Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:07

Ўқувчиларини уриб, ҳақоратлаган бошланғич синф ўқитувчиси ишдан ҳайдалди


Фарғонадаги ўрта мактаблардан бирида бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчиларини ураётгани, ҳақоратомуз сўзлар билан уларни таҳқирлаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан зўравон муаллим ишдан ҳайдалгани маълум бўлди. 16 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Фарғона шаҳридаги мактабда ишлаши айтилаётган мактаб ўқитувчиси бошланғич синф ўқувчиларини китоб билан ураётганини кўриш мумкин.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасидаги исми сир қолишини истаган мулозим Озодлик билан суҳбатда 3- синф ўқувчиларига дарс бериш чоғида ўқувчи ўғил-қизларни калтаклаган А. исмли муаллиманинг иши бошқармада жиддий кўриб чиқилгани ва у ишдан ҳайдалганини тасдиқлади.

– Бу ўтган ойда бўлган экан, кимдир синфда видеога олиб, тарқатворган. Видео тарқалганидан кейин шу мактаб раҳбариятига қаттиқ огоҳлантириш берилди, ўқитувчи ишдан бўшатилди, - деди бошқарма мулозими.

16 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода муаллима аёл ўз ўқувчиларини “мол”, “ҳайвон” деган сўзлар билан ҳақоратлайди, кейин китоб билан бирин-кетин ўқувчиларни аёвсиз ура бошлайди.

"Орқага биронтанг қарасанг, каллангни орқага буриб қўяман. Менга қараб яна бир марта тўрсайгин, ўлдириб ташлайман", - дея дўқ қилади муаллим ўз ўқувчиларига.

Ўқитувчининг исми ва бу ҳодиса қайси мактабда содир бўлгани Озодликка маълум, лекин таҳририят журналистика этикаси нуқтаи назардан бу маълумотни очиқламайди.

Видеони синфда ўтирганлардан бири яширинча уяли телефонига олган.

Фарғоналик бошланғич синф ўқитувчисининг ўқувчиларни ҳақоратлагани ва уларга қўл кўтаргани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Озодликнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида видеони ўн соат ичида қарийб 55 минг одам кўрди, мингдан зиёд фойдаланувчи видеони ўртоқлашди, 700дан зиёд фойдаланувчи видео остига изоҳ қолдирди

Аксарият фойдаланувчилар ўқитувчининг ҳатти-ҳаракатини қораламоқда.

Facebook тармоғининг Amantu Billahi исмли фойдаланувчиси: “Педагогика ва психология, методикадан бехабар , болаларга муҳаббати йўқ одам болалар билан ишлай олмайди. Оғзидан чиққан ҳақоратларига қараганда, бу одам қандай ўқиган экан, деган фикр келди. Бошланғич синф ўқувчиларига ўқитувчининг ўзиям, керак бўлса, бола бўлиб, актёр бўлиб дарс ўтиши керак. Бечора болалар!!! Бундай ўқитувчилар болаларни тарбиялай олмайди, чунки ўзи тарбияга муҳтож! Бу ўқитувчи ўз фарзандлариниям "мол, ҳайвон, молга ўхшамей ўл", деб тарбияласа керак?, - дея изоҳ қодирди.

Дастлаб “Америка овози” радиоси мухбири Одил Рўзалиев видеони ўзининг Facebook саҳифасига жойлади ва воқеа Фарғона шаҳридаги у таълим олган мактабда рўй бергани ҳақда ёзди: “Афсус. Бизнинг пайтимизда ҳам ўқитувчилар сўкарди ўқувчиларни, лекин бунақа даражада бўлмасди, менимча. Смартфонлар бўлмаган экан у пайтда, таққослаш учун”, - деб ёзди Одил Рўзалиев.

Тармоқнинг Садр Джамал исмли фойдаланувчиси эса: “Билмадиму лекин шунақа ўқитувчиларни дарсига астойдил тайёргарлик қилиб, зўр ўрганиб яхши баҳолар олишга ҳаракат килар эдик. Юмшоқ ўқитувчиларни дарсига эътибор ҳам пастроқ бўларди. Ота-она боласини мактабга илм ўргансин деб юборади. Шу ўқитувчиям бекордан-бекорга нервини бузиб болаларга бақириб юргани йўқдир”, - деб фикр билдирди.

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти боғчаларида болаларга шафақатсизларча муносабат акс этган видео тарқалган, Озодлик бу воқеани атрофлича ёритган эди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг яширин камерасига олинган ушбу видеода боғча ходимаси 3-5 ёшар болаларни қўлида ошпичоқ билан қўрқитган.

XS
SM
MD
LG