Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Саратовда автоҳалокатда нобуд бўлган 7 киши орасида ўзбекистонликлар бор


Якшанба, 15 январга ўтар кечаси Россиянинг Саратов вилояти Петровский туманида содир бўлган автоҳалокатда 7 меҳнат муҳожири, жумладан 2 ўзбекистонлик нобуд бўлди. Катта юк машинаси билан юзма-юз тўқнашиб кетган минивэнда кетаётган мигрантлар паспортларига кирди-чиқди муҳрини уриб, чегарадан қайтаётгани маълум бўлди. Youtube тармоғида ҳодиса жойидан олинган видеокадрлар пайдо бўлди.

Жорий йилнинг 15 январга ўтар кечаси Нижний Новгород - Саратов йўналишида бораётган Toyota русумли минивэн Volvo русумидаги юк машинаси билан юзма-юз тўқнашиб кетди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Пенза вилоятидаги Ўзбеклар жамияти фаоли Сатимбой Бердиев Саратов вилояти, Петровский тумани, Тарумовка қишлоғи яқинида содир бўлган ҳалокатда 7 нафар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ватандошларининг барчаси нобуд бўлганини айтди.

- Тўрттаси - Қирғизистондан, иккитаси - Ўзбекистон ва яна бири Тожикистондан экан. Мен ҳозир ФМС маълумотлар базасига бориб текширдим – улар ҳаммаси Москвада, Химки шаҳрида регистрацияда турган, шу ерда битта фирмада ишлаган. Улар бир йиллик патентлари тугагани сабабли чегарага бориб қайтаётган бўлган. Тожикистон ва Қирғизистон жасадларни олиб кетишини билдирган. Иккала ўзбекистонликнинг қариндошлари борибди олиб кетгани, деди Сатимбой Бердиев.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг яқинларига зарурий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилаётганини хабар қилди.

Ўзбек жамияти раҳбари тасдиқлаган маълумотларга кўра, Петровский туманидаги автоҳалокатда нобуд бўлганлар орасида 2 ўзбекистонлик бор:

1. Людмила Бозорова, 1975 йилда туғилган, Янгиер шаҳридан;

2. Абдусаломов Зайниддин Абдурашид ўғли, 1992 йилда туғилган.

Шунингдек, Озодликка аварияда ўлган тўрт қирғизистонликнинг исми маълум бўлди. Булар 1970 йилда туғилган бозорқўрғонлик Айдарбек Молдошев, 1974 йилда туғилган Алмазбек Анашев, 1988 йилда туғилган Долатбек Боронов, 1983 йилда туғилган Жазгул Касимовалардир.

Конибодомлик 40 яшар Элёр Нуғмонов йўл-транспорт ҳодисасида нобуд бўлган ягона тожикистонлик экани аниқланди. Бу шахсларнинг ҳаммаси Москвада қайд этилган “Вимпел-Строй” қурилиш ширкати ишчилари бўлгани маҳаллий маъмурият томонидан очиқланди.

Автоҳалокатда нобуд бўлган меҳнат муҳожирлари жасадлари Петровский туман шифохонаси моргида қолмоқда.

Айни пайтда, Youtube тармоғида бевосита ҳодиса жойидан телефонга олинган видеокадрлар пайдо бўлди. Унда мажақланиб кетган О71-91С рақамли минивэн ва зарба кучидан кюветга чиқиб кетган прицепли юк машинаси олдида олиб борилаётган қутқарув ишлари акс этган.

Ҳодиса сабаблари тўғрисида фикр билдирган Саратов вилояти қутқарувчилари Volvo ҳайдовчиси машинада ухлаб қолгани ва қарама-қарши йўлга чиқиб кетганини тахмин қилмоқда. Юзма-юз тўқнашув туфайли катта тезликда кетаётган енгил машинадаги одамларга тирик қолиш имконини қолдирмагани айтилди.

- Toyota микроавтобусида халок бўлган йўловчилар жасадлари гидравлика ускуналари ёрдамида машинадан чиқариб олинди ва полиция ходимларига шахсини аниқлашга топширилди, деди ҳодиса жойида қутқарув ишларини олиб борган МЧС ходимларидан бири.

2013 йилда Самарадаги автоҳалокатда 13 муҳожир нобуд бўлган
2013 йилда Самарадаги автоҳалокатда 13 муҳожир нобуд бўлган

Ҳозирда йўл ҳаракати қоидасини бузган Volvo русумидаги юк ташувчи машинанинг 33 яшар ҳайдовчиси қўлга олингани, ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси ЖК 264 моддаси асосида жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда. Volvo ҳайдовчиси қонида алқогол ёки наркотик моддалари борлиги тасдиқланмади.

Озодлик Россияда қайд муддати тугаган ва паспортига кирди-чиқди муҳрини уриш мақсадида чегарага бораётган ёки келаётган ўнлаб автоҳалокатларда нобуд бўлаётган, турли жароҳатларни олаётган меҳнат муҳожирлари тўғрисида хабар бериб келади.

XS
SM
MD
LG