Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:19

Ходимига кучи етмаган ҳоким уни ҳамшаҳарларига калтаклатди


Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалгани айтилади
Ўзбекистонда ҳокимларнинг давлат идоралари ходимларини калтаклаши кенг тарқалгани айтилади

Андижон вилояти Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров йиғилишда Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Улуғбек Фармоновни ҳақорат қилиб, ўз ходимларига калтаклатган. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ҳақорати учун ходимидан жавоб ҳақорат эшитган ҳоким мулозим ҳамшаҳарларини ёрдамга чақирган.

Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров 7 апрель куни ҳокимлик биносида ўтказилган йиғилишда Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғини ҳақорат қилиб калтаклагани ҳақида шу йиғилишда иштирок этган, давлат корхоналаридан бирида ишлайдиган мулозим Озодликка хабар берди:

“Мажлисда ҳоким кадастр бошлиғи Улуғбек Фармоновни ва пилла корхонаси бошлиғини турғазиб қанча тут плантациялари борлигини сўради. Пилла бошлиғи 16 та деди, кадастр бошлиғи 18 та деди. Ҳоким кадастр бошлиғига қараб, “сен итдан бўлган, нега ёлғон айтасан”, деб сўкди. Улуғбек ҳам “сен ўзинг итдан бўлган, бизнинг ҳисобимизда 18та”, деб жавоб қайтарди-да, мажлисдан чиқиб кетди”, дейди мулозим.

Унинг айтишича, бундай жавобни кутмаган ҳоким тутақиб кетган ва кадастр бошлиғини орқасидан қувиб чиққан:

“Ҳоким туман милицияси бошлиғи ва прокурорни чақириб Улуғбекни ҳибсга олишни буюрди, лекин улар ноқонуний буйруқни бажаришдан бош тортди. Шунда ҳоким ўзи ҳокимликка ишга олиб келган марҳаматлик ҳамшаҳарларини чақирди ва кўплашиб, Улуғбекни ура бошлашди. Шунда кимдир, бўзликларни уряпти, ур, ур деб бақирди. Кейин бўзликлар марҳаматлик мулозимларни уриб кетди. Хуллас, милиция ходимлари зўрға ажратиб олишди”, деди мулозим.

Исми сир қолишини сўраган Бўз тумани ҳокимлигининг мулозимларидан бири, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳоким ва унинг ёрдамчилари Улуғбекнинг ортидан чиқиб уни ураётганда мажлисда ўтирган бир директор аёл “ҳой бўзликлар, эркакмисан, тур ўрнингдан, чиқ уни ҳимоя қилинглар”, деб бақирди. Шундан сўнг, кўпчилик чиқиб, Улуғбекни уларнинг қўлидан қутқариб олишди”, деди мулозим.

Мулозимнинг айтишича, Абдурашид Мамиров туманга ҳоким бўлганига икки ой бўлганига қарамай, ўз ҳамшаҳарларини раҳбарлик лавозимларига ишга жойлаяпти:

“Ҳокимлик бўлимларига уч ҳамшаҳарини олиб келиб ишга қўйди, солиқ инспекцияси бошлиғи ҳам марҳаматлик. Аста-секин маҳаллий кадларни ишдан сиқиб чиқаряпти. Улуғбекни калтаклашда қатнашганлар ҳам ҳокимликдаги мулозимлар эди”, деди исми сир қолишини сўраган ҳокимлик мулозими.

Бўз тумани ҳокимининг ёрдамчиси бундай воқеа бўлганидан хабари йўқлигини Озодликка айтди.

Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров бундан аввал Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Исми сир қолишини сўраган бўзлик ўқитувчининг айтишича, ҳоким маданиятсизлиги ва сўконғичлиги билан ном чиқарган:

“Кеча эрталаб Бўзга кириб келиш йўлида янги қурилаётган намунавий уйлар олдида анча мактаб директорлари ва бошқа хизматчиларни тўплаб олиб, уларга бақираётганига ўзим гувоҳ бўлдим. “Шанбаликка одам чиқармадинг, кечгача шу ишларни тугатасан, итдан тарқаганлар, қанжиқлар, деб дўқ қиляпти. Ёқамни ушлаб қолдим. Шу одам шунча йил таълим ва тарбия бошқармасига қандай раҳбарлик қилганига ҳайрон қолдим. Ҳалиям ўзимга келганим йўқ”, деди бўзлик ўқитувчи.

Муштумзўр ва сўконғич ҳокимлар

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши мунтазам кузатилади.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи ўтган йилнинг 14 ноябрь куни, Фурқат туманида фермерлик қилаётган 70 яшар ногирон фермер Очил Бегматовни таклиф қилган, аммо мажлис бошланишидан аввал уни сенсираб мажлисдан ҳайдаб чиқарган эди.

Ўтган йилнинг июль ойида Фарғонада ўтказилган йиғилишда Шуҳрат Ғаниев врач ва аптекачиларни “... еган ҳайвонлар”га тенглаштириб, ҳақорат қилганэди.

2014 йилнинг сентябрь ойида эса Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев дўконлари бузилишига қарши чиққан тадбиркорларни “пешонангдан отаман” деб дағдаға қилган эди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев 19 октябрь куни эрталаб 8-мактабнинг маънавият бўйича директор ўринбосари, 36 яшар Шуҳрат Шоймардоновни фермерларнинг олдида дўппослади.

Жумладан, бундан уч йил муқаддам Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани ҳокими фермерни кам пахта топширганликда айблаб, онасини сўккан, калтаклаб-бўққан эди. Калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига келган-да “мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг) энаси бўлади, шуни сўкканмидинг, мана олиб келдим, қўлингдан келса “қил” деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган.

2011 йилнинг сентябрида айнан Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

2013 йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

XS
SM
MD
LG