Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Ўзбекистонда аввал Умра ва Ҳажга борганлар энди боролмайди


Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра сафарига аввал борганлар 2017 йилдан бошлаб у ерга энди боролмайди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкиллаштиришга масъул ходими Саидакмалхон Шокиров Озодлик мухбири билан суҳбатда 2017 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж сафарига фақат илгари ушбу амалларни бажармаган фуқароларни юбориш тартиби жорий қилинганини айтди.

- Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича жамоатчилик кенгаши 15 декабрда қарор чиқарган. Шу қарорда “2017 йилдан бошлаб Умра ва Ҳаж сафарига фақат илгари ушбу амалларни бажармаган фуқароларни юбориш тартиби жорий қилинсин”, дейилган. Демак, олдин борган, ундан аввалги йил ёки ўн йил олдин борганлар энди боролмайди. Шунинг учун олдин Ҳаж, Умрага бориб келган одамни навбати келиб қолган бўлса уларга Сиз тўхтаб туринг умуман бормаган одам борсин, деб тушунтириляпти, - деди Саидакмалхон Шокиров.

Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича жамоатчилик кенгаши Ўзбекистоннинг Ички ишлар вазирлиги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармаси, Дин ишлар қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва Нуроний жамғармалари ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатлари бошлиқларидан ташкил топган тузилмадир.

Ҳаж ва Умра сафарларини уюштириш тартиби ҳақида шу тузилма қарор беради.

Саидакмалхон Шокировнинг Озодликка айтишича, Ҳаж ва Умра сафарларини уюштириш ишларига масъул ҳукумат мулозимлари ва хизмат сафари бўйича Макка ва Мадинага борадиган ишчи ходимларига бу тартиб таалуқли эмас.

- Ҳар сафар Умра ва Ҳажга борувчиларга саккизта ошпаз, ўттизта доктор ҳамрохлик қилади. Уларга янги тартиб таалули бўлмайди. Чунки улар ҳар сафар боришларига тўғри келади, - деди Саидакмалхон Шокиров.

Ҳукуматнинг айни қарори бўйича ўзбекистонликлар турлича фикр билдирмоқда.

Хоразмлик Ҳожи она Жумагул опа буни “адолатли қарор“ деб ҳисоблашини айтди.

Жуда тўғри қилибди. Ҳозир Умра ёки Ҳажга бормоқчи бўлганлар жуда кўп. Аввал бормаганларга йўл очиш керак. Мени ўзим ҳам олдин Ҳажга борганман. Бир марта бордим, энди бошқалар борсин, - дейди Жумагул опа.

Тошкентнинг Учтепа тумани, Ўрикзор маҳалласида яшовчи Шоира Саидбекова бу қарорни “мантиқсиз” деб ҳисоблайди.

- Гап шундаки у ерга бормаганлар озчиликни ташкил қилади. Бундан ташқари умуман бормаганларни чўнтаги кўтармайди. Масалан мен 2013 йилда Умрага навбатга ёзилган эдим. Бу йил навбатим келди. Олдин борганим учун мени ўрнимга олдин бормаган одамни топиш учун маҳалладан одам қидиришди. Кўпчилиги, пулимиз йўқ, боролмаймиз, деди. Мени пулим бор юборишмайди, бормаганларни пули йўқ боролмайди. Бу мантиқсизликку, - дейди Шоира Саидбекова.

Умра - Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратдир ва бу мусулмонлар учун суннат амали ҳисобланади.

Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича жамоатчилик кенгаши Умрага боришни хоҳловчилар сони кўп бўлгани боис Ўзбекистонда йилига икки марта – баҳор ва куз фаслида Умрага сафар уюштиради.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкиллаштиришга масъул бўлган мулозими Саидакмалхон Шокировнинг айтишича, бу йил ҳам 6000 ўзбекистонлик учун Умра сафарига квота ажратилган.

- Шундан 5350таси баҳор мавсумида, 650таси Рамазон пайти боради, -деди Шокиров.

Умрага борувчиларни рўйхатга олиш ишлари эса 12 январидан 25 январига қадар давом этади.

Умрага борувчиларнинг биринчи гуруҳи келаси ой ўрталаридан Саудия Арабистонига йўл олишади.

XS
SM
MD
LG