Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Россия тожикистонлик муҳожирлар учун миграция амнистияси эълон қилди


Россия мамлакатда ноқонуний меҳнат қилиб юрган муҳожирларга умумий авф эълон қилди. Тожикистон ватандошлари учун миграция амнистияси жорий йилнинг 24 апрелигача давом этиши айтилди.

Мутахассислар амнистия биргина Москва шаҳрида 70 мингдан зиёд одамни қамраб олишини билдирмоқда.

“Россия мигрантлар федерацияси” президенти Вадим Коженовнинг Озодликка айтишича, миграция авфи яқин келажакда Ўзбекистон ватандошларига ҳам жорий қилиниши мумкин.

“Аммо ҳозирча бу ҳақда бирор гап-сўз йўқ”, дея қўшимча қилди у.

2017 йилнинг 25 мартидан шу йилнинг 24 апрелигача бир ой давом этадиган миграция амнистиясига мувофиқ тожикистонлик нолегал муҳожирлар депортация қилинмасдан ва мамлакатдан чиқмасдан легаллашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тожикистон ватандошлари учун миграция амнистияси жорий этилганини Озодликка Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси расмий вакили Иброҳим Аҳмадов тасдиқлади. У бугунги кунда Россияда 1 миллиондан зиёд тожикистонлик яшаб, меҳнат қилаётганини билдирди.

Бироқ, Озодлик на Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция департаменти ва на бошқа давлат идоралари расмий сайтларида бу қарорни тасдиқловчи бирор ҳужжатни ҳозирча аниқлай олди.

Легаллашиш ҳақида икки президент февралда келишган эди

Бу ҳақда шу йилнинг 27 февралида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан бўлган учрашув чоғида Россия президенти Владимир Путин билдирган эди:

- Биз у ёки бу сабабларга кўра Россияга кириш тақиқланган гражданлар масаласини муҳокама қилиб олдик. Умуман олганда, масала ечими топилди – Тожикистон президенти билан келишганимиз асосида иш олиб борамиз, деб ваъда берган эди Владимир Путин.

Россия бош вазири муовини Игорь Шувалов амнистия миграция қонунчилигини атайин бузмаган ва жиддий маъмурий қонунбузарликлар содир этмаган тожикистонликларга тааллуқли бўлишини қўшимча қилганди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий ҳисоб-китобига кўра, бугунда биргина Тожикистонда 300 минг меҳнат муҳожирига Россияга кириш тақиқланган.

Амнистияга 3 тоифа вакиллари киритилди

Легаллашиш тартиби ва унинг ўзига хос томонлари борасида Озодлик радиоси саволларига “Россия мигрантлар федерацияси” жамоатчилик ташкилоти президенти Вадим Коженов жавоб берди. Суҳбатдош у бошқараётган ташкилот меҳнат муҳожирлари учун амнистия жорий қилиниши учун узоқ муддат курашиб келганини сўзлаб берди.

- Амнистияга тожикистонлик гражданларнинг 3 тоифаси киритилди. Биринчи тоифага 114-ФЗ "О порядке выезда из РФ и въезда в РФ" қонунининг 26- модда 4- бандида кўрсатилган асослар бўйича, яъни сўнгги уч йил ичида икки ва ундан ортиқ марта маъмурий жавобгарликка тортилгани учун Россияга киришга тақиқланган гражданлар.

Иккинчи тоифа - шу қонуннинг 26- модда, 8- бандида кўрсатилган асослар бўйича, яъни охирги марта Россияда бўлган пайтида вақтинча юриш муддати (регистрация) тугаганидан кейин 30 кун ичида Россияни тарк этмагани учун Россияга киришга тақиқ қўйилган Тожикистон ватандошларига (“Нарушения режима пребывания” тартиби). Бу тоифага кирувчиларга кириш тақиқи бекор қилинади ва улар номлари “қора рўйхат”дан ўчириб ташланади, деди Вадим Коженов.

Миграция амнистиясига тушганлар қаторига Россияга бир вақтлар келиб на миграция қайди, на регистрация, на патент олган, мамлакат ичкарисида ноқонуний юрган тожикистонлик муҳожирлар ҳам киритилгани айтилди.

Кимлар амнистияга тушмади?

Мигрантлар федерацияси раҳбари амнистияга киритилмаган тожикистонлик мигрантлар тоифаси ҳақида ҳам маълумот берди.

- Умумий авф айнан суд қарори билан мамлакатдан бадарға қилинганларга тегишли эмасдир. Масалан, агарда унга чегарада ёки миграция масалалари бўйича ходимлар қарори билан кириш тақиқланган бўлса, тақиқ олиб ташланади. Агарда суд қарори билан чиқариб юборилган бўлса – афсус, тақиқ ўз кучида қолади, деди Вадим Коженов.

Суд орқали Россиядан чиқариб юборилган (“выдворение”) қилинган, депортация (мажбуран чиқариб юборилган) ёки реадмиссия қилинган, ундан ташқари ҳозирги кунда СУВСИГда сақланаётган фуқароларга ҳам амнистия жорий қилинмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, Россия Адлия вазирлиги, Роспотребнадзор, ИИВ, ФСБ ва бошқа давлат идоралари томонидан Россияда юришлари “мақсадга мувофиқ эмас” деб топилган (“нежелательность пребывания”) шахслар ҳам амнистияга туширилмади.

Вадим Коженов билан тўлиқ суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00
Бевосита линк

Легаллашиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим?

Легаллашишни истаганлар эса полиция бўлимида бундай шахслар дактилоскопия қилинади, фотосуратга олинади, жиноятлар базасидан текширилади ва расмийлаштирилади.

Легаллашиш учун миграция идорасига топшириладиган ариза нусхаси
Легаллашиш учун миграция идорасига топшириладиган ариза нусхаси

Қўлига тегишли шаклдаги аризани олган муҳожир истаган Миграция идораси бўлимига бориб, паспортига штамп қўйдиради ва янги миграция картасини олади.

Бу тартибда легаллашган тожикистонлик муҳожир кейинги 15 кун ичида қайдга туриши, кейинги 30 кун ичида ишга рухсатнома олиши ёки 3 ойдан кейин Россияни тарк этиши лозимлиги айтилди.

Россия ташқарисида юрган ва юқорида зикр этилган уч тоифага кирувчи муҳожирлар ҳам Россияга қайтиб кела олиши, бироз бу кўпроқ вақт олишини айтди Вадим Коженов. “Россия мигрантлар федерацияси” президенти миграция авфи яқин келажакда Ўзбекистон ватандошларига ҳам жорий қилиниши мумкинлигини инкор этмади.

“Аммо ҳозирча бу ҳақда бирор гап-сўз йўқ”, дея қўшимча қилди у.

Тожикистонлик муҳожирлар амнистиядан мамнун

Умумий миграция авфининг бу кўриниши аллақачон Молдова гражданлари учун қўлланган ва синовдан ўтган. Мутахассислар ҳисоб-китобича, миграция амнистияси биргина Москванинг ўзида нолегал юрган 70 мингдан зиёд тожикистонлик мигрантни ўз ичига қамраб олади.

Москвада фаолият юритаётган “MIGRANT - Мусофир ёрдамчиси” расмий сайти бу масалага оид махсус видео эълон қилди.

Тузилманинг Фейсбук ва Одноклассники саҳифасида бу масалада қўшимча саволларга бепул юристлар ёрдамида жавоб топиш мумкинлиги билдирилди. Бироқ, ташкилотга қилинган сўровга Озодлик ҳозирча жавоб ололмади.

Россиянинг Тюмен вилоятида меҳнат қилаётган тожикистонлик Анваржон амнистия кўплаб тожик муҳожирлари томонидан ижобий қабул қилингани сўзлаб берди.

Унинг фикрича, Россияда миграция тартибларининг мураккаблаштирилиши оқибатида охирги йилларда нолегал ҳолатга ўтиб кетган муҳожирлар кўпайиб қолган ва амнистия улар учун легаллашишнинг ягона усулидир.

- Тюменда йиғилиш бўлди. Мен тасодифан у ерга тушиб қолдим. Тожикистон гражданлари, диспора вакиллари йиғилди. Диаспора бошлиғи чиқиб, “Миграция идорасидан одам телефон қилди – таниганларга айтиб қўй”, деб амнистия берилганини тасдиқлади. Бу ерга неча йил олдин келган, бир маротаба пропискага туриб ҳозиргача ишлаб, яшаб юрганлар кўп. Баъзиларда паспортлари муҳлати ўтган ёки документ қилишга пули йўқлар “Чегарага борсам киришга запрет қўяди!”, деб қўрқиб, чиқмай юрганлар бор, деди тожикистонлик Анваржон.

Тожикистонлик муҳожирлар миграция амнистияси эълон қилингани борасида Россиядаги кўплаб давлат оммавий ахборот воситаларида лом-мим дейилмаётганига эътибор қаратмоқда.

Миграция экспертлари шу тариқа рус ҳукумати мигрантлар оқимига қарши чиқаётган рус жамоатчилиги эътиборини ўзига жалб қилмаётгани ва легаллашишни расмийлаштираётган миграция идораларида шов-шув кўтармаслик учун қилаётганини таъкидламоқда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш Умумроссия маркази (ВЦИОМ) ўтказган социологик сўров натижаларига кўра, 71 фоиз россиялик гражданлик бериш тартибини енгиллаштиришга қарши чиққан. Жумладан, сўровда иштирок этган респондентлардан 36 фоизи миграция тартиблари янада қаттиқлашишини ёқлаган.

XS
SM
MD
LG