Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:02

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга сармояни "кескин кенгайтирмоқда"


ЕТТБ президенти Сума Чакраборти.
ЕТТБ президенти Сума Чакраборти.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонга сармоя киритишни "кескин кенгайтирмоқда". Бу ҳақда ушбу банкнинг сўзчиси Жонатан Чарлз 15 март куни Озодлик саволларига ёзма жавоб бераркан маълум қилди.

ЕТТБ президенти Сума Чакраборти бошчилигидаги делегация 15-17 март кунлари расмий Тошкент, жумладан президент Шавкат Мирзиёев билан Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳолати ва мамлакатда банк сармоясини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилади.

ЕТТБ Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият кўрсатиб келади, бироқ банк ушбу мамлакатда ўз амалиётларини 2010 йилда бутунлай музлатиб қўйганди.

ЕТТБ Марказий Осиё давлатларидаги энг йирик сармоядор бўлиб, банкнинг МО давлатларидаги асосан хусусий секторга ётқизган сармояси 12,3 миллиард долларни ташкил этади.

Приоритет: кичик ва ўрта бизнес

"Биз ҳеч қачон Ўзбекистонни тарк этмадик. Биз ҳалиям миқдори 8 миллион еврога тенг фаол лойиҳаларимиз бор - деб ёзди Озодлик саволларига жавоб берган ЕТТБ сўзчиси Жонатан Чарлз - Аммо, биз бу сармояни кескин оширмоқчимиз. Эҳтимолий лойиҳаларни аниқлаш ишлари бошланган.​"

Унинг маълум қилишича, банк асосий сармояларни хусусий секторга ётқизишни истаса-да, бошқа лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилади.

"Кичик ва ўрта ҳажмдаги ширкатлар биз учун приоритет ҳисобланади," деб ёзди Жонатан Чарлз.

У Ўзбекистон расмийлари билан Тошкентда бўлаётган учрашувлар банк раҳбариятида "жуда яхши таассурот" қолдираётганини айтди.

"Улар (Ўзбекистон расмийлари) иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни сидқидилдан исташяпти ва биз уларни мамнуниятла қўллаб-қувватлаймиз," деб ёзди Сума Чакраборти бошчилигидаги делегация таркибида бўлган Жонатан Чарлз.

Февраль ойининг биринчи ярмида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифини амалга оширганди.

Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда 5 кун давомида бош вазир, ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан учрашувлар ўтказиб, Ўзбекистонда банк фаолиятини қайтадан бошлаш масаласини муҳокама қилганди.

Тугаётган "танаффус"

Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида 1993 йилда алоқа ўрнатилган, аммо банк, 2003 йилдан бошлаб, Ўзбекистонга кредит ажратишни камайтирди.

ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликда илк хавотирли тисарилиш 2003 йил майида кузатилди.

Тошкентда бўлиб ўтган ЕТТБ саммитида банк раҳбарияти Ўзбекистонни авторитарлик, иқтисодий ислоҳотларга риоя этмаслик, сўз эркинлигини бўғиш ва қамоқхоналарда систематик қийноқларни қўллашда айблади.

Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримов мазкур саммитда банк "Ўзбекистонда ўказилаётган ислоҳотларда катта роль ўйнамоқда", деб таъкидлаган эса-да, мамлакатда қийноқларнинг қўлланишини эътироф этмаган эди.

2005 йил майида Андижонда юз берган қонли воқеалар ҳам муносабатларни янада совуқлаштирди.

2010 йилда ЕТТБ мамлакатдаги лойиҳалар учун кредит маблағлари ажратишни бутунлай тўхтатганди.

15 йил давомида ЕТТБ Ўзбекистонга 1 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритди.

Ушбу сармояларнинг салмоқли қисми хусусий секторга йўналтирилган эди.

Аммо, ҳозирги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти умумий ҳисоби 8 миллион евролик бор-йўғи бешта лойиҳани қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолмоқда.

Бироқ, ЕТТБ сўзчиси Жонатан Чарлз банкнинг Ўзбекистондаги фаолияти тўхтаб қолганини "танаффус" дея баҳолади.

"Янги президент ҳам, ЕТТБ ҳам бу танаффуз поён топишини истайди ва биз ҳозир шу йўлда ишлаяпмиз. Иккала томон ҳам сармоя учун лойиҳаларни аниқламоқда," деди у.

Жонатан Чарлз ЕТТБнинг Ўзбекистонга қайтиши учун қандай шартлар илгари сурилганини шарҳламади, бироқ у: "Биз янгича муносабатлар учун шароитлар муҳайё деб ишонамиз," дея қўшимча қилди.

Озодликнинг ЕТТБ ва Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, банк Ўзбекистонда ўз фаолиятини расман қайта бошлаётганини 17 мартда эълон қилиши кутилмоқда.

Аммо, ЕТТБнинг Ўзбекистонга айнан қанча сармоя билан келиши ҳозиргача аниқлангани йўқ.

XS
SM
MD
LG