Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:30

ЮНЕСКО Шаҳрисабзни жаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқариши мумкин


Маҳаллий меъморлар¸ қолаверса¸ халқаро мутахассислар ЮНЕСКО маданий мерослари рўйхатига киритилган Шаҳрисабз тарихий эски шаҳар қисмининг ҳаддан зиëд реставрация қилингани ва замонавий қурилишлар боис ўз меъморий қийматини йўқотаëтгани юзасидан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий ëдгорликларни асраш идораси мулозимининг шахси очиқланмаслик шарти билан Озодликка айтишича¸ Шаҳрисабзнинг қадимий қисмида ëдгорликларга путур етгани юзасидан текширув бормоқда:

- Шаҳрисабздаги Шoҳруҳ Мирзo нoмидан 1435 йили қурилган ва халқ орасида "Кўк гумбаз" номини олган Дoр-ут-тилoват меъморий мажмуасининг 1996 йили қилинган таъмир ишлари брак эканлиги муҳокама қилинди. Шаҳрисабзнинг ЮНЕСКОда қолиш ёки қолмаслиги шу йил ёзда ҳал бўлади. Ёдгорликларни сақлаб қолиш қонуни бор¸ аммо бу қонунни ижро қилиш механизми йўқ. Раҳбарнинг бир оғиз гапи билан меъморий асарни ялтиллатиб¸ битказиб қўйишади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозими.

2016 йил июлида Истанбулда ўтган ЮНЕСКО Маданий мерос қўмитасинининг 40-сессиясида “Шаҳрисабзнинг қадимий қисми “йўқ бўлиш хавфи остида қолган обидалар” рўйхатига киритилди.

"Кўк гумбаз"нинг 1979 йилги тасвири. Ўзбек Совет энциклопедиясидан олинди.
"Кўк гумбаз"нинг 1979 йилги тасвири. Ўзбек Совет энциклопедиясидан олинди.

2016 йилнинг 14 июль куни БМТ радиоси орқали гапирган ЮНЕСКО экспертлари Шаҳрисабз марказида туризмни ривожлантириш баҳонасида қадимий бинолар бузилиб¸ ўрнига замонавий меҳмонхонлар қурилгани бу шаҳар қиëфасига путур еткзаганлигини таъкидлашди.

Маълум бўлишича¸ ЮНЕСКО Маданий мерос қўмитаси аъзолари Шаҳрисабз шаҳрининг меъморий қиëфасига етказилган зарарни аниқлаш ва бу қадимий шаҳар меъморий қийматини қайта тиклашга қаратилган тадбирларни режалаш учун махсус миссия ташкил қилган.

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги маданий ëдгорликларни асраш идораси мулозимининг айтишича¸ бу миссия аъзолари Шаҳрисабздаги аҳволни “ўта ачинарли” деб топган.

Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси аъзоси¸ таниқли меъмор Озодлик билан суҳбатда Шахрисабз эски шаҳар мавзеининг катта қисми йўқ қилинганини айтди:

-Шаҳризсабз шаҳрининг энг қадимий қисмини 10 фоизидан ортиғини бузиб ташлашибди. Меъморлар ва соҳа мутаҳассисларини гапини инобатга олишмади. Барибир бу соҳа меъморлар қўлида эмас, бизнесмен пудратчилар қўлида. Бизда қуришдан бузиш яхши пул турар экан. Шунинг учун булар бузишга ишқибоз. Агар имкон бўлса Ўзбекистондаги тарихий масканларида ҳарқандай қурилиш-таъмирлаш ишларини номаълум муддатга тўхтатиш керак¸ дейди меъмор.

"Кўк гумбаз" мажмуаси реставрациядан" кейин.
"Кўк гумбаз" мажмуаси реставрациядан" кейин.

Акмал Ризаев тахаллуси билан мақолалар ëзадиган тошкентлик санъатшунос Озодлик билан суҳбатда Шаҳрисабздаги Жаҳонгир мақбараси ва Ҳазрат Имом масжиди ҳам реставрация боис тарихий қийматдан мосуво бўлганлигини гапирди:

- Ўзбек мулозимлари консервация эмас¸ реставрация тарафдори. Дунë меъморлари орасида эса консервация трендга айланган. Яъни аслини сақлаш. Синиқ бўлса ҳам¸ вайрона бўлса ҳам¸ ўқ ўтмас ойналар орасида сақлашади қадимий обидалар қолдиқларини. Шаҳрисабз ëдгорликлари совет даврида Самарқанд учун донор вазифасини бажариб¸ анча ғариблашди. Яъни Самарқандни ярақлатиш учун Шаҳрисабздаги обидаларнинг нақшин кошинлари трансплантация қилинди. Лекин нисбатан шаҳар ўз ҳолича сақланди. Мустақиллик давридаги “Амир Темур мафкураси” боис Шаҳрисабз мисли кўрилмаган таъмирлаш боис ўрни тўлдирилмайдиган даражада бузилди. Амир Тeмурнинг 660 йиллиги мунoсабати билан олиб борилган “тезлаштирилган реставрация” боис Оқсарой қадимий обидадан кўра¸ Дисней ленд мултикларидаги Аловиддин саройига ўхшайдиган псевдо обидага айлантирилди¸ дейди Акмал Ризаев.

Суҳбатдошга кўра¸ реставрация баҳонасида қадимий ëдгорликларни бузиш тадбирларини Хива¸ Самарқанд ва Бухорода ҳам кўриш мумкин:

Ислом Каримов қадимий Ҳазрати Хизр мақбараси олдига дафн этилди.
Ислом Каримов қадимий Ҳазрати Хизр мақбараси олдига дафн этилди.

- Бухородаги Чор минордан бириси қулаб тушганидан кейин замонавий қурилиш материалларидан тикланди. Хивадаги Дишон қалъа деворларидаги қабрлар текисланиб¸ маҳаллий гилам фабрикаси чиқити аралашган сувоқ билан сувалди. Самарқанднинг Ҳазрати Хизр мавзеига Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов мемориали барпо этилиши ҳам бу ҳудуд меъморий қиëфасини бузади¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG