Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:12

"Мирзиёев матбуот тегирмонини ўзи айлантира олмайди"


"Ўзбекистон" телеканали
"Ўзбекистон" телеканали

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 март куни ўтказган видеоселектор мажлисида, бошқа масалалар қатори Ўзбекистон телевидениесини ҳам тилга олди, ТВ фаолиятини танқид қилди ва ушбу тизимни ўзгартириш кераклигини айтди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, Президент Мирзиёев "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" телеканалларига алоҳида тўхталган.

"Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. "Ахборот" кўрсатувини ўзгартиришимиз керак", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистондаги баъзи вебсаҳифалар вакиллари ва соҳа мутахассисларининг барчаси Ўзбекистонда янги президент сайланиши ортидан матбуот анча эркинлашганини айтди.

Бироқ, шу билан бирга, улар Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги даражаси оммавий ахборот воситаларининг турли соҳаларида турлича эканини эътироф этди.

"Биз жиловланган эдик"

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон телеканалларида етакчи сиёсий шарҳловчи бўлган Турсун Қоратоев президент Мирзиёев танқидини "мутлақо асосли", дея баҳолади.

Унинг фикрича, давлат телевидениелари "жиловлаб қўйилган эди".

- Санъаткорларни эфирга бермас эдик. Мана Юлдуз Усмонова бўлсин, Шерали Жўраев бўлсин... Халқ биларди. Булар ўн йиллаб эфирда чиқмаганди. Қанчадан қанча олимларимизни йиғилишда ўтирган тасвирини ҳатто кўрсатмас эдик. Бу ҳам юқорининг кўрсатмаси орқали бўлар эди. Биз жиловланган эдик, - дейди Турсун Қоратоев.

Аммо, журналистнинг ишонишича, президент танқидига қарамасдан Ўзбекистон давлат телевидениеларида кескин ўзгаришларни кутишга ҳали эрта.

- Биринчидан, шу кўрсатувларни қиладиган журналистларнинг ўзи ҳам қотиб қолди. Юқоридан кўрсатмалар билан йиллар давомида ишлаб келгандан кейин... Энди билмадим. Буни аста-секин, аста-секин бояги йўллар очилиб, мана шунга рухсатлар берилганидан кейин... Энди буни эртагаёқ мана шундай бўлади, деб, мен айта олмайман. Ундай бўлишига кўзимам етмайди, - дея хулоса қилади Турсун Қоратоев.

"Журналистлар қандай ёзиш кераклигини унутиб қўйишди"

Ўзбекистондаги етакчи вебнашрлардан бирининг муҳаррири Озодлик билан ёзишмада хусусий нашрларда, давлатникидан фарқли ўлароқ, рақобат "бироз" кучайганини билдирди.

Унинг ишонишича, бундай вазиятнинг юзага келишига, "давлат органларининг очиқлиги" туртки бўлган

"Ўзгарган энг катта нарса - давлат органларининг очиқлиги. Мен шуни айта оламан. Матбуотда эса кўзга кўринадиган ўзгариш йўқ. Бўлса ҳам, бу ўзгаришлар, ахборот олиш осонлашганига боғлиқ. Сайтлар сони кўпайиши баробарида рақобат бироз кучайди. Кўплаб сайтлар анча жасурлашди. Улар илгарилари тегилмаган мавзуларни ёрита бошлашди," - деб ёзди Ўзбекистондаги етакчи вебсайтлардан бирининг муҳаррири.

У мавзуларни танлаш сайтлар ихтиёрида эса-да, уларни ёритишни журналистлар унутиб қўйишганини тан олди.

"Мен ОАВ ва журналистлар шунча йиллар ичида қандай ёзиш кераклигини унутиб қўйишди. Кўплар ўзни қандай тутиш, қандай саволларни бериш, қандай мавзуларни кўтаришни ҳозирча билишмайди. Кескин саволлар беринглар, деб матбуот анжуманларида ҳам сўралади. Аммо, йиллар давомида кескин саволлар бермасликни уларга ўргатиб қўйишган," - дея хулоса қилади у.

Раҳбарият ўзгариши керак

Тошкентдан таниқли публицист Шароф Убайдуллаевнинг ишонишича, мамлакат матбуотига раҳбарлик қилаётган шахслар ўзгармас экан оммавий ахборот воситаларида ўзгаришлар бўлишига умид қилмаса ҳам бўлади.

- Мирзиёев ОАВ тегирмонини ўзи айлантира олмайди. Бу ерда кадрлар масаласи бор. Матбуот рулида ўтирган одамлар ҳал қилади буни. Ҳамма пешқадам дея илгари саналган гезаталар, журналлар тепасида умуман матбуотга бегона одамлар турибди, - дейди Шароф Убайдуллаев.

Публицист матбуотдаги жорий раҳбарият журналистларнинг эркин ижод қилишига йўл беришмайди, деган фикрда.

- Агар, борингки, уларнинг қўлига яхши ижодкорлар келган тақдирдаям ҳеч қанақа фаолият кўрсата олмайди. Ижодкор ходим бўлмайди, ижодкор редактор бўлади. Ижодкор редактор ишлатади, ўргатади, йўналтиради ва ҳоказо. Ижодкорни, керак бўлса, бўғибам ташлаш редакторнинг қўлида, - дея хулоса қилади Шароф Убайдуллаев.

"Ахборот"ни ёпиб ташлаш керак

Тошкентдан журналист Алимардон Аннаев президент Мирзиёевнинг "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" каналларига нисбатан билдирган танқидий фикрларини "тўғри" дея баҳолади.

- Аллақачон бу нарсани (танқидни) қилиш керак эди. Шавкат Миромоновичнинг тилларига шакар бу гаплари учун. "Ахборот"ни ёпиб ташлаш керак. Бунақанги "Ахборот" керак эмас Ўзбекистонга. Шармандалик бу, 80-йиллардаги "Ахборот" бу. Мен собиқ телевизиончи сифатида айтаяпман бу гапни. Ҳозирги қилаётган ишлар нима бу. Фақат йиғилишни олиб кўрсатишади, фақат ўтирган ақлли башараларни кўрсатишади. На бир танқидий нарса бўлса, на бир таҳлилий нарса бўлса, - дейди Алимардон Аннаев.

У Ўзбекистон матбуотига янги журналистикани олиб кириш вақти етиб келганини илова қилади.

- Янги кучлар, янги фикрловчи, янги доирадаги журналистикани олиб кириш керак. Олдинги устозларимизни ҳисобдан чиқариб юбориш керак, деб айтмоқчи эмасман. Йўқ. Улардан фойдаланиш керак ҳозир, уларни ҳам чақириш керак. Балки уларнинг қанақадир ҳаётий тажрибаси керакдир, - дея ўз фикрига якун ясади Алимардон Аннаев.

XS
SM
MD
LG