Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:07

Мирзиёев Қашқадарёда заъфарон экишни буюрди, фермерлар унинг нималигини билмаяпти


Афғонистон ҳукумати заъфарон етиштиришни кўкнори ўрнини босиши мумкин сердаромад соҳа сифатида кенг рағбатлантирмоқда. Ҳиротдаги заъфарон даласи.
Афғонистон ҳукумати заъфарон етиштиришни кўкнори ўрнини босиши мумкин сердаромад соҳа сифатида кенг рағбатлантирмоқда. Ҳиротдаги заъфарон даласи.

Шанба куни Қашқадарë вилоятига қилган сафари давомида ўтказган йиғинлардан бирида президент Шавкат Мирзиëев деҳқон ва фермерларга яна бир янги топшириқ берди. Вилоят ҳокимлигининг Озодлик боғланган расмийси¸ президентнинг бу топшириғи бўйича шуғулланувчи шахслар тайинлангани ва улар маҳаллий университетнинг ботаника факультети ва қишлоқ хўжалик илмий тадқиқотлари институти ходимлари билан илк маслаҳатлар бошлаганини билдирди.

“Президент заъфарон (Ғарбда saffron crocus дейиладиган ўсимлик -таҳр.) )экиб¸ уни экспорт қилинглар ва мамлакатга валюта олиб келинглар”¸ деган гапни жиддий қўйди. Ҳозир вилоят ҳокимлиги¸ асосан¸ тоғли ҳудудлардаги туманлар билан заъфарон плантациялари ташкил этиш масаласида зудликда иш бошлади. Бир ҳафта -10 кун ичида¸ кимнинг қаерда қанча экишини режаси ишлаб чиқилади”¸ деди президент Мирзиëев ўтказган йиғилишда қатнашган қашқадарëлик агрономлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Қашқадарëлик фермерлар заъфаронни кўрмаган

Президент Мирзиëевнинг Қашқадарëдаги тоғ ва тоғолди ҳудудларида заъфарончиликни йўлга қўйиш топшириғи муносабати билан Озодлик Шаҳрисабз ва Касби туманларидаги айрим фермерлар билан боғланди.

Заъфарон деган сўзни эшитган бўлса-да¸ унинг нималигини билмаслигини айтган бу суҳбатдошлар¸ на ўзлари ва на ота-боболари бундай ўсимликни экиб кўрмаганини эътироф этдилар.

Афғон далаларидан олинган бу суратдан заъфарон меҳнатининг пахтаникидан ҳам оғирроқлиги кўрилади.
Афғон далаларидан олинган бу суратдан заъфарон меҳнатининг пахтаникидан ҳам оғирроқлиги кўрилади.

“Қанақа ўсимлик у¸ қандай экилиб¸ қандай етиштирилади¸ билмайман. Агар фойдали бўлса¸ экамиз¸ нега экмаймиз. Ҳозир зайтун экиб кўришни бошладик. Ҳозирча ҳосили жуда кам¸ лекин йил ўтса¸ кўпаяр¸ деб турибмиз. Биз янги нарсаларни синаб кўришдан қўрқмаймиз. Президентимиз заъфарон экинглар деëтган бўлса¸ бир нарсани билса керак”¸ деди шаҳрисабзлик йирик фермерлардан бири.

Касбилик фермер эса¸ президент топшириғидан кейин заъфаронга қизиқиб қолгани¸ вақт топиб¸ Интернетдан бу ўсимлик ҳақида ўқиб-ўрганиш нияти борлигини билдирди.

Заъфарон нима ва у Ўзбекистон шароитида ўсадими?

Заъфарон – сапсардошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик ва унинг айрим ëввойи турлари Ўзбекистон адир ва тоғларида табиий ҳолда ўсади.

Заъфароннинг гул устунчаси пазандачилик ва фармацевтикада ишлатилади. "Қизил олтин" деб ном чиқарган заъфарон минг йиллардан бери энг қиммат ўсимлик бўлиб қолмоқда – унинг бир грамми баҳоси турига қараб¸ 10 доллардан 65 долларгача боради.

Заъфарон дунё бўйлаб 300 (уч юз) тоннагина етиштирилади

Заъфаронни экиб¸ уни сотишга ҳозирлагунгача бўладиган барча меҳнат¸ фақат қўл меҳнатидир.Афғон аëллари заъфарон гулларини сараламоқда.
Заъфаронни экиб¸ уни сотишга ҳозирлагунгача бўладиган барча меҳнат¸ фақат қўл меҳнатидир.Афғон аëллари заъфарон гулларини сараламоқда.

CNN ва The Guardian каби Ғарб ахборот воситаларига кўра¸ жаҳон бозоридаги бир йиллик заъфарон миқдори¸ 300 тонна атрофида чамаланади ва унинг қарийб 90 фоизи Эроннинг ғарбий Хуросон минтақасида етиштирилади. Бир гектарлик заъфарон плантациясидан кўпи билан бир килограмм қуруқ заъфарон олиш мумкин ва бир кило ҳосил учун камида

150 минг дона бинафшаранг гулни уч ҳафта ичида эрта тонгда қўл билан териш керак бўлади.

Эҳтиëткорлик билан қуритиладиган бу гуллар¸ сўнгра тўқ қизил рангга киради ва шу шаклда истеъмолчи¸ асосан¸ қимматбаҳо Ғарб ресторанларига сотилади. Заъфарон етиштириш махсус иқлим баробарида жуда машаққатли ва меҳнатталаб бўлгани боис¸ уни экиш ва етиштириш¸ баҳосининг қимматлигига қарамай¸ жаҳонда оммалашмаган.

Заъфароннинг заъфарондан фарқи бор

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги тадқиқотларига ихтисослашган ўқув марказларидан бири мутахассиси¸ Ўзбекистон тоғли ҳудудларида табиий ҳолда ўсадиган ëввойи заъфарон билан жаҳон бозорида олтиндан қимматга сотиладиган заъфарон тури ўртасида катта фарқ борлигини айтади.

Қуритилганидан кейин тўқ қизил рангга кирадиган заъфарон гулларининг вазни ниҳоятда енгилдир.Эронлик аëл заъфарон вазнини ўлчамоқда.
Қуритилганидан кейин тўқ қизил рангга кирадиган заъфарон гулларининг вазни ниҳоятда енгилдир.Эронлик аëл заъфарон вазнини ўлчамоқда.

"Президент Эронда етиштириладиган заъфаронни назарда тутаяпти¸ чамаси. Уни экиш тажрибаси ўтган аср бошларида ҳам бўлган¸ бойларимиз Эрондан олиб келиб¸ экиб кўришган. Аммо ўзини оқламагани учун бошқа экилмаган. Пахта бундан фойдалироқ¸ деб¸ пахтага ўтиб кетишган"¸ дейди бу мутахассис.

Бу олим¸ катта ҳудудларда заъфарон экишни бошлашдан олдин¸ экспериментал марказларда экиб¸ қанча ердан қанча ҳосил олиш мумкин¸ унга қанча меҳнат¸ қанча ресурс кетишини ҳисоблаб чиқиш лозимлигини айтади.

“Президент айтди деб¸ энди ура-ура бошланади. Фермерларни заъфарон экишга мажбурлашади. Лекин бу нарса иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдими-йўқми¸ буни ҳеч ким билмайди. Заъфаронни қишлоқ хўжалигига олиб кириш учун¸ биринчидан¸ давлат буюртмачи бўлиши керак. Иккинчидан¸ унинг бозори аниқ бўлиши керак – кимга¸ қайси нархда¸ қанча сотамиз¸ дегандек. Ҳозирча заъфарон олтиндан қиммат экан¸ экиб-сотамизу¸ валюта олиб келамиз¸ деган гап бор¸ холос. Унга ажратиладиган ер¸ кетадиган меҳнат ва ресурслар ўзини оқлайдими¸ сотадиган бозоримиз борми¸ бунга жавоб йўқ”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

Афғон тажрибаси

2001 йилдан бери Афғонистон ҳукумати уруш даврида¸ асосан¸ контрабанда учун кўкнори экиб¸ даромад қилиб келган деҳқонларни муқобил сердаромад экин сифатида¸ заъфарон етиштириб¸ экспорт қилишга рағбатлантириб келмоқда.

Афғон бозорларида сотилаëтган заъфарон уруғлари.
Афғон бозорларида сотилаëтган заъфарон уруғлари.

Шу мақсадда Ғарб молиявий ëрдами билан Кобул ҳукумати кўкнори ўрнига заъфарон экишга ўтадиган деҳқонларга техник-молиявий ëрдам ва махсус тренинглар бериб келмоқда. Дунëнинг турли минтақаларидан олиб келинган энг яхши заъфарон навларини экишга киришган афғон деҳқонлари¸ Афғонистон қишлоқ хўжалик вазирлиги келтирган маълумотга кўра¸ 2016 йилда жами 2811 гектар ерга заъфарон эккан. Бу 2015 йилги 1020 гектарга солиштирганда¸ 250 фоизга кўпдир.

Заъфарон бозорига Эрон¸ Кашмир ва Марокаш заъфарони баробарида афғон ҳосилининг ҳам қўшилгани¸ кузатувчилар фикрича¸ бу бозордаги рақобатнинг ошишига олиб келмай қолмаган.

XS
SM
MD
LG