Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Ўзбекистон ХМТ талабларини бажариш учун махсус комиссия тузмоқда


Ўзбекистонда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг имзоланган конвенцияларига риоя қилиниши бўйича Республика идоралараро комиссиясини тузиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган лойиҳа "Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ратификация қилинган конвенцияларини 2017-2020 йилларда татбиқ этиш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида" деб номланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда ХМТнинг конвенцияларини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссия тузилади.

Ушбу комиссияга Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева етакчилик қилади.

Комиссия таркибига, шунингдек, 18 киши, жумладан, меҳнат, ташқи ишлар, молия, иқтисодиёт, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари ўринбосарлари, Савдо-саноат палатаси раиси ва бошқалар киради.

Комиссия ХМТнинг конвенциялари ва тавсияларини татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботларини шакллантиради. Халқаро анжуманлар, кенгашлар, маслаҳатлашувлар ва бошқа шу каби йиғилишларда қатнашади ҳамда уларда меҳнат ва бандликка доир Ўзбекистон нуқтаи назарни маълум қилади.

Шу ой бошида ХМТ 2 ўз ҳисоботида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишни бартараф қилиш бўйича мажбуриятлари ва чора-тадбирларинининг тадбиқ этилишини мониторинг қилгани ва Жаҳон Банки томонидан қўллаб-қувватланадиган қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳаларда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмаганлигини” маълум қилганди.

“Болалар меҳнатидан фойдаланиш номаъқул эканини жамиятнинг барча қатламлари: ҳукумат, ўқитувчилар, мутахассислар, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда. Ўзбекистон уюштирилган болалар меҳнатидан босқичма-босқич воз кечди”, - дейилади Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботида.

ХМТ ҳисоботида таъкидланишича, айрим тоифадаги кишилар, хусусан талабалар, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда давлат ташкилотлари ходимлари учун мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари хавфи сақланиб қолмоқда.

Мониторинг, хусусан, катталар орасида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хавфини бартараф қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши керак деган хулосага келди ва бу каби хавф борлигини Ўзбекистон ҳукумати эътироф этганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG