Ўзбекистонда бундан буён судьялар танлов асосида танланади. Жорий йилнинг 1 июнидан эса Ўзбекистонда Олий суд, Олий хўжалик суди бирлаштирилади ва ватандошлик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий масалалар бўйича ягона олий судлов тизими ташкил этилади. Бу борадаги фармонни 21 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
Ўзбекистонда Судьялар олий кенгаши ташкил этилади.
Президентнинг “Ўзбекистон республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилишича, Ўзбекистонда Судьялар олий кенгаши ташкил этилади.
Мазкур кенгаш “судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш”, судьялар даҳлсизлигини таъминлаш, судьяларни касбий тайёрлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортишга хулоса бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан шуғулланади.
Фармонда келтирилишича, Кенгаш раиси президентнинг тақдимномасига кўра Олий Мажлиси Сенати томонидан тайинланади.
Ўн бир нафар аъзо Кенгаш раисининг тақдимномаси асосида президент томонидан тасдиқланади.
Кенгашнинг яна 9 аъзоси эса президент томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ватандошлик жамияти вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан тасдиқланади.
Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилади, маъмурий судлар ташкил этилади
Фармонга биноан Ўзбекистонда Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилади ва ватандошлик, жиноий, маъмурий ҳамда иқтисодий масалалар бўйича ягона олий судлов тизими ташкил этилади.
Бундан ташқари фармонда “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъатини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатини ташкил этиш” таъкидланган. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва туманларда маъмурий судларни ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда давлат органлари ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар ватандошлик ва хўжалик судлари томонидан,маъмурий ҳуқуқбузарликлар эса жиноят судлари томонидан кўриб чиқилар эди.
1 июндан бошлаб эса бу ишларнинг барчаси маъмурий судлар томонидан кўрилади. Бунинг учун “Маъмурий судлов тўғрисида”ги ва “Маъмурий процедуралар тўғрисида”ги янги қонунлар ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Фармонга биноан хўжалик судлари иқтисодий судларга айлантирилади. Ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев фармони билан амалдаги суд мажлиси котиби лавозими тугатилади ва уларнинг ўрнига судья катта ёрдамчиси ва судья ёрдамчиси лавозимларини киритилади.