Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Ўзбек актёри юлдузлар жангчисига айланди


Uzbekistan - uzbek actor in the US
Uzbekistan - uzbek actor in the US

Ўзбек киноактёри 41 яшар Рашид Шадат (Абдурашид Шодиев) таниқли ҳолливуд режиссери Гарет Эдвардс суратга олган “Юлдузлар жанги-Яккамохов” фильмида рол ўйнади.

“Юлдузлар жанги”нинг Рашид Шадат рол ижро қилган қисми намойиш қилинган илк шанба –якшанбада 528 миллион долларга чипта сотиб йиғимлар бўйича жаҳон рекордини ўрнатди.

Бу шов-шувли фильмда суратга тушиш осон бўлмади дейди Рашид:

- Юлдузлар жангининг олдинги қисмида бешта танловдан кейинги қисмида эса учта танловдан ўтдим. Менинг иштирокимдаги саҳналар Лондон ғарбидаги PINEWOOD студиясида суратга олинди. Режиссёр Гарес Эдвардс ва актёрлар Фелисити Жонс , Диего Луна, Риз Аҳмед каби юлдузлар билан ишлаш насиб қилди¸ - дейди шу кунларда Лондонда истиқомат қилаëтган санъаткор.

Рашид Шадатнинг айтишича, бундан олдин "Юлдузлар жанги" бадиий фильми силсиласининг — “Кучнинг уйғониши” сериясида Жакку сайёраси вакили ролини ижро этган.

Озодлик билан суҳбатда Рашид Шадат кўзлари яшил бўлгани учун бу филмга таклиф қилинганини айтди:

- Бу сайëрдаги жангчиларнинг кўзлари яшил бўлади. Мени кўзларим табиий яшил бўлгани киночиларга маъқул келди¸ - дейди суҳбатдош.

Унга кўра, “ўзга сайёрани босқинчилардан ҳимоя қилаётган жангчилардан бирининг ролини” мамнунлик билан ўйнаган.

Рашид Шадат ўйнаган кинодан парча
Рашид Шадат ўйнаган кинодан парча

​Ўзбек театр мактабида Станиславкий услубида роль ўйнаш маҳоратига эга Рашид Шадатнинг тиришқоқлиги режиссёрга маъқул келгани ортидан у “жангчи”ларга ўнбоши бўлиш рутбасига ноил бўлган:

- Мен бир ярим йил армияда бўлганим иш берди. Қурол ушлашимни кўрган режиссëр менга орқа қатордан чиқиб, олдинги сафга туришни сўради ва бошқаларга жангда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ўргат, деди. “Жанг” саҳнаси сайёрага тунда босқинчилар кемасининг қўниши билан бошланади. Қўлимиздаги қуролларимиз ҳақиқийга ўхшар, отганда овоз чиқариб, лазерли олов пуркарди, - дея ҳикоя қилди суҳбатдош.

10 ëшидан бошлаб Тошкентдаги "Ëш томошабинлар" театрида роллар ўйнаган Рашид кейинчалик "Илҳом" театрида малака оширди. Муҳожир сифатида Британияга ишлаш учун келган Рашид бир муддат Лондондаги ягона ўзбек театри - "Orzu Arts"да фаолият олиб борди. Бу орада Рашид Шадат Том Круз иштирокидаги "Бажариб бўлмас миссия", Жеймс Бонднинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи "Спектр" фильмларида ҳам кичик ролларни ижро этди.

Эндиги мақсадим катта кинода катта ролларни ижро қилиш, дейди ўзбек актерлари ичида энг амбицияли дея танилган Рашид Шадат Озодлик билан суҳбатда.

Рашид Шадат билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:35 0:00

XS
SM
MD
LG