Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Кореяда ишлашни истаган ўзбекистонликлардан Ҳалима энанинг алласини ким ёзгани сўралди


Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ўтказилган он-лайн тестдаги саволлардан бири.
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан ўтказилган он-лайн тестдаги саволлардан бири.

“Ўзбекистон Республикаси ҳамда Гана Республикаси билан ўзаро муносабатлар ўрнатилган кунни аниқланг”. 1 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Жанубий Кореяда ишлаш истагини билдириб рўйхатдан ўтганларнинг корейс тилидан билимларини синаш учун ўтказилган дастлабки онлайн тест - синовда шу ва шунга ўхшаш саволлар берилди.

Расман “Корейс тили бўйича тест саволлар” деб номланган имтиҳонда Ўзбекистон тарихи, жаҳон тарихи, адабиёт, география, ҳуқуқшунослик ва аниқ фанлардан саволлар ўзбек тилида, жавоб вариантлари корейс тилида берилган.

Тестда 1934 йилда Тунисда тузилган “Янги дастур” партияси раҳбари қандай касб эгаси бўлгани, мўғул хони Хитойда қачон қайси сулолага асос солгани, қатор бадиий китобларнинг муаллифлари, жумладан, "Ҳалима энам аллалари" шеърий тўплами муаллифига оид саволлар сўралган.

Онлайн тестнинг бу тарзда ўтказилиши Жанубий Кореяда ишлаш истагидаги кўплаб одамларнинг норозилигига сабаб бўлади.

“Менимча, бу тестдан ўтган одам энди имтиҳон топширмасдан тўғри Кореянинг исталган университетларидан бирига кирса бўлаверади. Аслида бу имтиҳонлар меҳнат биржаси учун эмасга ўхшайди”, деб ёзади Озодликнинг Telegram саҳифасига муштарийлардан бири.

Муштарийларнинг айримлари корейс тилидан синовда айнан шу соҳа мутахассиси бўлмаган “олий маълумотли одамлар ҳам жавоб беришга қийналадиган” бу каби саволларнинг берилишини “коррупция ҳолати” сифатида баҳоламоқда.

“Бирорта инсон ўтолмайдиган бу тестлардан асосий кўзланган мақсадни кўпчилик тушуниб ҳам улгурган бўлса керак. Ватанимизда коррупцияга қарши кескин қонун ва чора-табдирлар кўриб ва ишлаб чиқилаётган бир пайтда Меҳнат вазирлиги 100 фоиз порахўрликка қўл урган кўринади. Бу қандай сиёсат? Порасиз мен ақллиман деган одамни ҳам йўқотадиган бу тест ўйинида, айтингларчи, ким энди порасиз кета олади??? Бунга ишонувчилар борми?”, деб ёзади Озодликка яна бир муштарий.

Ўзини “Нотаниш”, деб таништирган ўзбекистонликлардан бири Озодликнинг Telegram саҳифасида: “Ташқи меҳнат миграция ходимлари Кореяга кетувчи мигрантларни ўзлари танлаб соққа қилмоқчими? Онлайн тест саволини корес тилида берилиши керак эди, лекин тескариси бўлдику, ҳаммаси ўзбек тилида, аксига олиб жавоби номаълум саволлар, яъни "23 ёшгача бўлган ёшларни ўлим даражаси қанақа?" Шу ҳам саволми?”- деб ўз норозилигини билдирган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўткизган тест ўзбек матбуотида ҳам кескин танқид қилинди.

Жумладан, Kun.uz сайти: "Қоидага кўра, корейс тилидан билим даражани аниқлаш учун корейс тилидан савол-жавоб бўлиши керак бўлган ўринда, ўзбек тилида тарих, адабиёт, она тили, кимё, физика, ҳуқуқ, география, биология каби фанлардан бир-биридан мураккаб, бир-биридан мантиқсиз ва кулгили, чала-ярим саволлар берила бошланган", - деб ёзди.

Айни пайтда Kun.uz сайтига Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг исми айтилмаган расмийси “Ўзбекистон Республикаси ҳамда Гана Республикаси билан ўзаро муносабатлар ўрнатилган кунни аниқланг” қабилидаги ўзбек тили стилистикаси қоидаларига жавоб бермайдиган саволларни ким тузиб берганини айта олмаган.

Бироқ расмий агентлик позициясини ҳимоя қилар экан: “Биз ахир у ерга омиларни жўнатмаймизку? Ўзингиз ҳам тушунасиз. Ахир биз Кореяга қора ишга юбормаймиз. У ерда замонавий технологиялар ва замонавий ишлаб чиқариш. Биз жўнатадиган ишчилар заводларга боришади ва малака ошириб, юртимизга қайтишганидан кейин тажрибаларини шу ерда қўллашади”, деб билдирган.

XS
SM
MD
LG