Ўзбекистон хабарлари
Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги кўприкни очиб берди, маҳаллалардан бирига борди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Юнусобод туманидаги "Увайсий" номли маҳаллага бориб, аҳоли билан суҳбатлашди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, президент у ерда фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишган.
"Давлатимиз раҳбари профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олиши зарурлигини таъкидлади", деб хабар қилди агентлик.
25 март куни президент пойтахтнинг Юнусобод туманида қуриб битирилган янги кўприкни очиб берди.
Тошкент метросининг Новза бекати чорраҳасида барпо этилган янги автомобиль кўпригининг узунлиги 900 метрни, эни 24 метрни ташкил этади.
Унга параллел равишда иккита, ҳар бири 131 метрлик пиёдалар учун мўлжалланган усти ёпиқ ер усти кўприги ҳам барпо этилди.
Кун янгиликлари
Темирйўл ширкати юк тарифини оширмоқда
Жорий йил 1 декабридан эътиборан “Ўзбекистон темир йўллар” АЖга тегишли маҳаллий қатновдаги вагонларда юк ташиш тарифлари 30 фоиз миқдорида оширилади. Бу ҳақда маълумот тарқатган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати нарх ошишини харажатлар кўпайгани билан изоҳлаган.
Монопол мавқедаги ширкат 2024 йил 1 январидан бошлаб юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилганини ҳам эслатган.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда маҳаллий фаоллар йил бошида мамлакат раҳбари барча давлат корхоналарига таннархни 15 фоизга камайтириш бўйича топшириқ бергани, бинобарин, “Ўзбекистон темир йўллар” ширкатининг тарифларни ошириши умумий сиёсий курсга зидлиги ҳақида ёзган.
Иқтисодий таҳлилчилар кескин қимматлашаётган юк тарифлари истеъмол ва ишлаб чиқариш нархларига сезиларли таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган.
Маълумот ўрнида, жорий йил мобайнида йўловчи ташиш поездлари чипта нархи ҳам икки бора оширилган. Жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари чипта нархи 20 январдан бошлаб 20 фоизга, 15 майдан бошлаб эса 20-40 фоизга оширилган эди.
Сурхондарёда машинасидан 50 кг банг моддаси чиққан шахс ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари рейд тадбирлари давомида Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган қарийб 65 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини мусодара қилди.
ДХХ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи 30 ёшли шахс автомашинасида Узун тумани ҳудудида кетаётган вақтида тўхтатилган. Текширувда машина юкхонасида 50 килограмм 567 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида у бангивор моддани тожикистонлик наркосавдогарлардан олганини айтган.
52 ёшли марғилонлик фуқаро эса тожикистонлик наркокурьерлар Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетган 4 килограмм 929 грамм гашиш моддасини олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида Фарғона шаҳрида қўлга олинган.
Самарқанддан Андижонга келаётган Spark машинаси Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги ЙПХ масканида текширилганда унда кетаётган 1990 ва 1995 йилларда туғилган 3 нафар андижонлик ҳамда қирғизистонлик бир нафар шахсдан 4 килограмм 727 грамм гашиш моддаси олинган.
ДХХ Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи 4 нафар фуқаро Қирғизистондаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 килограмм 634 грамм гашиш моддасини Андижон туманида 53 минг долларга сотаётганда ашёвий далиллар билан ушлангани ҳақида ҳам маълум қилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида ташкил этилган ноқонуний лабораториялардан умумий нархи тахминан 1 миллион долларга тенг, жами 14 килограмм 795 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари топилгани ҳақида хабар қилганди.
Самарқандда ўқувчи қиз бир гуруҳ шахс томонидан зўрланди
Самарқанд вилояти туманларидан бирида 8-синф ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилди ва зўрланди, дея маълум қилди “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси.
Жорий йил 23 сентябрь куни ўғирлаб кетилган қиз 6 октябрь куни баданида зўравонлик излари билан топилган.
Қизнинг сўзларига кўра, у бир неча кун калтакланган, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурланган ва жинсий зўрланган. Унинг яқинлари қизни шифокорга олиб боришган.
Ички ишлар вазирлиги аниқлик киритишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 119-моддаси 3-қисми (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, барча иштирокчилар аниқланган ва суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Жабрланувчининг яқинлари Nemolchi.uz таҳририяти вакили билан суҳбатда ваколатли идоралар қизнинг зўрланишига беписандлик билан ёндашгани, гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда юрганидан шикоят қилган.
Nemolchi.uz қайдича, қизга аризасини қайтариб олиши учун босим ҳам ўтказилмоқда.
Болалар омбудсмани ушбу ҳодиса Қўшработ туманида бўлгани, бу бўйича “ўз ваколати доирасида кузатув олиб бораётгани”ни маълум қилган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий матбуотга маълум қилишича, ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланган.
Прокуратура иш юритувчиси жорий йил 30 октябрь куни вилоят прокурорининг буйруғи билан ишдан бўшатилган.
БПга кўра, олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлар давомида 8 нафар шахс, жумладан туман прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган. Бир нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон яна инглизча саводхонлик паст бўлган давлатлар қаторида қолди
Ўзбекистон дунё мамлакатларида инглиз тилини билиш даражасини баҳоловчи энг йирик рейтинг – EF English Proficiency Index 2024’да 114 та мамлакат орасида 98-ўринни эгаллади.
Ўтган йили мамлакат 113 та мамлакат орасида 93-ўринни эгаллаганди. Шу тариқа ўзбекистонликларнинг инглиз тилини билиш борасидаги ўртача рейтинг балли 442 дан 439 гача пасайган (максимал балл – 700).
EF English Proficiency рейтинги дунё бўйича инглиз тилини иккинчи ёки хорижий тил сифатида ўрганган 2,1 миллион кишининг имтиҳон натижалари асосида тузилган. Бу борада Нидерландия биринчи, Норвегия иккинчи ва Сингапур учинчи ўринни эгаллаган.
Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган. Булар орасида Ўзбекистон, аввалги йилларда бўлгани каби, инглиз тилини билиш “жуда паст” даражадаги мамлакатлар қаторида қолган.
Ушбу рейтингни тузган EF Education First компаниясининг (Швеция) МДҲ бўйича бўлинмаси томонидан Kun.uz нашрига тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси йирик шаҳарларда нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Бу борада Андижон (461 балл), Тошкент (457 балл) ва Фарғона (456 балл) шаҳарлари энг яхши натижани қайд этган.
Жиззах (384 балл), Қашқадарё (404) ва Хоразм (405) вилоятларида инглиз тилини билиш кўрсаткичи энг паст деб топилган.
“Охирги 4 йилда Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси узлуксиз равишда тушиб бормоқда. Шу билан бирга, бу пасайиш суръати бутун дунё миқёсидаги пасайиш тенденциясидан секинроқ кечмоқда. Масаланинг гендер жиҳати алоҳида эътиборга молик: мамлакат тарихида иккинчи марта эркаклар ва аёллар ўртасида инглиз тилини билиш даражаси тенглашди”, деган EF Education First ширкатининг МДҲ бўйича директори Дмитрий Фёдоров.
Ўзбекистон халқаро рейтингга 2018 йилдан бошлаб киритилган. Мамлакат рейтингга киритилиши учун имтиҳонларда камида 5 минг киши қатнашиши зарур. 2024 йил давомида Ўзбекистондан 7339 киши Education First тестини ечган.
Тошкентда cунъий уруғлантириш билан шуғулланган клиника устидан жиноят иши қўзғатилди
Экстракорпорал уруғлантириш хизматини кўрсатиб келган “Турк-Бухоро ЭКУ маркази” Тошкент филиалига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Миробод тумани прокуратураси ҳолат бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Бу маълумотни Kun.uz нашрига Тошкент шаҳри прокуратураси тасдиқлаган.
Қайд этилишича, клиника маъмурияти тиббий муолажалар кўрсатиш учун 49 нафар аёл билан жами 2 миллиард 87,4 миллион сўмлик шартнома тузган. Беморлар ёз ойларида марказда рўйхатдан ўтиб, тиббий хизмат учун 42,6 миллион сўмдан тўлов қилган.
Келишувга асосан сентябрь ойида сунъий уруғлантирилган эмбрионлар бачадонларига трансфер қилиниши, яъни мижозлар ҳомиладор бўлиши керак бўлган.
Аммо корхона таъсисчиларининг келишмовчилиги сабаб клиника фаолияти тўхтаб қолган, уруғлантирилган эмбрионлар ва мижозлар тўлаган пуллар тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.
Марказ таъсисчиси Туркияга қочиб кетгани айтилмоқда.
ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) бепуштлик ташхиси қўйилган ёки анчадан бери фарзандли бўла олмаётган оилалар фойдаланадиган замонавий репродуктив технологиядир. Бунда тухум ҳужайралар ва сперматозоидлар лабораторияда уруғлантирилиб, ҳосил бўлган эмбрионларнинг энг сифатлиси бачадонга кўчирилади. ЭКУ серхаражат ва сермашаққат тиббий муолажа усуллари сирасига киради.
Бир ярим мингга яқин бошқарув ходими тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
Ўзбекистондаги 1488 нафар бошқарув ходими 1653 та тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди. Бу рақамлар 12 ноябрь куни ташкил қилинган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби Шерзод Сафаров тилидан янгради.
Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунига кўра, вазирлик ва идоралар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунда ҳам давлат фуқаролик хизматчисининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши бўйича чеклов кўзда тутилган.
Аммо бу турдаги қонунбузарлик ҳолатлари тўхтаган эмас. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жорий йил сентябрь ойида Транспорт, Маданият ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларининг 116 нафар мулозими, октябрь ойида эса Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Энергетика вазирликларининг 160 нафар бошқарув ходим тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани ҳақида хабар берганди.
Агентлик матбуот хизматига кўра, қонунчилик ҳужжатларини “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида тегишли қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.
Ҳукумат қарорида тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини жорий этиш назарда тутилган.
Ўзбекистонда медиамаҳсулотлар “маънавият экспертизаси”дан ўтказилади
Ўзбекистонда теле ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино ва қўшиқлар “маънавият экспертизаси”дан ўтказилади.
Республика Маънавият ва маърифат марказининг маълум қилишича, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган маҳаллий ва хориж медиа маҳсулотларида давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи ахлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб этувчи ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ўрганади.
Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга рахна солувчи медиа маҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади.
Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, МТРК, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамкорлигида “маънавий экспертиза” жорий этилаётгани жамоатчилик томонидан турлича қабул қилинди. Айрим блогерлар маънавият ниқоби остида цензура қайта тикланаётгани ҳақида ёзди.
Муҳокамалар ортидан Маънавият ва маърифат маркази баёнот бериб, “маънавий экспертиза медиаконтентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуси асосида жорий қилинаётгани”ни урғулади.
“Маънавият экспертизаси” лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиаконтент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Бунда оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилинмайди”, дейилган марказ баёнотида.
Ўзбекистон уй-жой бозорида сусайиш кузатилмоқда
Жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида сусайиш кузатилди. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари олиб борган таҳлиллар шундан далолат беради.
Июль–сентябрь ойларида республика бўйича кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41861 та шартнома расмийлаштирилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам кўрсаткичдир.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканини яна бир карра тасдиқлаган.
2021 йилнинг январь ойидан 2024 йилнинг сентябрь ойигача бўлган даврда уй-жой олди-сотдиси ва аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,81), шунингдек, уй-жой олди-сотдиси ва аҳолининг тасарруфдаги даромадлари ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,48) сезиларли боғлиқлик мавжудлиги аниқланган.
Аввалроқ Марказий банк эълон қилган ҳисоботда ҳам жорий йилнинг 9 ойи давомида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари камайгани қайд этилганди.
Тўққиз ой давомида жами 11,73 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлиб, кредит ҳажми 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга, олувчилар сони эса қарийб 20 фоизга камайган.
Ўзбекистон исcиқхона гази миқдорини 35 фоизга камайтирмоқчи
Ўзбекистон 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиради, 2050 йилга қадар эса ушбу мажбуриятни янада кенгайтиришга тайёр, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТ шафелигидаги Иқлим ўзгариши саммитида.
Мирзиёев ўз нутқида бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланган иқлим ўзгаришлари камбағалликка қарши кураш, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтираётгани, буларнинг асоратларини Марказий Осиё давлатлари ҳам ўткир ҳис қилаётганини қайд этган.
“Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда”, деган у.
Ўзбекистон президенти мамлакатда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, “яшил” энергетика улушини 40 фоизгача оширишга ҳам ваъда берган.
“Париж битими доирасидаги бош мақсадимиз – минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдир”, деган Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари халқаро машваратда денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этишни ҳам таклиф қилган.
Террор ташкилотини молиявий дастаклашда айбланган фуқаро 8 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Зомин тумани суди халқаро террорчилик ташкилотларининг материалларини тарқатиш ва молиявий қўллаб-қувватлашда айбланган 27 ёшли йигитни 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси қайдича, Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида яшаган фуқаро 2017 йилдан 2024 йилнинг баҳоригача Россияга бир неча марта бориб, у ерда савдо, ишлаб чиқариш ва қурилиш объектларида ишлаган.
Суд ҳужжатларига кўра, фуқаро ўша вақтда Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган халқаро террорчилик ташкилотларининг аудио ва видео материалларини эшитиб келган, экстремистик ва ақидапарастлик ғояларни қўллаб-қувватлаган.
Жорий йил март ойида фуқаро Ўзбекистонга қайтиб келганида тезкор тадбир давомида қўлга олинган. Унинг мобил телефонида шахси номаълум бўлган аккаунт эгалари билан Саудия Арабистонига чиқиб кетишга оид ёзишма борлиги аниқланган.
Тергов идораси хулосасида фуқаро бир неча аккаунт эгасига террорчилик мазмунидаги видео материаллар юборгани, банк картасидан 100 минг рублдан зиёд маблағни террорчилик ташкилотлари аъзоларининг ҳисоб рақамига ўтказгани айтилган.
Аввалроқ Озодлик жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳри судининг ҳукми билан “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти тарафдори экани айтилган 11 нафар фарғоналик 6 йилдан 12 йилгача қамалгани хабар қилганди.
Тошкентда 1600 дан зиёд реклама объекти демонтаж қилинди
Тошкент шаҳри туманларида 10 ноябрдан ташқи реклама объектларини демонтаж қилиш жараёни бошланди.
Миробод тумани ҳокимлиги “пойтахт ташқи қиёфаси кўркамлигини сақлаб қолиш”, “кўчаларда хавфсизликни ошириш” мақсадида Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона йўли ва бошқа қатор кўчаларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, пиёдалар йўлакларида ўрнатилган 120 дан ортиқ ноқонуний реклама ва турли эълонлар баннерлари демонтаж қилингани ҳақида маълумот тарқатди.
Яккасарой ҳокимлиги ҳам “ноқонуний баннер ва рекламалар бартараф этилаётгани” ҳақида ҳисобот берди.
Пойтахт ҳокимлиги Gazeta.uz нашрига бир кун ичида Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Миробод ва Чилонзор туманларида 1600 дан ортиқ объект демонтаж қилинганини билдирган.
Демонтаж ишлари 25 октябрь куни қабул қилинган ташқи реклама объектларининг дизайн коди муносабати билан амалга оширилаётгани айтилмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши томонидан тасдиқланган ҳужжатда ташқи реклама турлари, объектларнинг габарити ва уларни жойлаштириш қоидаларини белгиланган.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар демонтаж ишлари огоҳлантиришсиз олиб борилаётгани, тегишли қонуний асос кўрсатилмаётгани, ҳатто марказ ва муассасаларнинг пешлавҳалари ҳам реклама деган иддао билан олиб ташланаётганидан норозилик билдирган.
Поезд билан тўқнашувда Damas ҳайдовчиси ҳалок бўлди
Наманган вилоятида рўй берган поезд ва автомобиль тўқнашуви оқибатида 63 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлди.
Фожиа 9 ноябрь куни эрталаб Уйчи – Чортоқ темирйўл бекатлари оралиғининг 118-километридаги қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида рўй берган, дея маълум қилди вилоят ИИБ ЙҲХБ.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси версиясига кўра, 1961 йилда туғилган ҳайдовчи Damas русумли автомашинани бошқариб, “Тўхташ” ишораси белгисига амал қилмай темирйўлда ҳаракатланиб келаётан тепловознинг юк вагонига урилган. Оқибатда у оғир жароҳатланиб воқеа жойида вафот этган.
“Электровоз машинисти тезкорлик билан шошилинч тормозни босган, аммо тўқнашувнинг олдини олиш иложи бўлмаган”, дея вазиятга ойдинлик киритган “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ матбуот хизмати.
Наманган вилоятида бундан 6 йил аввал ҳам Damas ва поезд тўқнашуви рўй берганди.
2018 йил 8 октябрь куни Поп тумани Уйғур қишлоғи ҳудудида жойлашган қўриқланадиган темирйўл кесишмасида рўй берган тўқнашувда енгил автомобилда бўлган йўловчилардан 2 нафари ҳалок бўлган, 5 нафари эса оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган эди.
Тўёна кўринишида пора олган кадастр мулозими қамалди
Кадастр агентлигининг Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бўлими бошлиғи Жобир Маҳмудов 5 йилга қамалди ва 2 йил муддатга давлат ташкилотларида масъул лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Суд Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида (тамагирлик йўли билан пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этган, деб топган.
Kun.uz нашрининг суд ҳужжатига таянган ҳолда ёзишича, Тўрақўрғон тумани кадастр идораси раҳбари ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб, фойдаланиб келган фуқарога 51 миллион сўм жарима қўлланишини билдирган. Фуқаро тегишли ҳужжатларни расмийлаштираётганини айтиб, мулозимдан жарима қўлламасликни сўраган.
Кадастр идораси раҳбари иш қўзғатмаслик эвазига тўйи бўлаётган бир ходимига тўёна беришни талаб қилган.
Фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун танишидан 100 доллар қарз кўтаргани, шу маблағни беришини айтган. Бўлим бошлиғи яна 300 доллар “тўёна” талаб қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, Жобир Маҳмудов 2024 йил 22 август куни Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалласи ҳудудида ўзининг Lacetti машинасида 300 долларни пора тариқасида олгани ортидан ушланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кучга кириши муносабати билан куни кеча аҳолига мурожаатнома йўллаган Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов эндиликда тизимда таниш-билишчилик бўлмаслигига ваъда берган эди.
Мирзиёев: Фаластинликларни Ўзбекистонда беғараз даволашга тайёрмиз
Ўзбекистон урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни ўз шифохоналарида беғараз даволашга тайёр. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдан ташқари араб-ислом саммитидаги нутқида гапирди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон раҳбари Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш учун давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ёрдам кўламини кенгайтириш лозимлигини урғулаган. Хусусан, БМТнинг катта тажрибага эга бўлган махсус агентлиги ва бошқа институтлари фаолиятига зарурий кўмакни оширишни таклиф қилган.
“Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда”, дея Яқин Шарқдаги жорий вазият юзасидан хавотир изҳор қилган Мирзиёев.
У “минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланаётгани”ни ҳам айтган.
Фаластин халқи “1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли” эканини қайд этган Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин – Исроил муаммосини икки давлат тамойили орқали ечиш тарафдори эканини яна бир карра таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Россия мезбонлигида ўтган “БРИКС плюс” саммитидаги нутқида ҳам Ғазо сектори ва Ливандаги вазият юзасидан хавотир билдирган, тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмаслигини қайд этганди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон навбатдаги ҳарбий машғулотларни бошлади
Марказий ҳарбий округда жойлашган “Фориш” тоғ полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларига старт берилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, “Ханжар-2024” деб номланган ўн кунлик махсус-тактик ўқув давомида икки давлат ҳарбий хизматчилари турли жанговар қуроллардан отиш, шартли аҳоли яшаш ҳудудида жанг олиб бориш ва ҳаракатларни таҳлил қилиш жараёнларини амалга оширади.
Сўнгги йилларда икки давлат қуролли кучлари ҳамкорликда бир неча бор ўқув машғулотлари ташкил қилган. Масалан, ўтган йилнинг май ойида Тошкент ҳарбий округининг “Ангрен” дала ўқув майдонида, 2023 йил август ойида эса Қозоғистоннинг “Оймаша” полигонида махсус-тактик ўқувлар ўтказилган.
Озодлик жорий йил июль ойида Манғистау вилоятида Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида қўшма машғулотлар ўтказилгани ҳақида хабар қилганди. Бу машқлар минтақа давлатларининг умумий хавфсизлик муаммоларини Россия, Хитой, Эрон каби кучлар ёрдамисиз ҳал қилишга интилиши ўлароқ баҳоланган.