Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:04

Истанбулдаги ўзбеклар ўзларига нисбатан муносабат совуқлашганини айтмоқда


Туркия Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, мамлакатнинг 29 вилоятида 30 январдан 6 февралга қадар ўтказилган амалиётлар давомида "Исломий давлат" террор гуруҳига алоқадорликда гумонланиб 820 киши ҳисбга олинган. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Туркиядаги ўзбек диаспораси фаоллари ва меҳнат муҳожирлари берган маълумотга кўра, биргина Истанбул шаҳрининг ўзида ноқонуний яшаб юрган ўндан зиёд ўзбекистонлик ушланган.

Туркия полициясига кўра, охирги ойларда кузатилган энг йирик рейдлар чоғида қўлган олинганлардан турли хил ҳужжатлар, дигитал материаллар, икки тўппонча, тўрта милтиқ ва ўқ-дориларни мусодара қилинган.

Туркия Ички ишлар вазирлиги 820 нафар ҳибсга олингунга қадар 780 киши, жумладан 350 нафар хориж ватандоши ҳибсхоналарда сақланаётгани ҳақида маълум қилган эди.

“Исломий давлат” гуруҳи аъзолари ва хайрихоҳларига қарши амалиётлар 2017 йилга ўтар кечаси Истанбулдаги Рейна тунги клубига уюштирилган қуролли ҳужумдан кейин кучайди.

Ҳужум учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олди.

Ўзбекистонлик Абдулқодир Машарипов айбланаëтган мазкур ҳужум оқибатида 39 киши нобуд бўлди¸ яна ўнлаб одам жароҳат олди.

Абдулқодир Машарипов ҳужумдан 16 кун ўтиб Истанбулда қўлга олинди. Туркияда яшаëтган ўзбекларнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ бу ҳужумдан сўнг маҳаллий халқ орасида ўзбекларга нисбатан салбий қараш аломатлари сезила бошлаган.

Тошкентлик Муҳаммадга кўра, охирги пайтларда Истанбулда хориж ватандошларини текшириш кучайган. У ўз ватанини тилга олишга ҳам "хижолат" бўлиб қолганини айтди:

- Кўчаларда текшир-текширлар. Кимлиги (яшаш учун рухсатномаси - Озодлик изоҳи) йўқ олиб кириб ичкарига, текшириб, алоқаси борми-йўқми... Кейин телефонлар кўп текширилади. Аэропортлардаям текширишлар кучайган. Биров сўрасаям одам Ўзбекистонлик деганиям хижолат бўлиб қолади¸ дейди Муҳаммад.

Озодликка овози ёзиб олинмаслик шарти билан гапирган ўзбекистонлик тижоратчига кўра, Рейна тунги клубига ҳужумдан кейин ўзбекларга нисбатан муносабат "жудаям ўзгарган".

"Истанбулда тураман. Қўни-қўшниларимиз муомаласиям ўзгарган¸ тўғриси. Ёмон тарафга ўзгарган. Қўшниларимиз ҳам "клубга ҳужум қилган ўзбек экан-а?" деган нохуш саволларни бера бошлашди. Кеча уйимга кир ювиш машинасини тузатадиган уста келганди. Уям ўзбек эканлигимни билганидан кейин ҳадиксираб-ҳадиксираб, ғалати-ғалати муомалар қилди," - дейди ўзбекистонлик тужжор.

Тожикистонлик Абдулаҳад Абдулмажид ўғли эса ўзбекларга бундай муносабат шаклланишида маҳаллий матбуот "ҳисса қўшаяпти" деган фикрда:

-Умуман олиб қараганда, ёвқараш бор. Туркия медиясида "чекик гўзли", яъни "қисиқ кўзли" деб агитация бошлашди. Ўзбек турки, уйғур турки деб атайлаб урғу беришди, халқ орасида специально нафрат уйғотиш учун - дейди Абдулаҳад Абдулмажид ўғли.

Халқаро туркистонликлар ҳамкорлик жамияти раиси муовини Намоз Нормўмин ҳам Рейна тунги клубига ҳужумдан кейин ўзбекларга нисбатан муносабат "бироз ўзгаргани"ни эътироф этади:

-Чунки, баъзи матбуотда, хусусан, хусусий матбуотда, яъни оммавий ахборот воситаларида, телевизорларда "ўзбек террористи", деб айтилди. Биз буларни норозилик намойиши қилдик, баёнотлар бердик. Булар миллати билан ёки ватани билан айтилмасин, яъни террорчининг ватаниям, миллатиям бўлмайди, - деди Намоз Нормўмин.

Қаршилик Самат Жуллиев Туркия пойтахти Анқарада истиқомат қилади. У "Рейна" клубига ҳужумдан кейин ўзбекларга нисбатан ёвқарашни "умуман" сезмаганини айтади.

Унинг ишонишича, ўзбекларга салбий муносабат Истанбулда сезилаётган бўлиши мумкин, аммо бу Анқарадаги вазиятни бундай деб бўлмайди:

- Бизларга нисбатан ўзгаргани йўқ. Ўзбек, қирғиз, қозоқ ва туркманни бир хил кўришади. Истанбулда бўлиши мумкин. Аммо Анқарада бу нарса сезилмайди, - деди Самат Жуллиев.

XS
SM
MD
LG