Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:27

Саратов вилоятидаги автоҳалокатда ўлган 6 кишидан 4 нафари - ўзбекистонлик


Юзма-юз тўқнашиб кетган автомобиллар ҳолати.
Юзма-юз тўқнашиб кетган автомобиллар ҳолати.

Саратов вилоят полицияси Петровск-Саратов трассасида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлган 6 кишидан 4 нафари Ўзбекистон, биттаси Тожикистон ва яна бири Россиядан эканини аниқлади. Дастлабки тахминларга кўра, паспортга кирди-чиқди муҳрини урдириш учун чегарага муҳожирларни олиб бориб, қайтаётган "Kia Rio" автомобили ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган.

Авария соат 5:30 ларда Тарумовка қишлоқи яқинидаги автотрассада содир бўлди.

Бу маълумотни Озодликка тасдиқлаган Петровский туман полиция бўлими навбатчисига кўра, ҳозирда барча ўлганлар шахслари уларнинг кийимидан топилган ҳужжатлар асосида дан тасдиқланган.

- Ўлганлардан тўрттаси Ўзбекистон, бири – Тожикистон ва яна бири Россия ватандоши экан. Тергов энди бошланди. “Ниссан” автомашинасида бир киши – у Петровский туманилик, қолган беш киши “Kia Rio” автомобилида бўлган. Машинадагилардан иккитаси аёл бўлган. Улар чегарадан қайтиб келаётган экан, деди Петровский туман полиция бўлими навбатчи офицери.

(Фото муаллифи - Вера Синицина)
(Фото муаллифи - Вера Синицина)

Озодликка маълум бўлишича, Москвада меҳнат қилиб келган ўзбекистонлик ишчилар якшанба куни Россия миграция қоидаларини бузмаслик учун Қозоғистон чегарасига бориб, қайтаётганида тўқнашиб кетган. Машинада 41 яшар ўзбекистонлик ва 36 ёшли тожикистонлик икки аёл, 32 ва 19 ёшли яна икки эркак бўлган.

“Ниссан Альмера”да кетаётган Петровский туманилик ҳайдовчи 61 ёшда экани маълум.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари авария содир бўлган йўл қисми қордан ва муздан тозаланган, текис ва очиқ бўлганини таъкидламоқда. Улар “Kia Rio” автомобилини бошқариб келган 29 яшар ўзбекистонлик ҳайдовчи рулда ухлаб қолгани ва йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетганини тахмин қилаётир.

Саратов вилоятининг “Ўзбеклар жамоаси” ташкилоти раҳбари Сатимбой Бердиев полиция билан биргаликда автоаварияда халок бўлган ўзбекистонликлар яқинларини аниқлаш ва жасадларни юртларига юбориш бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирди.

Ўзбеклар жамияти раҳбаридан олинган рўйхатга кўра, автоҳалокатда нобуд бўлганлар булар:

1. Тешабоев Бунёдбек Кучиевич, 26.02.1987 й.т., Ўзбекистон Республикаси ватандоши, “Kia Rio” ҳайдовчиси;

2. Бозорбоев Тўлқинжон Абдуқаххорович, 25.02.1984 й.т., Ўзбекистон Республикаси ватандоши;

3. Сучанбоев Музаффар Миробиддин ўғли, 19.03.1997 й.т., Ўзбекистон Республикаси ватандоши;

4. Собирова Марҳабо Қодировна, 15.06.1975 й.т., Ўзбекистон Республикаси ватандоши;

5. Солиева Дилдора Раҳматуллаевна, 08.03.1981й.т., Тожикистон Республикаси ватандоши;

6. Пивоваров Борис Николаевич, 1955 й.т., Россия Федерацияси ватандоши, “Ниссан” ҳайдовчиси.

Ҳодиса жойида Россия Давлат автомобил инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, милиция ва прокуратура ходимлари тафтиш олиб бормоқда.

Петровский туманида содир бўлган фожеа акс этган видеотасвир “Саратов янгиликлари”нинг Youtube саҳифасида пайдо бўлди.

(Видео Novosti-saratova саҳифасидан олинди)

Унда мажақланиб, қолдиқлари йўлга сочилиб кетган машиналардан олиб чиқилган жасадлар йўқ ёқасига териб қўйилгани акс этганини кўриш мумкин.

Озодлик Россияда қайд муддати тугаган ва паспортига кирди-чиқди муҳрини уриш мақсадида чегарага бораётган ёки келаётган ўнлаб автоҳалокатларда нобуд бўлаётган, турли жароҳатларни олаётган меҳнат муҳожирлари тўғрисида хабар берган.

2017 йилнинг 1 февралида Янги Москва туманидаги Варшавский шоссесида содир бўлган аварияда 9 киши халок бўлган, 3 киши оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилганди. Ҳодисада 3 ўзбекистонлик меҳнат муҳожири нобуд бўлгани, яна иккиси реанимацияда экани аниқланганди.

Шу йилнинг 15 январига ўтар кечаси Саратов вилоятининг худди шу Петровский туманида содир бўлган автоҳалокатда 7 меҳнат муҳожири, жумладан 2 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди. Катта юк машинаси билан юзма-юз тўқнашиб кетган минивэнда кетаётган мигрантлар ҳам паспортларига кирди-чиқди муҳрини уриб, чегарадан қайтаётгани маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG