Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси таркибидаги "Махсус авиация ишлари" (МАИ) авиакомпанияси 2017 йил 1 январидан бошлаб 5 йилга барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилди.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, бундай қарорнинг қабул қилинишига авиакомпанияни ривожлантириш дастури сабаб бўлди.
МАИ авиакоманияси
20 йил муқаддам ташкил этилган МАИ авиакомпанияси тасарруфида АН-2 транспорт ва йўловчи самолётлари ва Ми-8МТВ-1 вертолётлари бор.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, ушбу авиакампания бошоқли экинларга ишлов бериш, қишлоқ хўжалигида бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш бўйича авиация-кимёвий ишларни бажаради.
Шунингдек, Ми-8МТВ-1 вертолётлари воситасида қор қоплами кузатилади, тошиш хавфи бўлган кўллар мониторинги ўтказилади.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" режаси
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” 2021 йилгача йўловчи ташиш ҳажмини 1,3 маротабага кўпайтириб, йилига 3 миллион 300 минг кишига етказишни режалаштирган. Қиёслаш учун: Истанбулдаги Отатурк аэропорти 2015 йилда 61 млн. йўловчига хизмат кўрсатган.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" матбуот хизматига кўра, йўловчилар сонини ошириш режаси Тошкент аэропортида қўшимча терминални очиш ҳисобига амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилгача Тошкент аэропортининг соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатадиган 4-терминалини ишга туширишни режалаштирган.
Ўтган йил октябрида The Guide to Sleeping in Airports сайти Тошкент халқаро аэропортини йўлловчиларга хизмат кўрсатиш даражаси энг ёмон бўлган дунёнининг бешта аэропортидан бири деб топганди.
Стратегик ширкат
Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев октябрь ойида давлатнинг тўлиқ тасарруфида бўлган мамлакатдаги ўнта энг йирик стратегик корхонани акционерлик жамиятларига айлантиришни кўзлаган қарорни имзолади.
Улар орасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиаширкати ҳам бор.
Мазкур қарорга кўра, акционерлик жамиятларига айлантирилаётган компаниялар бутунлай хусусийлаштирилмайди, аксар улушлар давлат тасарруфида қолаверади.
Чорак аср муқаддам ташкил этилган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" мамлакатда мавжуд ягона авиакомпаниядир.
15 минг одамни иш билан таъминлаган ушбу авикомпания ўтган йилдан бошлаб, ўз чипталарини Интернет орқали сотишни йўлга қўйди.