Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:41

Нега ўзбек клублари жароҳат олган футболчиларни ўз ҳолига ташлаб қўйишади?


Сарлавҳадаги саволнинг ўртага чиқишига Ўзбекистондаги футбол жамоатчилиги оғир хасталикка чалинган булунғурлик футболчи Сирожиддин Сайфиевга хайрия кўмагини бериш учун махсус тадбирлар бошлагани сабаб бўлди.

Апрель ойининг илк кунларида дастлаб Championat.Asia нашри “Динамо” (Самарқанд) клубининг собиқ футболчисига ёрдам кўрсатиш учун #taslimbolmasiroj тадбирига қўл уриб, кўнгиллиларни ҳайрия кўмагига чорлашни бошлади.

Кейинчалик бу хайрияга Тошкентнинг “Локомотив” клуби #bizsenbilansiroj деган тадбир билан қўшилди.

Сирожиддин Сайфиевга бағишланган акция баннери.
Сирожиддин Сайфиевга бағишланган акция баннери.

Сўнгра “Насаф”, “Нефтчи”, “Қўқон-1912”, “Сўғдиёна”, “Обод”, “Олмалиқ”, “Бухоро” клублари ҳам мазкур ташаббусни қувватлаб чиқишди.

Бундан ташқари, Санжар Шоаҳмедов, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Акмал Шораҳмедов, Камолиддин Мурзоев каби футболчилар ва Жаъфар Ирисметов, Бахтиёр Ашурматов каби мураббийлар ҳам Сирожиддин Сайфиевга ёрдам бериш тадбирига қўшилганликларини билдиришди.

Шу тариқа Ўзбекистондаги футбол жамоатчилигининг диққати Сирожиддин Сайфиевга қаратилди.

Унинг охирги йиллардги тақдири ўрганилганда ўзбек футболида илдиз отган жуда кўп муаммолар, биринчи навбатда, клублар жароҳат олган футболчиларнинг тақдирларига бефарқлиги ҳамда футболчиларнинг клублар олдидаги ҳимоясизлиги ва чорасизлиги каби иллатлар яна тилга олина бошланди.

Ушбу муаммоларга “Динамо”нинг собиқ футболчиси Сирожиддин Сайфиев тақдири мисолида ўрганилганда аянчли манзара вужудга келди. 2015 йилнинг 24 октябрь куни Олий лиганинг 24-турида Тошкентда ўтказилган “Локомотив”-“Динамо” учрашуви Сирожиддин Сайфиев фаолиятидаги охирги расмий ўйин бўлди. Ўйиннинг 84-дақиқасида футболчи оёғидан оғир жароҳат олиб, профессионал футболдаги фаолиятини тугатишга мажбур бўлди.

Ўша куни футболчи тез тиббий ёрдам машинасида Травматология ва ортопедия республика илмий текшириш институтига олиб кетилган. Қизиғи шунда-ки, мазкур учрашувдан кейин “Динамо” клуби мураббийлари ва раҳбарлари Сирожиддин Сайфиевнинг ҳолидан хабар олмасдан, Самарқанджага жўнаб юборишган.

Бу ҳам етмагандек, клуб раҳбарияти ўша куниёқ Сирожиддин Сайфиев билан тузилган шартномани бекор қилган.

“Травматалогия институтида операцияни тўрт соат кутишга мажбур бўлдим. Ёнимда жамоадошларимдан фақат Зайниддин Тожиев далда бўлиб турди. Яхшиям-ки, Зайниддин ака бор экан, акс ҳолда чўнтагимдаги 10 минг сўмга на дори-дармон ва на овқат ола олар эдим” – дея сўзлаб берган Сирожиддин Сайфиев самарқандлик журналистларга.

Собиқ футболчининг айтишича, ўша оғир дамларда унга “Насаф” жамоасининг туркманистонлик футболчиси Артур Геворкян ҳам молиявий томондан катта ёрдам берган.

“Динамо” клуби раҳбарияти эса Сирожиддин Сайфиевга ёрдамлашиш у ёқда турсин, шу кунгача унинг ойлик ва мукофот пулларини бермаган. Самарқандлик блоггер Фарҳод Норбўтаевнинг ёзишича, “Динамо” клуби Сирожиддин Сайфиевга тўлаши лоим бўлган 60 миллион сўмлик маош ва мукофотларини ҳали ҳам тўламаган.

Ўзига тегишли пулларни ундириш учун Сирожиддин Сайфиев Булунғурдан Самарқандга икки йил қатнаган, лекин “Динамо” раҳбарияти футболчи олдидаги қарзини ҳанузгача қайтармаган.

Футболчи Ўзбекситон профессионал футбол лигаси директори Фарҳод Магометов ва Футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновга мурожаат қилиб ҳам пулларини ундира олмаган.

Икки йил ичида футболчи аввал ўпка, кейин мия саратонига чалинган. Шу сабабдан у айни пайтда ўта оғир аҳволда қолмоқда.

“Динамо” клубининг Сирожиддин Сайфиев олдидаги қарзлари (футболчининг ўзи ёзган қоғозча).
“Динамо” клубининг Сирожиддин Сайфиев олдидаги қарзлари (футболчининг ўзи ёзган қоғозча).

Самарқандлик футбол журналисти ва блоггер Фарҳод Норбўтаевнинг ёзишича, “Динамо”даги молиявий фирибгарликлар ҳақида матбуотда ва интернетда жуда кўп танқидий мақолалар берилди.

Лекин шунга қарамасдан, ҳуқуқшунос Ш. Ҳотамов, вице-президент Ф. Каримов, спорт директори Р. Истамовлар ҳали-ҳамон “Динамо”да соғ-омон ишлаб келишмоқда. “Афсуски, бугун футболчиларни алдаб орттирган пуллар эвазига унинг исига тура олмайдиган бўлиб қолганлар ЎФФни, ЎзПФЛни ва ҳомийларни алдаган ҳолда ҳамон клубни бошқариб юришибди. Бироқ, «Динамо» клуби учун жонини берган футболчи эса минг бир азобда”, - деб ёзади Фарҳод Норбўтаев.

Мазкур мақоланинг сарлавҳасидаги савол билан ўзбекистонлик Бобомурод Абдуллага мурожаат қилганимизда, футбол журналисти бундай воқеалар Ўзбекистоннинг ҳар бир клубида ҳар йил учрашини, мазкур иллатнинг илдизлари миллий футбол тизимига, у ердаги адолатсиз менеджмент, ЎФФ ва ЎзПФЛ каби идораларнинг футболчилар ва умуман ўзбек футболининг тақдирига бефарқлигига бориб тақалишини айтиб ўтди.

“Мисол учун, мен 2099-2010 йилларда “Хоразм” жамоасида ишлаганимда ҳимоячилар Шерзод Шарипов ва Александр Ежовлар ҳам оғир жароҳат олиб, сафдан чиқишган эди. Ўшанда “Хоразм” раҳбар ва мураббийлари ҳам бу футболчиларни ўз ҳолига ташлаб қўйишган эди. Аслида, ФИФА ва ОФК каби футбол ташкилотлари ҳамда ЎФФ ва ЎзПФЛ каби идораларнинг регламентларига кўра, аввалги йилларда футболчилардан қарзи бор клублар кейинги йили чемпионат ўйинларига қўйилмаслиги керак.

Лекин Сирожиддин Сайфиев каби футболчиларнинг тақдиридан ҳам маълум-ки, Мираброр Усмонов ва Фарҳод Магометов бошқараётган ташкилотлар бу талабларни усталик билан четлаб ўтмоқдалар. Шунинг учун Ўзбекистондаги футболчиларнинг касаба уюшмалари томонидан ҳимояланиши ҳақида ҳали гапириш эрта”, - дейди мустақил журналист Бобомурод Абдулла.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда аксарият хомийлар клубларга ҳокимларнинг “илтимослари”дан кейин ихтиёрий-зўраки равишда пул ажратиши ҳам шу каби муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. “Клубга ҳокимнинг талаби билан ҳомий бўлган корхоналар хомийлик маблағлари қайси мақсдаларга ва қандай ишлатилгани билан кўпинча қизиқишмайди. Агар ҳомийлар қизиқишганида, масалан, “Динамо”да текширув ўтказиб, Сирожиддин Сайфиевнинг маош ва мукофотлари нега берилмаганини аниқлашар ва тегишли чораларни кўришар эди” – дейди “Бобомурод Абдулла.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги футбол клублари “жароҳат олган футболчи клубга керак эмас” – деган тамойилда ишлаётганига ҳали кўп гувоҳ бўлиш мумкин экан.

XS
SM
MD
LG