Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Фарғонада 2 асрлик масжид мебел цехига айлантирилди (видео)


Данғарада устахонага айлантирилган эски масжиднинг пештоқи
Данғарада устахонага айлантирилган эски масжиднинг пештоқи

Фарғона вилояти Данғара туманидаги "Кичик бойбуча" қишлоғида жойлашган икки асрлик масжидда мебел ишлаб чиқариш цехига айлантирилди. Озодликка маълум бўлишича, 150дан ортиқ хонадон истиқомат қиладиган қишлоқдаги ягона масжид ўта абгор ҳолга келган, қишлоқ аҳли эса намоз учун 10-15 километр йўл босиб, қўшни қишлоқ масжидларига қатнашга мажбур бўлмоқда.

"Кичик бойбуча" қишлоғи яшовчисининг Озодликка ёзишича, Данғара туман ҳокимлиги 2010 йилдан буён ёпиқ турган масжидни маҳаллий тадбиркорлардан бирига турар-жой сифатида расмийлаштириб берган.

"Шу 2010 йилда охирги марта Ҳайит намози ўқилганидан кейин масжидни ёпиб қўйишди. Дарвозаси печатланганича ётган эди, яқинда шуни маҳалламиздаги бир ёшгина мебелчи болага уй-жой қилиб, ўтказиб беришди. Ҳозир ичида чангитиб, устахона ишлаб ётибди. Бўлмаса, камида 200 йиллик тарихи бўлган қадимий масжид бу", деди у Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

"Кичик бойбуча" қишлоғидаги Мулкобод маҳалла фуқаролар йиғинининг исмини ошкор қилмаётганимиз фаолларидан бири буни тасдиқлади.

У масжид, Данғара тумани ҳокимияти буйруғи асосида, қишлоқда яшайдиган 26 яшар тадбиркорга берилганини айтди.

"Ҳокимиятнинг буйруғи билан бўлган. Ноқонуний иш йўқ бу ерда. Энди эски масжидлиги рост. Менинг ёшим 60га яқинлаган бўлса, оталаримиз айтишарди: "Ёшилигимиздан бери бор бу масжид, қачон қурилганини билмаймиз", деб", деди Мулкобод маҳалла фуқаролар йиғини аъзоси.

Данғара туманида истиқомат қиладиган пенсионер Ҳакимжон аканинг айтишича, шу кунда уй-рўзғор жиҳозлари ишлаб чиқарилаётган бу масжид - қишлоқдаги ягона масжиддир.

"Намоз ўқиларди бу масжидда. Лекин Тошкентда динни ниқоб қилган душманлар портлаш қилганини касофатига масжидлар ёпилиб кетди-да. Ҳозир ҳамма 10-15 километр йўл босиб, район марказига ёки бошқа рўйхатдан ўтган масжидларга қатнаяпти. Эҳтиёж бор албатта, лекин бу масжидни оч, десангиз, дарров ёмон кўринасиз-да, сиёсатга қарши чиққандай бўлиб", дея очиқ тан олди данғаралик пенсионер.

Данғара тумани ҳокимлиги расмийси "Кичик бойбуча" қишлоғидаги масжид маҳаллий тадбиркорга ўтказиб берилганини тасдиқлади.

Ўзини таништиришни истамаган расмийга кўра, бўш ётган масжидлар сўнгги бир неча йилдан бери ҳудуддаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ўтказиб берилмоқда.

Аммо: "150 тадан ортиқ хонадон истиқомат қиладиган қишлоқдаги ягона, муҳими, камида икки асрлик тарихга бўлган масжидни устахонага айлантириш ўрнига аҳолига очиб берса, бўлмасдими?" деган саволга Данғара тумани ҳокимлиги ва "Мулкобод" маҳалла фуқаролар йиғини расмийсидан ҳам жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Данғаралик Ҳакимжон аканинг айтишича, туманда 30дан ортиқ масжид бор ва буларнинг камида 10таси 150-200 йиллик тарихга эга бўлган қадимий масжиддир.

Аксар масжидлар, хусусан, "Кичик бойбуча" қишлоғидаги масжиднинг ҳам ўз номи йўқ, булар аҳоли орасида қишлоқ номи билан ёки "Жоме масжиди" деб юритилади.

"Мен отамнинг отасидан эшитган эдим - шу масжидлар 1937-38 йиллардаги очлик пайтларда талон-тарож бўлган, пештоқларидаги нақшли кошинлари, яна бир нарсаларини олиб кетиб қолишган эди, деб айтганди. Охирги марта 1981 йилда таъмирланганда, мен ҳам қатнашган эдим", деди Мулкобод маҳалла фуқаролар йиғини аъзоси.

Ҳакимжон аканинг айтишича, ҳозир бу қишлоққа қўшни "Катта бойбуча" қишлоғидаги қарийб 200 йиллик яна бир масжид ҳам бир оилага уй қилиб берилган.

Фарғона водийси аҳолининг диндорлик даражаси бошқа вилоятларга нисбатан бироз баланд бўлган ҳудуддир ва аксар қишлоқлардаги масжидлар эски, қадимий масжидлардир.

Ўзбекистонда 1998 йилда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши ортидан мамлакатдаги масжидлар қайтадан рўйхатдан ўтказила бошлади.

Янги тартибга биноан масжидни қайта очишни истаган намозхонлар жамоасидан 20дан ортиқ ҳужжат талаб қилинади.

Камида 100 кишининг имзоси, ҳокимликдан рухсатнома, ташаббусчи гуруҳ ва таъсисчининг даромад манбаи, вилоят ҳокимлигидан гувоҳнома, архитектура бошқармасидан маълумотнома, Санэпидемстанциядан маълумотнома, Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан хулоса каби ҳужжатлар шулар жумласидандир.

1998 йилга қадар мамлакатда расман рўйхатдан ўтган масжидлар сони 7 мингдан ошар эди.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир республикада давлат рўйхатидан ўтиб ишлаётган 2050 дан ортиқ масжид бор.

Энг кўп масжид аҳолиси 3 миллиондан ортиқ бўлган Самарқанд вилоятида 290 га яқин.

2 ярим миллиондан ошиқ аҳолиси бўлган Тошкент вилоятида 230 га яқин масжид бор.

Масжиди кўп бўлган учинчи вилоят з миллион одам яшайдиган Фарғона вилояти – 200 га яқин масжид бор.

Жами аҳолиси 6 миллионга яқин бўлган Андижон ва Наманган вилоятларида қарийб 200 тадан масжид бор.

Аммо, Фарғона водийсида 2010 йилдан бери маҳалла масжидлари сони қисқариб бормоқда. Рўйхатга олинган 2050 га яқин масжиднинг аксарияти камида 1 минг ёки – 5 мингдан 6 мингга қадар жамоат йиғиладиган жомеъ масжидларидир.

XS
SM
MD
LG