Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:19

Вазир ўринбосари “тез ёрдам” ночор аҳволда эканини тан олди


Фарғонада виртуал қабулхона мурожаатларига беписанд мансабдор жавобгарликка тортилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ўзбекистонда “тез ёрдам” билан боғлиқ долзарб муаммолар борлигини эътироф этди. Қашқадарёда порахўр йўл нозири озодликдан маҳрум этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Виртуал қабулхона мурожаатларига жавоб йўллашни пайсалга солган мансабдор жавобгарликка тортилди

Фарғона вилоятидаги “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси раҳбари А.Эргашев виртуал қабулхонага келган мурожаатларга жавоб йўллашни пайсалга солгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 16 февраль). Давлат корхонаси мансабдорлари белгиланган бир ой муддат ўтиб кетса-да, виртуал қабулхона орқали келган 47 та мурожаатни кўриб чиқиш чорасини кўрмаган. 232 та кўриб ҳал этилган мурожаатга жавоб йўллаш ҳам кечиктирилган. “Водийгазтаъминот” давлат корхонасига йўлланган яна 31 та мурожаат Pm.gov.uz сайтидан тегишли тартибда юклаб ҳам олинмаган. Қайд этилишича, Фарғона вилоятининг турли туманларидан давлат корхонасига йўлланган мурожаатларнинг аксари газ йўқлиги ёки газ босими камлиги ҳақидадир.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари: Тез ёрдамнинг кечикиш ҳоллари расмий статистикадан ҳам кўпроқ

Ўзбекистон бўйича тез тиббий ёрдамнинг кечикиб келиши ҳамон долзарб муаммо бўлиб қолмоқда (“Даракчи”, 16 февраль). Расмий статистикага кўра, кечикиш 15-20 фоизни ташкил этади. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази бош директори Абдуҳаким Ҳожибоевга кўра эса, бу кўрсаткич расмий статистикадан кўпроқ. Қайд этилишича, 32 миллионли аҳолига тез тиббий ёрдамни меъёрида ташкил этиш учун 2400 та автомашина керак. Айни пайтда эса 1800 тадан кўпроқ машинадан фойдаланиляпти. Аммо уларнинг ярмидан кўпи техник талабга жавоб бермайди. Вазир ўринбосари бу масалани икки ойда ҳал этишга ваъда берган.

“Ўзстандарт” агентлиги сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини фош этди

“Ўзстандарт” агентлиги мамлакатдаги савдо расталаридан 34 хил кундалик озиқ-овқат маҳсулотини синов тариқасида харид қилиб, лабораторияларда текширувдан ўтказди. “Даракчи” нашри хабарига кўра, текширув асносида маҳсулотларнинг творог, қаймоқ, кефир, ош тузи, маргарин, колбаса каби 13 хили меъёрий сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. “Бу текширув натижаларининг ачинарлиси шундаки, сифати талабга жавоб бермайдиган аксарият маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари болалардир”, дейди агентликнинг Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси Ҳилола Тошпўлатова. Сифатсиз маҳсулотлар айнан қайси савдо расталарида фош этилгани очиқланмаган.

Ички ишлар ходими порахўрлиги учун озодликдан маҳрум этилди

Қашқадарё вилояти ИИБ йўл-патрул хизмати батальони инспектори Ш. Тошбоев нафси ҳакалак отиб, тамагарлик қилгани учун озодликдан маҳрум этилди (“Постда”, 11 февраль). Инспектор вилоятнинг Яккабоғ тумани ҳудудида машинани ҳужжатсиз бошқариб кетаётган ҳайдовчи Ж.Одиловдан 300 минг сўм пора талаб қилган. Ҳайдовчи қолган пулни кейин келтириш ваъдаси билан 150 минг сўм берган. Инспектор Ш.Тошбоев бир нечта марта Ж.Одиловни тўхтатиб, пулнинг қолганини қачон беришини сўраб ҳоли-жонига қўймаган. “Бундан сабр косаси тўлган ҳайдовчи охири пичоқ бориб суякка тақалганини ҳис қилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берди”, деб ёзади ИИВ нашри.

XS
SM
MD
LG