Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:24

Бухорода қочқинликдаги акаси ҳақида сўроқ қилинган 18 яшар йигит вафот этди


Ҳибсга олинишидан олдин Камолов Р. ўзи ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган
Ҳибсга олинишидан олдин Камолов Р. ўзи ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган

Ўзбекистонда “ҳизбчилик” ва “экстремизм”да айбланиб Россияда қидирувга берилган қочқин Раҳмиддин Камоловнинг укаси Илҳом ўзбек махфий хизматлари томонидан сўроққа тутилганидан кейин вафот этди ва Бухорода дафн этилди.

Бу ҳақда хабар берган Раҳмидиннинг ҳимоячилари Россия Бош прокуратураси экстрадиция текшируви остида қолаётган ўзбек муҳожирига “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотига аъзолидан ташқари “террорчилик” моддаси қўйилаётганини гапирмоқда.

“Мемориал” ташкилоти Раҳмиддин Камоловнинг ҳимоячиларига ҳам охирги пайтларда жиддий босим кучайганидан хавотир билдирмоқда.

“Уйимда иккинчи маротаба тинтув ўтказишди”

Россия махфий хизмати - ФСБ қамоқда 7 ойдан буён Ўзбекистон сўрови билан экстрадиция текшируви остида қолаётган бухоролик қочқин Раҳмиддин Камоловга янги айбловларни қўймоқда.

Ўзбекистонлик маҳбуснинг ҳимоясини таъминлаётган марказий осиёлик диний ва сиёсий қочқинларга кўмаклашувчи Москвадаги “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев ФСБнинг марказий идораси – Лубянкага чақиртирилиб,Раҳмиддин Камолов масаласида алоҳида сўроқ қилинганини Фейсбук саҳифасида маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда Баҳром Ҳамроев охирги ярим йил ичида ниқоблилар томонидан уйида иккинчи маротаба тинтув ўтказилганини айтиб берди.

- 28 март куни ФСБ ходимлари иккинчи маротаба уйимда тинтув ўтказди. Уларнинг талабларидан шуни англадимки, ФСБ ходимлари Раҳмиддин Камолов ишини охиригача олиб бормаслигимни мақсад қилиб келган. Эрталаб соат 6 да тинтув қилиб, мени ФСБнинг Лубянкадаги биносига таклиф қилишди. Тушунмадим буларни: 35 одам келибди тинтувга! Маскаларда келиб, уйимни ўраб олишди. Ўзларини маданиятли тутгани билан, қўшнилар нима ҳаёлга борган бўлса?! Лубянкада асосан бухоролик Раҳмиддин Камолов ҳақида бўлди. Бу бола менга Москвада ёрдамчи-юрист бўлиб ишлаган. “Ҳизб-ут Таҳрир”ни аъзоси бўлганми-бўлмаганми?”, деб савол бераяпти, деди бундай иддаоларни қатъиян инкор этганини гапирган Баҳром Ҳамроев.

Россиянинг Russia Today телеканалида “ФСБ Поволжье ва Москвада махфий террорчилар гуруҳини фош этди” видеорепортажи пайдо бўлди. Унда “аниқланган террорчилар” қаторида “Мемориал” фаоли Баҳром Ҳамроев уйида ўтказилган тинтув кадрлари намойиш этилганини кўриш мумкин.

(RT канали репортажи)

Бундан бир неча йил олдин Озодлик Раҳмиддин Камолов ҳибсга олинишидан олдин видеоинтервьюсини эълон қилганди.

Унда бухоролик диндор йигит ўзига нисбатан Ўзбекистонда қўйилаётган айбловларни рад этиб, бирор ноқонуний фаолият билан шуғулланмаганини билдирган эди.

Раҳмиддиннинг яқинлари Ўзбекистонда сўроққа тутилмоқда

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев 1 март куни озодликка чиқарилиши керак бўлган ўзбек йигитига нима сабабдан яна ҳибс муҳлати узайтирилгани борасидаги тахминлари билан ўртоқлашди.

У Раҳмиддин иши билан ФСБ қизиқиб қолгани, унга нисбатан “террорчилик” моддалари асосида жиддий айловлар ҳозирланаётгани тўғрисида маълумотлар борлигини айтади. "Ўзбекистонда эса Камоловнинг укалари сўроқ қилинаяпти", дея давом этади ҳуқуқ фаоли.

- Нима сабабдан Раҳмиддин билан бунчалик қизиқиб қолишганини сабабларидан бири, Ўзбекистон айғоқчилари келганида уни ўғирлаб кетиш амалиёти амалга ошмасдан қолди. У кейин экстрадиция текширувидан ўтди. Бу иш нима билан тугаши аён эди ҳаммага: Камолов яқин кунларда чиқиши керак эди. Ўзбекистонда уни 159 модда билан, Россияда 205 модда – “терроризм” билан айблашмоқчи. ФСБ менга берган саволлардан мен унга нисбатан жиддий айбловлар қўйилишини тахмин қилаяпман. Буларни ўғирлаб кетиш икки давлат орасидаги келишув асосида қилинаётганга ўхшайди. Ўтган ҳафтада Раҳмиддиннинг укаси 18 яшар Илҳом Камолов Ўзбекистонда сўроқ қилинибди. Бир кун Бухоро МХХ ертўласида ушлаб турилган ва қўрқитилган болани терговдан чиққанидан кейин шифохонага олиб кетишибди: у ўша ерда жон берибди. Кеча куни, 29 мартда 18 яшар бола дафн этилди. Акаси Раҳмиддин ҳали укаси ўлганини билмайди. Бутун бир оила барбод қилинди, деди Баҳром Ҳамроев.

Озодлик ўз манбаларидан 1999 йилда туғилган Илҳом Камоловнинг 29 март куни дафн этилганини ўз манбаларидан тасдиқлаб олди.

Ҳуқуқ фаоли Ҳамроев шу кунларда Раҳмиддин Камолов “Медведково – 4” тергов изоляторидан “Войковский” изоляторига ўтказилганини ҳам ёмон аломат сифатида кўраётганини билдирди.

Камолов Раҳмиддин: Биз террорист эмасмиз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:47 0:00

30 август куни ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Раҳмиддин Камоловнинг Фейсбук саҳифасида пайдо бўлган хабарида айтилишича, 2 кун олдин Москванинг Пресня суд залидан уни ўғирлашга уриниш бўлгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Муҳожир маҳаллий полиция уни кишанланган ҳолда Ўзбекистондан махсус келган махфий хизмат ходимларига топширганини маълум қилганди.

Раҳмиддин Камоловнинг Москвада рафиқаси ва бир нафар фарзанди борлиги маълум.

“Москва Мирзиёев ташрифи олдидан тозаланмоқда!”

Айни пайтда, Москвадаги “Мемориал” ташкилоти ўз ходимларига ФСБ ва полиция томонидан бўлаётган босим ва қўрқитишлардан ўз норозилигини билдирмоқда.

“Мемориал”нинг Марказий Осиё дастури бўйича мувофиқлаштирувчиси Виталий Пономарёв ҳам ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ва унинг ҳимоясидаги ўзбек қочқини Раҳмиддин Камоловга бўлаётган босимлар ташкилот хавотирини уйғотаётганини билдирди.

Виталий Пономарёв бу ишларни яқин орада уюштирилажак Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи билан бевосита боғлиқлигини иддао қилди.

- Камоловни ўғирлаб кетишларидан бошлаб – ўтган йилнинг августидан, - 7 ойдан буён у экстрадиция текшируви остида қолмоқда. Ҳамроевнинг уйидаги тинтувдан кейин ФСБ уни “Ҳизб-ут Таҳрир”га аъзоликда айбланаётгани маълум бўлиб қолди. Уларнинг бу амалиётлари, хусусан Баҳромнинг уйидаги тинтув, Ўзбекистон раҳбарининг бўлажак сафари билан бевосита боғлиқ, деб ўйлайман. Улар шу тариқа маҳаллий фаолларни қўрқув остига олиб қўймоқчи. Бу тинтувлар – босим усули. Қолаверса, бугунда оддий “зиёрат”, “даъват” сўзлари учун, номаълум экспертлар хулосаси ва номаълум “гувоҳлар” кўрсатмалари асосида ҳар қайси мусулмонни “террорчилик”да айблаш жуда осон бўлиб қолди, деди Виталий Пономарёв.

Виталий Пономарёв билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00
Бевосита линк

“Мемориал” вакили Россияда охирги йилларда қабул қилинган “аксилтеррорчилик ва аксилэкстремистик” қонунчилик кўплаб жиноий ишларнинг сохталаштирилишига олиб келаётганини хулоса қилди.

Бундан олдинроқ Озодлик бир гуруҳ бухоролик ёшлар Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан сохта айбловлар билан жавобгарликка тортилгани ҳақида эфирга лавҳа узатган эди.

Унда бухоролик Раҳмиддин Камолов Озодликка берган видеоинтервьюсида ўзи ва намозхон бўлган бошқа яқинларига куч ишлатар тизимлар томонидан бўлаётган босимлар тўғрисида сўзлаб берган эди.

Ҳимоячилар Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари охирги йилларда сохта айбловлар билан юзлаб меҳнат муҳожирлари, айниқса намозхонларни таъқиб остига олганини эътироф қилмоқда. Озодлик ҳам сўнгги бир неча йил ичида Россиянинг турли минтақаларидан олиб чиқиб кетилган ўнлаб қочқинлар тўғрисида гапириб келмоқда.

XS
SM
MD
LG