўқувчилари орасида жиноят содир этиш ҳолатлари кўп учрайди.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил кузида Фурқат туманидаги маиший касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ўзбекистон туманидаги киракашлардан бирини ўлдириб, унинг машинасини олиб қочган.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатлашган қўқонлик айрим ҳуқуқ идоралари ходимлари ва ўқитувчи ва ўқувчилар¸ Қўқонда йигитларнинг пичоқ кўтариб юриш анъанаси¸ ўзаро тортишув ва маиший жанжалларнинг пичоқбозлик¸ кўп ҳолларда¸ қотилликка айланиб кетишига олиб келишини таъкидлайдилар.

"Ўтган йил ҳокимлик биноси олдида 9-синф ўқувчиларининг пичоқбозлигига бевосита гувоҳ бўлган ҳоким¸ милиция ходимларига ўқувчилардан совуқ қуроллар¸ биринчи навбатда¸ пичоқларни йиғиб олиш ҳақида топшириқ берган. Лекин ҳозирча бу ишнинг уддасидан чиқишгани йўқ. Бизда ëнида пичоғи йўқ йигитни ўғил бола ҳисоблашмайди"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Қўқондаги коллеж ўқувчиларидан бири.

XS
SM
MD
LG