Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:20

Мирзиёев ардоқлаган жиззахлик фермер Холбуви Рустамова оламдан ўтди


Совет матбуотида Холбуви Рустамова (суратда) тўғрисида кўплаб мақолалар чоп этилган.
Совет матбуотида Холбуви Рустамова (суратда) тўғрисида кўплаб мақолалар чоп этилган.

1983 йил кузида Шароф Рашидов дафн маросимида қилган эҳтиросли нутқи билан ўзбекларнинг катта авлоди хотирасида қолган Холбуви Рустамова 24 март куни вафот этди.

Жиззах шаҳрида туғилиб ўсган, касалхона ҳамширасининг оқ халатини механизатор коржомасига алмаштириб чўлга кетган, бутун умрини пахтачиликка бағишлаган Холбуви Рустамовани фақат ўша нутқи туфайли эслаш инсофдан бўлмаслиги уни билганлар билан ўтказилган суҳбатлардан аён бўлди.

66 ёшида вафот этган фермер Холбуви Рустамова 24 март, куннинг биринчи ярмида дафн этилганини Озодлик марҳума яшаган Пахтакор туман ҳокимлиги мулозимидан сўраб билди.

Қишлоғини рози қилиб кетган опа

Рустамованинг қўшниси Саида Қурбонованинг Озодликка айтишича, Холбуви опа нафақат ўз ишчилари, балки бутун қишлоқ аҳлининг ҳолидан хабар олиб тургувчи инсон бўлган:

- Ҳар йили буғдой ўримидан кейин, давлатга топширадиганини топшириб бўлиб, албатта, рўйхат тузар эди. Кимнинг уйида касал бор, қайси оиланинг бошлиғи ўлди, ким етим қолди, ким ночор яшайди – ҳаммага буғдой тарқатар эди, деди Саида Қурбонова.

Холбуви Рустамовани қўшни туманларда ҳам яхши билишлари маълум бўлди.

Дўстлик туманида яшайдиган Ҳасанбой таксичи бундай деди:

- Бу аёлни кўпчилик ўткир аёл, катталарга ҳам гапини ўтказа биладиган аёл, деб билади. У киши ўзи яшаган, илгари Ульянов совхози дейилган, ҳозирги Навбаҳор қишлоғига катта фойдаси теккан.

Жиззах туманида яшайдиган Маъмиржон Азимов эса, Холбуви Рустамованинг бошқа фермерлардан фарқи тўғрисида гапирар экан, “Бугун опанинг таъзиясига бориб келдим, қўлида ишлаган деҳқонлар билан гаплашдим. Опа ишчиларига ҳар ойда иш ҳақини нақд пулда ҳам тўлаб келган экан”, деди.

Оқ халат ўрнига механизатор коржомаси

Совет даврида Совет иттифоқи миқёсидаги радиолардан бири Холбуви Рустамова тўғрисида тайёрлаган эшиттиришни "Старое Радио" дан топдик. Ўзи ҳақдаги эшиттиришда қатнашган Рустамова туғилиб ўсган шаҳри - Жиззахни ташлаб, чўлга кетиши тафсилотларини айтиб берган.

Холбуви Рустамова иштирокида Совет даврида тайёрланган эшиттириш. "Старое Радио"дан
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:16 0:00
Бевосита линк

Шаҳардаги тиббиёт билим юртини тугатиб, вилоят касалхонасида ҳамширалик қилаётган Холбуви 1975 йили чўлга, Мирзачўлни ўзлаштиришга отланади.

Пахтакор туманининг Ульянов номидаги совхозига бориб, ишни слесарликдан бошлайди, кейин пахта териш машинасига ўтиради, биринчи йилиёқ 70 тонна пахта теради. Сўнг бригадирликка тайинланади. Кўп ўтмай Холбуви Рустамова тилга тушади, газеталарга чиқади, Ленин комсомоли мукофоти лауреати бўлади, КПСС МК аъзолигига номзод бўлади.

Олий Совет раиси етолмаган рутбага эришган бригадир

“КПСС МК аъзолигига номзод” нима дегани?

Бу савол жавобини Холбуви Рустамова тўғрисидаги биринчи йирик очерк – “Салом, Ойқиз”ни ёзган журналист Шароф Убайдуллаев бундай тушунтирди:

- Масалан, Олий Совет раиси ёки Министрлар совети раиси КПСС МК аъзоси эмас эди. Холбуви Рустамова эса, МК аъзолигига номзод бўлган эди.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, бундай олий рутбага у шунчаки бир ўзбек аёли бўлгани учун эмас, балки чиндан ҳам эътиборга лойиқ бўлгани, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг зўр ташкилотчиси бўлгани учун эришган.

Шароф Убайдуллаев Холбуви Рустамова ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:32 0:00
Бевосита линк

Азоб берувчи ва Азобланувчи

Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг Холбуви Рустамова устида қора булутлар айланди. Уни Рашидовдан кейин ЎзКомпартия биринчи котиби бўлган Иномжон Усмонхўжаев "ниҳоятда азобларга" дучор қилди, деб эслади журналист.

Орадан йиллар ўтиб, ўша азоб берган Усмонхўжаевнинг ўлимидан 1 ҳафта ўтиб, унинг азобига учраган Рустамова оламдан ўтди.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг Холбуви Рустамовага муносабати яхши бўлган.

- Ўтган йили кузда Холбувиникида меҳмонда бўлдим. Тонг отгунча суҳбатлашдик. У Шавкат Миромонович билан Жиззахда бирга ишлашганини айтиб берди. Айтишича, Холбуви бир дала шийпонини сотиб олган экан. Ўша шийпон олдига Рашидов ўз вақтида 7 та чинор ўтқазган экан. Мирзиёев шуни билиб, Холбувига "бу шийпонда биз Шароф Рашидов хотирланадиган жой қиламиз", деган экан. Бугун Шароф Рашидовнинг оқланишида, маълум даражада Холбувининг ҳам таъсири бўлган, деди Шароф Убайдуллаев.

Кечаги Холбувиларнинг бугунги Холбувилардан фарқи нимада?

Ўзбек ишбилармон аёлларининг янги авлоди вакили Шоира Ҳасанова Холбуви Рустамова тўғрисида эшитганини Озодликка билдираркан, икки авлод орасидаги фарқ тўғрисида бундай фикр билдирди:

- Совет даврида ишбилармон бўлиш аёл кишидан жасорат талаб қилар эди. Ҳозирги кунда ҳар икки аёлнинг бири ишбилармон бўлиб кетди. Лекин уларнинг мутлақ кўпчилиги савдонинг орқасидан ишбилармонга айланди. Холбуви Рустамовага ўхшаб ишлаб чиқариш билан шуғуллангани йўқ ҳисоби.

XS
SM
MD
LG