Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:41

Новосибирск губернатори вилоятдаги муҳожирлар сонини кескин камайтирмоқчи


Новосибирск - Россиянинг энг йирик мегаполисларидан бири
Новосибирск - Россиянинг энг йирик мегаполисларидан бири

Россиянинг Новосибирск вилоят губернатори Владимир Городецкий ўзи бошқараётган ҳудудда меҳнат муҳожирлари хизматидан деярли воз кечишга қарор қилди. Эндиликда Новосибирскда патент асосида ишлаётган ўзбек муҳожирлари асосан қурувчи ва фаррош бўлиб ишлашлари мумкин.

Новосибирск вилоят губернатори Владимир Городецкий ташкилотларга мигрантларни ишга қабул қилишни тақиқловчи ўтган йил августида имзолаган қарори муддатини узайтирди¸ айни пайтда минтақада муҳожирлар фаолиятини чекловчи рўйхатни кенгайтирди. Энди хориж ватандошларига Новосибирскда16 та эмас, 33та йўналиш бўйича ишлаш тақиқланди.

Губернаторнинг 2017 йил 22 мартида қабул қилинган 50-сонли қарорида мигрантлар ишлаши тақиқланган касблар рўйхати келтирилди.

Новосибирск губернатори бундан олдинги қарорида меҳнат муҳожирларининг балиқ овлаш, ов қилиш, ер ости бойликларини қазиб олиш ишлари, ўқитувчилик қилиш, болалар озиқ-овқати ва умуман озиқ-овқат ишлаб чиқариш, автобус ва такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашини тақиқланган эди.

Янги рўйхатга биноан эндиликда уларга алкоголь ва пиво ишлаб чиқариш ҳамда улгуржи савдо қилиш соҳаларида ишлаш, дори-дармон, тамаки маҳсулотлари, ёғоч-тахта ишлаб чиқариш ва ҳатто call-марказларида операторлик қилиш ёки ногирон ва кексаларга қараш ҳам манъ этилади.

Владимир Городецкий вилоятга келаётган ишчи кучи оқимини камайтириш мақсадида 2016 йилда ишчи квоталарини 5425 дан 1001 тага туширган эди. Хориж ишчиларнинг Новосибирск халқ хўжалигидаги фаолиятини чеклаш тадбирларини Городецкий мигрантларнинг малакасизлиги билан изоҳлашга уринди:

- Масалан, Тожикистонда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш, у ерда чўлда ҳайдовчилик қилиш билан бир ярим миллионлик катта шаҳарда, улкан мегаполисда машина ҳайдашнинг фарқи бўлса керак! Хавф борми? Бор! - деди Новосибирск губернатори.

Вилоят губернатори миграция оқимини назорат остига олиш орқали Россия Федерацияси гражданларининг меҳнат ҳуқуқи ҳам таъминланаётганини билдирди.

Новосибирскда 4 йилдан буён меҳнат қилаётган тошкентлик Замирахон Озодлик мухбири билан суҳбатда маҳаллий ҳукумат қарорига қарамасдан¸ муҳожирлар сонининг камайгани кўзга ташланмаётганини айтади. У меҳнат муҳожирлари асосан маҳаллийлар бажармайдиган ишларга жалб қилинмоқда, дейди:

- Мен магазинда патент билан ишлайман. Бизга ишлаш мумкин эмаслигини эшитганимиз йўқ ҳали! Бизнинг аёлларимиз, масалан, нонвойхона, кафе, боғчаларда, шифохоналарда ишлашаяпти. Автобус-маршруткаларда ўзбек-тожиклар жуда кўп. Гражданлиги йўқлар ҳам бемалол шартнома тузиб ишлаб юришибди. Ўзбеклар ҳам, тожиклар ҳам кўп шаҳарда. Бизникилар ҳамма ёқда: қаерга қарамасангиз – Ўзбекистон-Тожикистонда юргандек бўласиз, дея кулади Новосибирскда бундай қонун борлигини билмаслигини айтган Замирахон.

Новосибирскдаги ўзбеклар жамияти фаоли Дилхуш Обитов ўзбекистонлик муҳожирлар губернаторнинг бу қарорисиз ҳам энг кам ҳақ тўланадиган ва оғир ишларга жалб қилиб келинганини гапиради:

- Новосибирскда ишлар ўз йўлида кетаяпти. Яқинда Андижон области ҳокими делегация билан келди, губернатор билан учрашди. Май ойида янги бозор ишга тушадиган бўлаяпти! Хуллас, ишлайман, деган иш топаяпти. Ўзбекистон гражданлари¸ асосан¸ қурилиш, маиший хизмат кўрсатиш, клининг марказлари, дворник, ҳаммол, катта корхоналарда майда ишларни бажарувчи бўлиб ишлашаяпти. Масалан, 5-6 ой бўлиб қолди - ҳақиқатан улар ҳайдовчи бўлиб ишлай олмай қолди. Новосибирск Россия шарқидаги энг катта мегаполис бўлиб, Қозоғистон чегарасига яқин, транзит шаҳардир. Ҳамма шу ердан ўтади, деди кўп миллионли шаҳарнинг стратегик жойлашуви иш излаб келаётган муҳожирларни ўзига жалб қилишни давом эттиришини башорат қилган Дилхуш Обитов.

Новосибирск вилоятида патент асосида меҳнат қилаётган қатор соҳа мутахассисларига ишлаш тақиқлангани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Новосибирск губернатори Владимир Городецкий имзолаган ҳужжатга кўра, минтақада жамоатчилик транспорти, болалар муассасалари, бухгалтерия, ер ости бойликларини қазиш, молия, ўрмончилик, балиқчилик, таксичилик ва яна бир қанча бошқа соҳаларда меҳнат муҳожирларини ёллаш қонун томонидан ман этилган эди.

XS
SM
MD
LG