Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:13

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон медицинаси “ислоҳотларга муҳтож” эканини тан олди


Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари умумхалқ хашарлари, пахта теримлари ва бошқа жамоат ишларининг асосий иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари умумхалқ хашарлари, пахта теримлари ва бошқа жамоат ишларининг асосий иштирокчилари ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакилари билан учрашуви чоғида виртуал қабулхонага тиббиёт соҳасига оид 7 мингта шикоят келиб тушганини айтди. Унга кўра, малакали мутахасисларнинг етишмаслиги, жой-жойларда тиббий кўрикларнинг номигагина ўтказилиши ортидан соғлиқни сақлаш хизматининг сифати кўнгилдагидай бўлмаяпти. “Бугун халқ бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз”, деди Мирзиёев.

Президент Мирзиёев 5 январь куни бўлиб ўтган учрашувда хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилиш кераклигини айтди.

“ Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ”, деди у.

Президент ўз сўзида давом этар экан халқ тиббиёт ходимларига ишониши зарур, деб қўшимча қилди.

“Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда соғлиқни сақлаш соҳасининг етакчи вакиллари, ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди.

Учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасида бир қатор ютуқлар борлигини таъкидлаган ҳолда, бугунги кунда бу соҳа "ислоҳотларга муҳтож” эканини яширмади.

“Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқ бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз, деди у. Тизимни мутлақо ўзгартириш — давр талаби”, -деди Мирзиёев.

Унга кўра, “Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир”.

Президентнинг айтишича, ўтган йилнинг сентябрь ойи сўнггида очилган вируал қабулхонага келиб тушган шикоятларнинг 7 мингдан кўпроғи тиббиёт соҳасига таалуқлидир.

Шавкат Мирзиёев жой-жойларда тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмаслигини, айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилаётганини таъкидлаб: “чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади”, деб билдирди.

Президентга кўра, қишлоқ тиббиёт пунктларидаги врачлар куни-тун ишлашига шароит яратиб бериш учун пункт ёнидан шу жойда ишлайдиган врачга уй қуриб бериш лозим.

Шунингдек, Мирзиёев барча ихтисослашган тиббий марказлар Тошкентда жойлашганини, шунинг учун бу марказлар мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатиши, жарроҳлик амалиётларини ўтказиши лозимлигини айтди.

Тадбирда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

XS
SM
MD
LG